Петербургда ака-ука ўзбек муҳожирлари пичоқлаб кетилди. Ака реанимацияда (ВИДЕО)

24 ноябрга ўтар кечаси Санкт-Петербургда Ўзбекистон ватандоши бўлган икки шахс пичоқлаб кетилди. Маҳаллий полиция хабарича, 35 ва 38 ёшли ўзбек муҳожирларидан бирининг аҳволи мўътадил, иккинчиси оғир аҳволда шифохона жонлантириш бўлимида қолмоқда.

24 ноябрь, тунги соат 1:30-ларда Санкт-Петербургнинг Александровский касалхонаси қабулхонасига икки нафар шахс оғир аҳволда олиб келинди.

Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон ватандошлари экани аниқланган 38 ва 35 ёшли ака-ука номаълум шахслар томонидан ҳужумга учраган ва пичоқлаб кетилган.

Александровский шифохонасидан олинган маълумотларга биноан, оёғидан яраланган 35 яшар ўзбекистонликка кўрсатилган зарурий тиббий ёрдамдан жавоб берилди, бир нечта жойидан пичоқланган ёши каттароғи эса, шифохонанинг реанимация бўлимида қолмоқда.

Маҳаллий полиция ўзбек муҳожирларига ҳужум қилган шахсларни қидиришни давом этаётгани, мазкур ҳодиса юзасидан “қасддан оғир тан жароҳати етказиш” моддаси асосида жиноят иши очилгани маълум қилинди.

Петербург Ички ишлар бошқармаси жабрланган ўзбекистонликларга нисбатан “Россия ҳудудига кириш тартиб-қоидаларини бузганлиги” сабабли маъмурий жавобгарликка тортилганини ҳам билдирди.

Полиция жабрланган ўзбекистонликларнинг шахсига оид маълумотларни очиқламади.

Бир неча кун олдин икки петербурглик мигрант томонидан пичоқланди

Петербургда истиқомат қилаётган ва исмини сир тутишни сўраган ўзбек муҳожирларидан бири ўтган ҳафтада - 20 ноябрь куни Петербургда иккита автомобиль сотувчисини чавақлаб кетган тожикистонлик шахс ушлангани шаҳарда катта шов-шув бўлганини маълум қилди.

Тожикистон граждани бўлган 52 ёшли Расул автомобиль сотаётган 32 ёшли Олег Дубровин ва 31 яшар Илья Калининларни фирибгарликда гумонлаб, уларни автосуғурталаш хонаси менежери кўз олдида пичоқлайди.

Хонада ўрнатилган видеокамерага тушган ҳодиса видеотасвири ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Видеода икки жойидан яраланган Илья хонадан қочиб чиқишга улгургани, Расул томонида чавақлаб ташланган Олег Дубровин эса, ҳодиса жойида ўлганини кўриш мумкин.

Ҳодиса жойига етиб келган полициячиларга таслим бўлган Расул бундан олдинроқ Тергов қўмитасига бориб, фирибгарлар қурбони бўлгани борасида арз қилганини айтган.

Бу ҳодиса ижтимоий тармоқ ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Санкт-Петербург Тергов қўмитаси тожикистонлик Расул И.га нисбатан “қотиллик” ва “қотилликка уриниш” моддалари асосида жиноят ишини очганини маълум қилди.

Бу ҳодисалар ортидан Петербург полицияси шаҳарнинг қатор туманларида миграция рейдларини ўтказди. Қурилиш объектлари, бозор ва кўчаларда олиб борилган оммавий текширувлар давомида юзлаб муҳожир текширувдан ўтказилгани, 45 кишига нисбатан миграция қоидаларини бузганлиги айби билан маъмурий протоколлар тузилгани хабар қилинди.