"Аvtotest-Report" МЧЖнинг схемасини фош қилганини иддао қилаётган блогерга кўра, ширкат солиқдан қочиш мақсадида Самарқандда филиал очиш ўрнига ўз ваколатларини учинчи юридик шахсга берган.
Блогернинг ҳисоб-китобича, “Автотест” шу йўл орқали 2,5 баробар кам солиқ тўлашни режалаган.
"Автотест"нинг расмий вакили блогернинг иддаоларини рад этди.
Маълумотларга кўра, "Аvtotest-Report" ширкатига президент Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжонов асос солган.
"Аvtotest-Report" филиаллари қани?
Самарқандлик блогер, иқтисод йўналишида илмий изланишлар олиб бораётган Мирзо Субҳоновнинг Озодликка айтишича, у юридик шахслар автомобилларига мажбурий сертификат бериш бўйича монополистга айланган "Аvtotest-Report"нинг айрим шубҳали фаолиятини аниқлаган.
Блогернинг аниқлашича, айни пайтда Самарқанд вилоятида "Юридик шахсларнинг ҳайдовчилик малакасини ҳар икки йилда қайта ошириш" курслари "Аvtotest-Report"нинг Самарқанд филиали томонидан эмас, балки “Автотест Самарқанд” томонидан амалга оширилмоқда. Блогерга кўра, бу икки ташкилот юридик жиҳатда мутлақо мустақил ташкилотлардир:
- Шартнома нусхасини кўрганимда, у ерда "Аvtotest-Report" МЧЖ эмас, “Автотест Самарқанд” МЧЖ ёзилган экан. Вазирлар Маҳкамаси қарорини ўқиб чиққандан кейин кўрдимки, булар бир-бирига ўхшамайдиган иккита мустақил корхона бўлиб чиқди. Кейин буларнинг солиқ тўловчи идентификацион рақамлари ҳам икки хил экан. Биттаси Самарқандда очилган, биттаси Тошкентда очилган. Иккита корхонанинг ҳам ташкилий шакли МЧЖ, МЧЖ дегани – маъсулияти чекланган жамият, улар мустақил ҳисобланади. Бу дегани “Автотест Самарқанд” мустақил корхона ҳисобланади, унинг “Автотест Репорт”га тўғридан-тўғри алоқаси борлиги юридик жиҳатдан нотўғри. Булар юридик жиҳатдан умуман бош-қа-бошқа корхона ҳисобланади, уларни аралаштириш мумкин эмас. Битта корхонага тегишли бўлмаганидан кейин булар бировнинг лицензияси билан ишлашга ҳаққи йўқ. “Автотест Самарқанд”га Вазирлар Маҳкамаси томонидан лицензия берилмаган. Қонунда ёзилган: лицензия ҳар бир юридик шахсга индивидуал равишда берилади,- деди Мирзо Субҳонов.
Блогернинг Озодликка тақдим қилган ҳужжатларида у тилга олган иккита корхонанинг солиқ тўловчи идентификацион рақами – СТИР икки хил экани қайд қилинган:
"Аvtotest-Report" – СТИР: 302368520
“Автотест Самарқанд”- СТИР: 305121289
“Ушбу схема орқали солиқдан қочишмоқчи”
Иқтисодчи блогернинг ҳисоб-китобича, "Аvtotest-Report" вилоятларда ўз филиалларини очмасдан, ваколатини учинчи юридик шахсларга бериши орқали 2,5 баробар кам солиқ тўлашни режалаган:
- “Автотест Самарқанд” МЧЖ ягона солиқ тўлайди, "Аvtotest-Report" МЧЖ эса, қўшилган қиймат солиғи тўлайди, бу 2,5 баробар кўп дегани,- дейди блогер йигит.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Солиқ кодекси бўйича, ишчилар сони белгиланган меъёрлардан ошган корхоналар Ягона солиқ ўрнига, Қўшилган қиймат солиғи (НДС) тўлашлари белгилаб қўйилган.
Жавобсиз саволлар
Озодлик мухбири 2017 йил 6 ноябрь куни №551850 реестр рақами билан қайддан ўтган “Автотест Самарқанд” МЧЖ вакили билан боғланиб, изоҳ сўради:
Озодлик: “Автотест Самарқанд” МЧЖ, "Аvtotest-Report" МЧЖнинг филиалими ёки йўқ?
“Автотест Самарқанд” вакили: Филиали.
Озодлик: Ҳужжатларга қараганда, "Аvtotest-Report"нинг Самарқанддаги филиали эмас, алоҳида МЧЖ ку?
