Озарбайжонда расмийларни танқид қилиб келган собиқ дипломат қўлга олинди

Эмин Ибраҳимов

Озарбайжонда 22 июль оқшомида собиқ дипломат Эмин Ибраҳимов қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати хабар қилди.

Ибраҳимов адвокат Ақил Лайижга душанба куни кечқурун метро станцияси олдида унга номаълум шахс ҳужум қилгани, шундан кейиноқ фуқаро кийимидаги одамлар пайдо бўлиб, уни тутиб кетишганини айтган. Собиқ дипломат Озарбайжон Жиноят кодексининг 126.1-моддасида (Киши соғлиғига қасддан оғир шикаст етказиш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

“У гўё кимгадир пичоқ билан шикаст етказганлик учун ушланганини маълум қилди. Эмин бунинг ёлғон эканини айтди”, дея билдиришган Ибраҳимовнинг яқинлари.

Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги Turan агентлигига Ибраҳимов гўё 37 ёшли эркак билан жанжаллашиб кетганини маълум қилган.

“Натижада Эмин Ибраҳимов фуқарога пичоқ билан тан жароҳати етказган. Ибраҳимов қўлга олинган, жабрланувчи эса касалхонага етказилган”, дея билдиришган ИИВ вакиллари.

Эмин Ибраҳимов аввал Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаган, кейин эса дипломатик хизматдан кетган. Сўнгги йилларда у расмийларни танқид қилиб келаётган эди.

Июнь ойида Озарбайжонда иқтисодчи Фарид Меҳрализода қўлга олинган эди. У ходимлари уюшган гуруҳ таркибида валюта контрабандасида айбланган Abzas Media мустақил нашрига қарши иш фигурантига айланган. У судда ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, Abzas Media нашри билан ўзининг ўртасида ҳеч қанақа иш алоқаси бўлмаганини билдирган.