Azerbaijan Airlines (AZAL) авиаширкати “Украина дронлари ҳужумлари чоғида Қозон узра ҳаво ҳудуди мунтазам равишда ёпилаётгани” туфайли Бокудан Қозонга авиақатновларни тўхтатади. Авиаширкат вакиллари мазкур қарорни Татаристон пойтахтига парвозлар хавфсизлигини таъминлаш имконсизлиги билан изоҳлашган.
Аввалроқ AZAL худди шундай сабабга кўра Сочи, Грозний, Маҳачқалъа, Минеральние Води, Владикавказ, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Уфа ва Волгоград билан авиаалоқани тўхтатиб қўйган эди. Бокудан Москвага рейслар ҳозирча тўхтатилгани йўқ.
Ўтган йилнинг 25 декабрида Azerbaijan Airlines авиаширкатининг Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушган эди. Авиаҳалокат чоғида 38 киши қурбон бўлган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев авария учун масъулиятни “Россия Федерацияси вакиллари”га юклаб, Россиядан айбдорларни жазолаш ва расман узр сўрашни талаб қилган.
Авиаҳалокат тергови ҳали тугагани йўқ, бироқ, аксар экспертлар фикрича, унга Грозний осмони узра зенит ракетаси унсурларидан етган шикаст сабаб бўлиши мумкин. Ўша пайтда, иддаога кўра, Чеченистон пойтахтига дронлар ҳужум қилаётган бўлиб, ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турган эди.
Россия расмийлари авиаҳалокат сабаблари ҳамда содир бўлган воқеага жавобгар эканлари ҳақида расмий баёнот беришган эмас. Владимир Путин Алиевдан учоқ билан боғлиқ нохуш ҳолат Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учунгина узр сўраган.