“Автотест Самарқанд” вакили: Буни "Аvtotest-Report"дан сўрасангиз бўлмайдими?
Озодлик: Бу ерда сизларнинг солиқ тўловчи идентификацион рақамларингиз алоҳида-алоҳида. Агар филиал бўлсангиз, нега алоҳида?
“Автотест Самарқанд” вакили: Бунга мен жавоб бера олмайман. Айтаяпманку, Репорт ("Аvtotest-Report" таҳр)дан сўрасангиз.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Аvtotest-Report": Вилоятлардаги МЧЖларнинг барчаси филиалларимиз
"Аvtotest-Report" ширкатининг Тошкентдаги бош офиси расмий вакилидан Озодлик олган маълумотга кўра, Қоракалпоғистон республикаси ва 12 та вилоятда филиаллар алоҳида МЧЖ сифатида очилган:
- Вилоятдаги шахслар Тошкентга келиб ўқиш имконлари бўлмагани учун ҳамма вилоятлар марказларида очганмиз. Жумладан, Самарқанд вилоятида “Самарқанд Автотест” МЧЖ. Ҳамма вилоятда шу ном билан берилган. Термизда масалан, “Термиз Автотест” МЧЖ, “Фарғона Автотест” МЧЖ. Ҳамма жойда ўзининг ҳудудий директорлари бор. Бизлар филиалларимизни бекорга ташкил қилмаганмиз. Нега уларнинг қўлида ўқитиш лицензияси бўлмаслиги керак? У ерларда ўқитувчиларимиз фаолият олиб боришаяпти,- деди "Аvtotest-Report" ширкатининг Тошкентдаги бош офиси расмий вакили.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Норози депутатлар
Ўзбекистон парламенти депутатлари "Аvtotest-Report" МЧЖ монополиясига қарши чиқиб, юридик шахслар автомобиллари учун айнан ушбу фирмадан мажбурий сертификат олиши борасидаги ҳукумат қарорига қарши чиқди.
Февраль ойи бошида депутатлар ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига сўров жўнатишди. Ҳозирча ушбу сўров натижаси Озодликка маълум эмас.
Норозиликка учраган ҳукумат қарори
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилнинг 4 сентябрдаги 693-сонли қарорига кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар “Avtotest-Report” ўқув марказлари орқали мажбурий равишда малака ошириб, махсус сертификатга эга бўлишлари шарт.
Қарорга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб ушбу сертификатга эга бўлмаган юридик фирмаларнинг ҳайдовчилари маъмурий жавобгарликка тортилиши ёки лицензияси бекор қилиниши белгиланган.
Ҳайдовчилар учун мажбурий тест ҳар 2 йилда 1 марта ўтказилиши лозимлиги қайд қилинган ҳужжатда.
“Кетмони учаётган "Avtotest”
Ҳукумат қарорида нима учун юридик фирмалар ҳайдовчиларидан мажбурий тест олиш айнан "Аvtotest-Report" МЧЖга топширилгани сабаби очиқланмаган.
"Аvtotest-Report" фирмаси асосчиси Ўзбекистон президентининг айни пайтдаги матбуот котиби Комил Алламжонов экани айтилади. Маълумотларга кўра, ҳозирда "Аvtotest-Report" бош директори О. Э. Тигай исмли шахсдир.
Кейинги бир йил мобайнида "Аvtotest-Report" бир неча марта танқидлар нишонига айлангани кузатилди.
Жумладан, Anhor.uz нашрининг “Avtotest: Бизнес холос, бошқа гап йўқ?”(“Avtotest. Только бизнес, ничего личного?”) мақоласида“Ўзбекистонда бозор муносабатлари иштирокчилари учун нотенг шароит яратилгани, “Avtotest Report” мавжуд тартибларни айланиб ўтиш йўли билан рақобатда устунликка эришгани” танқид қилинган.
“Avtotest Report” ушбу мақола учун Anhor.uz сайти устидан Бош прокуратурага шикоят аризаси киритиб, кейинчалик ўз аризасини қайтиб олгани хабар қилинди.
Dia.uz эса “Абдуллажон” фильмидаги машҳур иборани “Аvtotest-Report"га нисбатан қўллаб, ҳозирда ушбу фирмага кенг имконият берилганинига шаъма қилиб, “Аvtotest-Reportнинг "кетмони учган”ни ҳақида ёзди.
P.S. Блогер Мирзо Субҳоновнинг “Аvtotest-Report” фаолиятига оид “Автотест фириблари фош бўлди” сарлавҳали мақоласини 10 февралда эълон қилган dia.uz нашри ўша куниёқ мақолани сайтидан олиб ташлади.