Озарбайжонда ҳукмрон партия Илҳом Алиевни президентликка номзод ўлароқ кўрсатди

Озарбайжоннинг амалдаги президенти Илҳом Алиев

Yeni Azərbaycan ҳукмрон партияси кейинги йил февралида Озарбайжонда ўтказалажак президент сайловига амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиевни номзод ўлароқ кўрсатган. Бу ҳақда партия раисининг ўринбосари Таир Будагов маълум қилди.

“2024 йил 7 февралида бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловига Yeni Azərbaycan ҳукмрон партиясининг номзоди Илҳом Алиев бўлади. Партия раёсати навбатдан ташқари президент сайлови муносабати билан тадбирлар режасини қайта ишлаб чиқиш ниятида. Мажлис вақти яқин кунларда эълон қилинади”, деган у.

АПА агентлиги хабарига кўра, Будагов яна: “Узоқ йиллардан бери ҳамма Қорабоғни ким озод қилса, ўша киши бизнинг абадий президентимиз бўлади, деб келган. Илҳом Алиев ўзининг 20 йиллик сиёсати, Озарбайжон халқига хизмати, ишғол қилинган ҳудудларни озод қилгани билан бу лавозимни эгаллашга ҳақ қозонди, деб ўйлайман. Озарбайжонлик ҳар бир ватанпарвар шу нуқтаи назарда. (Партия) раёсати мажлисида ҳам ҳар бир киши ўз фикрини айтади”, дея билдирган.

Озарбайжонда кейинги йилда навбатдан ташқари президент сайлови ўтказилиши қарорини Илҳом Алиев 7 декабрь куни эълон қилган. Бу мамлакатда навбатдаги президент сайлови аслида 2025 йили ўтказилиши керак эди.

Озарбайжонда президент етти йилга сайланади, бунга оид ўзгартиш мамлакат Конституциясига 2016 йилдаги референдум ортидан киритилган. Авваллари президент беш йил муддатга сайланарди.

Озарбайжонда олдинги президент сайлови 2018 йил 11 апрелида бўлиб ўтган. Ўшанда сайлов октябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Алиев уни бир неча ой олдинга кўчирган. Мазкур сайлов асосий мухолифат партиялари томонидан бойкот қилинган. Мухолифат лидерлари Илҳом Алиевни мамлакатда эркинликларни оёқости қилганликда, авторитаризмда ва мухолиф қарашдаги шахсларни таъқиб қилишда айблаб келишади.

Илҳом Алиев илк бор президентликка 2003 йили – отаси Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан икки ой аввал сайланган. Ҳайдар Алиев унгача Озарбайжонни 10 йил бошқарган.

Президент этиб сайланганидан кейин Илҳом Алиев даставвал бир шахснинг президентлик курсисини фақат икки мартагина эгаллай олишига оид қонунни бекор қилган. Кейин эса бу лавозимда бўлиш муддатини беш йилдан етти йилга ўзгартирган. Сиёсатшунослар Илҳом Алиев ўз лавозимини ўғлига – кичик Ҳайдар Алиевга топшириш ниятида эканига шубҳа қилишмайди.

2020 йилнинг февраль ойида Озарбайжонда муддатидан илгари парламент сайлови ўтказилган. Ўшанда мамлакат президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги Yeni Azərbaycan ҳукмрон партияси ўз ғалабасини эълон қилган. Ўша пайтда Озарбайжон мухолифати расмийлар сайлов натижаларини сохталаштирганини ҳамда эълон қилинган натижалар халқ иродасини акс эттирмаслигини билдирган. Мустақил жамоат ташкилотлари маълумотларига кўра, ўтган парламент сайловида кўплаб шаҳарларда кузатувчиларнинг участкаларда ишлашларига халақит берилган: улар сайлов участкаларидан ҳайдалган, уларга тасвирга олишга ва участкалар бўйлаб ҳаракатланишга рухсат берилмаган, айримларга нисбатан эса куч ишлатилган.