Озарбайжон Россия Давлат думаси депутати, собиқ боксчи Николай Валуевни “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар взаирлиги билдирди.
Бунга Озарбайжон “Россотрудничество” фаолиятини тўхтатиб, унинг Бокудаги ваколатхонаси - “Рус уйи”ни (“Русский дом”) ёпганидан кейин Валуев томонидан билдирилган кескин фикрлар сабаб бўлган.
“Рус уйи” ёпилгани ортидан Валуев Россиядаги озарбайжон диаспорасини тугатиш, унинг вакиллари бизнеси ва мол-мулкини тортиб олиш, виза тартиби жорий қилиш ва Россияда яшовчи озарбайжонлик фуқароларни депортация қилишга чақирган эди
Озарбайжон ТИВ Валуевнинг бу гапларини таҳқирли ва мутлақо номақбул, деб атаган. Унинг исми Озарбайжонга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган. Мазкур рўйхатга Валуевдан аввал унинг Давлат думасидаги ҳамкасблари бўлмиш Константин Затулин ва Виталий Милоновлар киритилган эди. Уларнинг ҳаммаси Россия парламенти қуйи палатасида “Единая Россия” ҳукмрон партиясини тамсил этишади.
Валуев “Газета.ру” нашрига берган интервьюсида Боку қарори уни ҳайрон қолдиргани ва тақиқ сабаблари ўзи учун тушунарсиз эканини, бироқ у бундан хафа эмаслигини билдирган.
Озарбайжон ТИВ 3 февраль куни Москвани мамлакатда “Россотрудничество” фаолияти тўхтатилгани ва унинг ваколатхонаси - “Рус уйи” информацион-маданий маркази ёпилгани ҳақида хабардор қилган эди. Бунга расмий сабаб ўлароқ “Рус уйи” гўё “юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган”и ва “ташкилот Озарбайжон қонунчилигини жиддий бузган”и айтилган.
Аввалроқ Озарбайжон расмийлари назорати остида бўлган Baku.tv Озарбайжондаги “Рус уйи” фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаган. Лавҳада “Рус уйи” ходимлари феълан дўст бўлмаган, ҳатто жосуслик фаолиятида айбланган.
Мазкур репортаж “Озарбайжон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб ёйинланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев фожиага Россия алоқадорлигини билдириб, учоқ Грознийга қўнишга уринган пайтда у ерда Россия ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турганини қайд этган. Алиев Россия расмийлари содир бўлган воқеа учун масъулиятни ўз зиммаларига олмаганини танқид қилган.