Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди. Бу маълумотни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги тасдиқлади.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ расмийлари Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди. Жумладан, қуролланган арман гуруҳлари тарқатиб юборилади. 21 сентябрдан эса Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Озарбайжон ҳукумати вакиллари билан Қорабоғнинг арман жамоасини интеграциялашуви юзасидан музокаралар бошланади. Бу эса келажакда Тоғли Қорабоғнинг барча ҳудуди Баку назоратига ўтишини англатиши мумкин.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
20 сентябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, кейин Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилгани билдирилди. Суҳбат чоғида Алиев Озарбайжон шартлари бажарилса, Қорабоғдаги “аксилтеррор амалиёт тўхтатилиши”ни айтган.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.