Ўзбекистон афғонларни чорак асрлик танаффусдан сўнг яна ўқишга таклиф қилди

Афғонистон. Кобулдаги мактаблардан бирига сайёр цирк келди. Эндиликда шу мактаб битирувчилари ҳам Ўзбекистонда таълим олиши мумкин. 2017, 29 сентябрда олинган сурат.

Афғонистонликлар учун Сурхондарё вилоят, Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалик коллежи базасида ўқув маркази очиладиган бўлди. Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси фуқаролари ўқиш харажатининг ярмини тўлайди, холос. Қолган ярмини “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси тўлайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси 13 ноябрда қабул қилган қарорда айтилган.

1978 йили Афғонистонда советпараст режим ўрнатилганидан сўнг афғонистонлик талабалар собиқ совет республикалари, жумладан Ўзбекистондаги ўқув юртларида ўқий бошлаган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг эса, жанубий қўшни билан таълим соҳасидаги алоқалар тўхтаб қолган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Янгиариқ қишлоқ хўжалик коллежи базасида очилаётган ўқув марказида афғонистонликлар олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олади, шунингдек, улар қайта тайёрланиб, малакаси оширилади.

Марказда Афғонистон томони буюртманомаларига мувофиқ гуманитар, педагогика ва муҳандис-техник таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Таълим маркази қачон очилади? Марказда афғонистонлик ўзбеклар ўқийдими ёки у барча афғонистонликлар учунми?

Шу ва бошқа саволларга Озодлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан жавоб ололмади. Вазирликнинг икки етакчи мутахассиси ўзлари ҳам "қарор билан эндигина танишганларини” айтиш билан чекланди. Лекин ҳукумат қарорида билвосита жавоблар мавжуд.

Таълим марказини очиш учун 1 ойлик муҳлат берилди

Ҳужжатда Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалик коллежи бино ва иншоотларини Таълим марказини жойлаштириш учун 1 ой муддатда ўтказиб бериш, шунингдек, 1 ой муддат ичида Марказни давлат рўйхатидан ўтказиш лозимлиги белгилаб қўйилган.

Таълим маркази таржимонлар билан таъминланади

Ҳукумат қарорининг 18- бандидан Таълим марказида миллатидан қатъиназар барча афғонистонликлар ўқиши мумкинлиги тушунилади. Унда “тегишли ҳорижий тилларга ихтисослашган малакали синхрон таржимонларнинг Марказ ўқув жараёнига жалб этилиши таъминлансин” дейилган.

Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисига ғамхўрлиги

Таълим марказида афғонистонликлар тўлов-контракт асосида ўқитилади. Маблағнинг етишмайдиган қисмини Ўзбекистон бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Қарорда мана бу гап ҳам бор:

“Белгилансинки, Афғонистон Ислом Республикасининг фуқаролари ўқиш учун тўловни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида ўқиётган чет эл фуқаролари учун назарда тутилган таълим қийматининг 50 фоизи миқдорида юбораётган томон маблағлари ҳисобидан тўлайди. Тўловнинг қолган қисми “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ маблағлари ҳисобидан қопланади”.

Савр инқилоби шимолга очган йўл

Озодлик радиосининг Афғонистондаги ҳамкори Олим Кўҳкан Ўзбекистон ҳукумати 13 ноябрдаги қарори билан таълим соҳасидаги узилиб қолган Тошкент-Кобул муносабатларини қайта тиклаётганини эътироф этаркан, бундан чорак аср олдинги вазиятни эслаб бундай деди:

- Тошкент билан Кобул ўртасида таълим соҳасидаги алоқалар 1978 йилда содир бўлган Савр инқилоби туфайли Афғонистонда Москвага тарафдор ҳукумат келганидан сўнг бошланган. Ўшандан бошлаб бутун совет республикаларига, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам афғонистонлик талабалар бориб ўқиган эди. Бу жараён президент Нажибуллоҳ ҳокимияти қулаши билан тўхтади. Бу вақтга келиб СССР ҳам тарқаб кетган эди, деди Олим Кўҳкан.

Илм ҳар жойда, афғонистонлик ўзбек учун тил фақат Ўзбекистонда

Афғонистон шимолидаги Жовузжон вилояти университетининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Нуруллоҳ Олтой 1982-87 йилларда Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида ўқиган.

Озодлик билан суҳбатда Нуруллоҳ Олтой Вазирлар Маҳкамасининг афғонистонликлар учун Таълим маркази очиш тўғрисидаги қарорини олқишлади.

Бундай ўқув даргоҳи, Олтойнинг фикрича, айниқса, Афғонистон шимолидаги 9 вилоят аҳолисининг кўпчилигини ташкил қиладиган ўзбеклар учун ўта зарурдир.

- Афғонистонлик ўзбеклар ҳанузгача ўзининг адабий тил стандартларига эга эмас. Модомики, Ўзбекистонда шундай ҳаракат бошланган экан, бу афғон ўзбеклари тили ривожи учун асос бўлади, деб умид қиламан. Бошқа илмларни дунёнинг исталган давлатида олиш мумкин. Лекин афғон ўзбеклари ўзларининг адабий норматив тилига эга бўлиши учун ягона манба Ўзбекистондир, деди Нуруллоҳ Олтой.