Ереванда 22 сентябрь куни ҳам давом этган намойишларда иштирок этганлардан 80 нафари полиция томонидан қўлга олинди. Норозилар бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Намойиш иштирокчилари мансабдорлар ва депутатлар фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида Ҳукумат уйига кириш йўлларини тўсиб қўйишга ҳаракат қилган.
Қўлга олинганлар орасида Арманистоннинг иккинчи президенти Роберт Кочеряннинг ўғли Левон Кочарян ҳам бор. У қўлга олиш пайтида полициячилар томонидан калтакланган ва касалхонага олиб кетилган. Шунингдек, норозилар лидерларидан бири, собиқ мухолифатчи депутат Андраник Теванян ҳам ушланган. У кўп ўтмасдан озод қилинди.
Ереванда намойишлар тўрт кундан бери давом этмоқда. Намойишлар Арманистон ҳукумати Озарбайжон шартлари асосида Тоғли Қорабоғда оташкесим битимига рози бўлгани ортидан бошланган эди. Боку шартларига асосан, Тоғли Қорабоғ тўлиғича Озарбайжон назорати остига ўтади.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатида бўлиб келган. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтаришга муваффақ бўлганди.