Озарбайжонда суд мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан фаол Бахтиёр Ҳажиевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати хабар қилди. Фаол 2022 йилнинг 9 декабрида қўлга олинган ва ўшандан буён ҳибсхона тутиб келинган.
Ҳажиев ноқонуний тадбиркорлик, контрабанда, сохта ҳужжатлардан фойдаланганлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкни машруълаштирганликда айблаган.
Суддаги сўнгги сўзида Бахтиёр Ҳажиев ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини асоссиз деб билиши, ўзи эса сиёсий сабабларга кўра таъқибга учраганини билдирган. Фаолга кўра, унинг мобил телефонига Pegasus жосуслик дастури ўрнатилган, натижада унинг шахсий маълумотлари куч ишлатар тузилмалар ходимлари қўлига тушган.
Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш маркази (OCCRP) томонидан 2021 йил июлида ёйинланган суриштирувда Озарбайжон расмийлари журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар телефонига кириш учун Исроилнинг NSO Group ширкати ишлаб чиққан Pegasus жосуслик дастуридан фойдалангани ҳақида айтилган эди. 245 та рақамнинг бешдан бир қисми медиаширкатлар мухбирлари, муҳаррирлари ва эгаларига, хусусан, Meydan TV, Озодликнинг озарбайжон хизмати, Azadliq.info журналистларига, Strateq.az, Khural, Musavat нашрлари бош муҳаррирларига ҳамда 13-канал асосчиси ва директорига тегишли бўлган.
Журналистлардан ташқари OCCRP рўйхатда озарбайжонлик 40 дан зиёд фаол ва уларнинг оила аъзоларига тегишли рақамларни аниқлаган. Улар рақамлар рўйхатида 2019 йилда − мамлакатда оммавий норозилик чиқишлари авж олган пайтда пайдо бўлган.
Озарбайжонда расмийларни танқид қилган шахсларга тез-тез солиқ тўламаганлик ёки товламачилик сингари иқтисодий моддалар бўйича айбловлар эълон қилиб турилади.