Озарбайжонда 1 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида президент Илҳом Алиевнинг “Ени Азербайжан” партияси пешқадамлик қилмоқда. Марказий сайлов комиссияси раиси Мазоҳир Панахов бюллетенларнинг 91 фоизи қайта ишланганидан кейин мазкур партия парламентдаги 125 та ўриндан 68 тасини эгаллаганини маълум қилган.
Сайловдаги давомат 37,27 фоизни ташкил қилган: рўйхатга олинган 6,4 миллион сайловчидан 2,1 миллион нафари овоз бериш учун участкаларга келган.
Turan нашрининг ёзишича, қолган мандатлар ҳукуматпарастлиги билан танилган “мустақил” номзодларга тегади.
Мухолифатдаги “Халқ жабҳаси” партияси сайловни бойкот қилган. Мухолифатдаги яна бир партия бўлмиш “Мусават” 15 йилдан буён илк бор парламент сайловида иштирок этган – бунгача у сайловларни бойкот қилиб келган эди. “Мусават” лидери Ориф Гажили Reuters агентлигига сайловнинг ҳалол ўтишига ишонмаслиги, бироқ партия “мамлакатдаги сиёсий муҳитни фаоллаштириш” учун сайловда иштирок этаётганини билдирган.
“Сайловлар демократик шароитда ўтаётгани йўқ”, деган у.
Озодликнинг озарбайжон хизмати овоз бериш чоғида ҳуқуқбузарликлар кузатилгани ҳақида хабар қилган: айрим сайлов участкаларида қутиларга бюллетенлар ташлангани қайд этилган, бир сайловчи турли участкаларда овоз берган, кузатувчилар ва журналистларга эса босим ўтказилган.
Президент Илҳом Алиев жорий йилнинг июнь ойида парламентни тарқатиб юбориб, навбатдан ташқари сайловни 1 сентябрга белгилаш ҳақида қарор чиқарганди. Парламентни тарқатиб юбориш ва янги сайлов кунини тайинлаш ташаббуси “Ени Азербайжан” ҳукмрон партиясидан чиққан.
Жорий йилнинг февраль ойида Озарбайжонда муддатидан илгари президент сайлови бўлиб ўтиб, унда кутилганидек амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиев ғалаба қозонган. Мухолифат партиялари президент сайловида иштирок этишдан бош тортишган эди.