Боку суди мухолифатдаги Озарбайжон халқ жабҳаси партиясининг 20 яшар фаоли Элбаи Керимлини йирик миқдорда наркотик ноқонуний айланмасига оид иш бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳажда “Кавказский узел” ва Turan нашрлари хабар қилишди.
Судланувчининг адвокати Немат Керимлига кўра, ҳимояси остида бўлган шахс уни қўлга олган полициячилар гувоҳлиги асосида қамалган. Адвокат иддаосича, Элбаи Керимли куч ишлатар тузилмалар ходимлари босими остида иқрорлик кўрсатмаси берган.
“Кавказский узел” нашрининг ёзишича, суд адвокатнинг полициячилардан Керимлида гиёҳванд модда борлиги ҳақида кимдан маълумот олингани ҳақида сўраш ва нима учун тергов Керимлининг мижозлари ва унга банг моддаси етказиб бериб турганларни аниқламаганига ойдинлик киритиш каби илтимосномаларини рад этган.
Элбаи Керимлининг ўзи судда айбига иқрор бўлмаган. Керимлига кўра, у сиёсий сабабларга кўра – 2023 йил августида Озарбайжон собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг ҳайкалига “Сталин” сўзини ёзиб қўйгани учун ҳибсга олинган.
Мухолифат фаоли 2023 йилнинг август ойида қўлга олинган, октябрь ойида эса унинг ҳибсга олингани эълон қилинган. Декабрь ойида Керимли ноқонуний таъқиб қилинаётганига қарши норозилик ўлароқ тергов ҳибсхонасида очлик эълон қилган эди.
Жорий йилнинг апрель ойи бошида Бокудаги суд мухолифатдаги Озарбайжон халқ жабҳаси партиясининг (ОХЖП) яна бир фаоли Элхан Алиевни фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айблаб, беш йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Айни пайтда ОХЖПнинг 11 нафар фаоли турли айбловлар билан ҳибсхонада тутиб турилибди. Уларнинг ҳаммаси сиёсий сабабга кўра, жумладан ижтимоий тармоқларда Озарбайжон расмийлари ҳақида танқидий шарҳлар қолдирганлик ва норозилик чиқишларида иштирок этганлик учун таъқиб этилаётганини иддао қилишмоқда.
Учинчи апрель куни ОХЖП Озарбайжон расмийларининг режим танқидчиларига қарши олиб борилаётган қатағон сиёсатини қоралаб чиқди ва халқаро ҳамжамиятни сиёсий сабабга кўра ҳибсга олишларга алоқадор бўлган озарбайжонлик мулозим ва куч ишлатар тузилмалар ходимларига нисбатан санкциялар жорий этишга чақирди.
Ўз навбатида, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги сиёсий фаоллар “конкрет фактлар асосида” қўлга олинаётганини билдирмоқда.