Малайзия пойтахтида ўзбекистонлик фоҳишалар қўлга олинди

Малайзияда ўтган ҳафта полиция рейди натижасида ўзбекистонлик тўққиз фохиша қўлга олинди. Пойтахт Куала Лумпур полицияси махсус кучлари 10 июлга ўтар кечаси шаҳарнинг Жалан Рамли мавзесида жами 54 хорижлик фоҳишани қўлга олди. Куала Лумпур полицияси жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг Озодликка айтишича, хусусан ўзбекистонлик фоҳишалар ўз хизматларини 80 доллардан 250 долларгача нархда таклиф қилишган. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида ўзбекистонлик фоҳишалар энг қадимий касб вакилларининг катта қисмини ташкил қилиши айтилади.

Куала Лумпурнинг сайёҳлар билан гавжум Жалан Рамли мавзесидаги тунги клубда ўтган жума куни уюштирилган рейд пайтида қўлга олинган 54 фоҳишанинг тўққиз нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Куала Лумпур полицияси жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи Датук Зайниддин Аҳмад фоҳишаларнинг аксари Вьетнам фуқаролари ва ҳатто бир нафари транссексуал бўлганини гапириб берди.

- Улар фоҳишалик билан шуғулланганликда гумон этилиб қўлга олинди. Уларнинг баъзилари мижозларга хизмат кўрсатаётган пайтда қўлга туширилди. Бизга келиб тушган маълумотга таяниб, 10 июлга ўтар кечаси йирик рейд уюштирдик. Жалан Рамли мавзесидаги “Beach Club” тунгги клуби олдида пул эвазига секс хизматларини таклиф қилган пайтда ушланди. Рейд пайтида жиноят қидирув бошқармаси ходимлари ресторанда мижоз сифатида ўтиришган эди. Бу аёллар столларнинг атрофида юриб, ўз хизматларини таклиф қилди, секс хизмат таклиф қилинган мижозлар орасида полициячилар ҳам бор эди. Ҳозир қўлга олинган бу аёллар ҳибсда сақланмоқда,- дейди полиция мулозими.

Зайниддин Аҳмаднинг Озодликка айтишича, фоҳишалар ўз хизматларини 80 АҚШ долларидан 250 АҚШ долларгача баҳолаган. Жалан Рамлидаги тунгги клубларда, дейди полиция мулозими, айниқса ўзбекистонлик фохишаларнинг бозори чаққон экани кузатилади.

Пойтахтнинг туристлар билан гавжум мавзесида бу фоҳишалар асосан хорижликларни нишонга олади, бу эса Куала Лумпурнинг обрўйига фойда келатирмайди, дея давом этади жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи.

- Ҳозир тергов давом этмоқда. Фоҳишаликда гумонланаётган ўзбекистонлик аёллар хусусида Ўзбекистон элчихонасига маълум қилдик. Уларнинг кейинги тақдири прокуратура бу ишни қандай таснифлашига боғлиқ бўлади. Одатда, фоҳишаликда гумонланиб қўлга олинганлар жаримасини тўлаганидан кейин ватанига депортация қилинади. Лекин ҳибсга олинган бу аёллардан баъзиларининг иши судга ошиб, олти ойдан бир йилгача муддатга қамоққа ҳукм этилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳозир Ўзбекистон элчихонаси ходимлари билан уларнинг ҳужжатлари текширилмоқда,- дейди полиция мулозими.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари Озодликнинг фоҳишаликда гумонланаётган фуқаролар хусусидаги саволларига жавоб берганича йўқ. Элчихона телефон гўшагини кўтарган ходим “бу борада жавоб бериши мумкин бўлган дипломатлар ҳозирда элчихона биносида йўқ”, дея билдирди.

Куала Лумпур полицияси жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи Дотук Зайниддин Аҳмаднинг айтишича, Малайзияда фоҳишалик қиладиган хориж фуқаролари орасида ўзбекистонлик аёллар кўп учрайди. Уларнинг орасида одам савдоси қурбони бўлганлар, танасини сотишга мажбурланганлар учраб туради, лекин ўтган жума куни қўлга олинганлари ўз хоҳишига кўра бу иш билан шуғулланиб келган, дейди полиция мулозими.

Ўзбек фоҳишалари Куала Лумпурнинг "Beach Club" тунгги клуби олдида ушланди.

- Фоҳишалик билан шуғулланган ўзбек аёллари кўп бу ерда. Масалан, жорий йил бошидан бери мен ўзим ўзбек фоҳишалари билан боғлиқ 20га яқин ишни кўрдим. Жалан Рамли мавзесида ушланган фохишаларнинг барчаси бу иш билан ўз хоҳишига кўра шуғулланган. Уларнинг ҳатто қўшмачиси ҳам бўлмаган, бундайларни биз “фринланс”, деб атаймиз. Улар истаган жойига боришлари мумкин, ҳеч ким уларни назорат қилмайди,- дейди Куала Лумпур полицияси жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи Дотук Зайниддин Аҳмад.

Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги Малайзия, Тайланд, Индонезия каби мамлакатлар ўзбекистонлик фоҳишалар борадиган асосий йўналишдир. Кўпчилиги иқтисодий қийинчиликлар боис бу иш билан шуғулланса-да, улар орасида одам савдоси қурбонлари ҳам кўп учрашини айтишади бу соҳани тадқиқ қилган мутахассислар.

Март ойида нуфузли National Geographic каналаи Тайландда ўзбек аёлларини фоҳишаликка мажбурлаш билан шуғулланиб келадиган тўда ҳақида бир соатлик махсус репортажни намойиш қилди.

National Geographic ва Freeland Foundation ташкилоти тайёрлаган "21-аср секс қуллари" номли ҳужжатли фильм

Қароргоҳи Тайландда жойлашган ва одам савдосига қарши кураш билан шуғулланадиган Freeland Foundation ташкилоти мутахассислари ўтказган терговга асосан тайёрланган “21-аср секс қуллари” номли ҳужжатли фильмда Тайландда фоҳишабозликни назорат қиладиган энг қудратли тўда ўзбеклардан ташкил топгани айтилади.

- Мамлакатдаги энг номи чиққан тўдалардан бири ўзбеклар томонидан назорат қилинади. Улар қашшоқликка юз тутган Ўзбекистондан аёлларни қонуний ишга жойлаштириш ваъадалари билан алдаб олиб келишади-да, кейин уларни кўчага чиқиб, фоҳишалик қилишга мажбурлашади. Ўзбеклар тўдаси шунчалик қудратлики, ўз бизнесини Бангкок марказида очиқчасига амалга оширади, дея таъкидланади National Geographic ва Freeland Foundation ташкилоти тайёрлаган ҳужжатли фильмда.