Франция Сенати Озарбайжонга қарши санкция жорий этишга чақирди

Резолюцияни парламентнинг 295 депутати қўллади, 1 депутат қарши овоз берди.

Франция Сенати Озарбайжонни Арманистонга ва Тоғли Қорабоққа ҳужум қилганликда айблаб, Парижни Бокуга нисбатан санкциялар жорий этишга чақирди. Бу борадаги резолюцияни парламентнинг 295 депутати қўллади, 1 депутат қарши овоз берди.

Резолюцияда Озарбайжон сентябрь ойида «Арманистон суверен ҳудудига даҳл қилгани» иддао қилинади ва Боку «ўз қўшинларини Арманистон олиб чиқишга» чақирилди.

Франциядаги Озарбайжон жамоати Франция Сенати резолюциясига норозилик сифатида намойиш ўтказди.

Озарбайжон парламентининг мудофаа, хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси Зияфет Аскеров Франция парламенти қарорига муносабат билдирар экан, уни “бир томонлама арманпарастлик билан қабул қилинган ҳужжат” ўлароқ изоҳлади. Унга кўра, Франция парламенти резолюцияси “халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Озарбайжоннинг ҳудудий яҳлитлигини ҳурмат қилмасликнинг энг ёрқин намунасидир”.

30 октябрь куни ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ маркази бўлган Степанакертда мустақиллик талаби билан митинг ўтказилди. Айни пайтда маҳаллий парламент минтақани Озарбайжонга қўшиш ҳаракатларига йўл қўймасликка оид баёнотни имзолади.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990- йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар 2020 йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган.