Тошқин хавфи боис Амударё кўприги ёпиб қўйилди (ВИДЕО)

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Амударëдаги кўприк ëпилди

1 январь куни Амударё туманини Қорақалпоғистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи ягона кўприк ёпиб қўйилди. Мутасаддиларга кўра, Амударёдаги музнинг эриши оқибатида тошқин хавфи юзага келгани сабаб кўприкдан ўтиш тўхтатилган. Амударёликлар кўприк ёпилгани боис уч кундан буён қийналаётганликларидан норози бўлмоқда.

Амударё туманида яшовчи мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг Озодликка хабар беришича, Амударё устидаги кўприк уч кундан буён ёпиқ қолаётгани сабаб одамлар норози бўлмоқда:

- Амударё туманини Қорақалпоғистоннинг бошқа туманлари билан боғлаб турувчи Амударё устидаги ягона кўприк ва ягона йўл 1 январь куни дарё музи юра бошлагани учун ёпиб қўйилди. 1-, 2- январь кунлари кўприкдан ўтиш имкони бўлмаган. Янги йилда меҳмонга кетганлар қайиқда амаллаб ўтишаяпти. Лекин қайиқлар ҳам жиҳозланмаган, техник хавфсизлик томонидан жавоб бермайди,- деди Абдураҳмонов.

Солижон Абдураҳмонов кўприк ёпилгани боис, аҳоли дуч келаётган муаммоларни санади. Бу ҳақда қуйидаги суҳбат орқали танишасиз:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Солижон Абдураҳмонов билан суҳбат

Амударё туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Амударёда муз кўчиши натижасида музларнинг кўприк остига тиқилиб, тошқин содир қилиш хавфи юзага келгани боис ушбу кўприк транспорт ва пиёдалар ўтиши учун ёпиб қўйилган.

Маълум бўлишича, махсус понтонлар устига қурилган кўприк бир неча қисмдан иборат бўлиб, тошқин хавфи юзага келган пайтлари кўприкнинг ўрта қисми олиб қўйилади ва ўртасида муз ўтиши учун жой очилади.

Туман ҳокимлиги ходими 3 январь туш пайти Озодлик билан суҳбатда кўприкни очиш устида иш олиб борилаётганини таъкидлади.

Амударё туманида 150 минг аҳоли яшайди. Маҳаллий аҳоли ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган ушбу кўприк ўрнига замонавий кўприк қуриш илтимоси билан бир неча бор чиқишган. Бироқ ҳозирча бирор ижобий натижа бўлмаган.