ФарДУ талабалари: Домламиз бизни калтаклаб, уят сўзлар билан сўкади (ВИДЕО)

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

ФарДУ талабалари: Домламиз бизни калтаклаб, уят сўзлар билан сўкади

Фарғона Давлат университетининг Чақириққача ҳарбий таълим факультети талабалари ўқитувчи Шоҳоб Тилаволдиев устидан шикоят қилишди. Талабаларга кўра, Тилаволдиев уларни турли баҳоналар билан ҳақорат қилиб, калтаклайди.

Университет ректори Равшан Мақсудов Озодлик билан суҳбатда подполковник Шоҳоб Тилаволдиевнинг устидан аввал ҳам шикоят тушганини билдираркан, у билан тушунтириш ишлари ўтказилганини айтди.

Фарғона Давлат университетининг Чақириққача ҳарбий таълим (ЧҲТ) факультети 2-курс талабалари номидан Озодликка йўлланган видеода ҳарбий кийимдаги эркакнинг талабаларни ҳақорат қилиб, ураётгани тасвирланган.

Видео 39 секунд бўлиб, тасвирда бир неча талабанинг кўчада тик тургани кўринади. Видеонинг бошидан-охиригача фақат уят сўзлар эшитилади ва ҳарбий кийим кийган эркак икки талабани уради.

- Нимага кеч қолаяпсан?, деб ҳарбий кийимли эркак биринчи талабага битта шапалоқ туширади ва уни сўкади:

- Қ...имни емисанми? Б...дь.

- Бир ҳафтадан бери қайтарилаяпти. Д...б, б..д.

- Башарангни ёриб қўяман, б...дь. Иди на х...

Талаба: Ҳар куни шўттаманку.

- Ҳар куни шўттасан, кеч қолиб, б..дь.

Шундан сўнг ҳарбий кийимли эркак иккинчи талабани тергашга ўтади.

- Ў, б..дь уйқудан тура олмайсанми? Эшшак, б..дь, деб ҳарбий кийимли эркак иккинчи талабанинг юзига уради.

Озодлик видеони жўнатган 2-курс талабаларидан бири билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, видео жорий йилнинг 11 сентябрь куни университет ҳовлисида тасвирга олинган. Видеода талабаларни сўкиб, ураётган ҳарбий кийимдаги эркак эса, уларнинг курс командири, заҳирадаги подполковник Шоҳоб Тилаволдиев бўлади.

“Тилаволдиев бизни ҳар куни уради. Талабаларга худди маҳбуслар каби муносабат қилади. Талабаларнинг онасидан сўкади. Ҳайфсан берсин, огоҳлантирсин. Лекин нимага сўкади? Нимага уради бизни? Ҳар куни шу аҳвол. Тарсиллатиб уриб ташлайди. Жонимизга теккач, яширинча видеога олишга мажбур бўлдик”, дейди Ҳарбий факультет 2-курс талабаси исмини очиқламаслик шарти билан.

Озодлик подполковник Шоҳоб Тилаволдиев билан телефон орқали боғланди. У талабаларни сўкаётганини тан олди, бироқ уришини инкор қилди:

- Умуман дарсга келмаган болалар бор. Шуларга биз ҳар куни ҳайфсан бераяпмиз, бошқа бераяпмиз. Да, баъзи пайтда сўкиб бераяпмиз. Лекин ҳеч кимни ҳақорат қилганимиз йўқ, бошқа қилганимиз йўқ, дея Шоҳоб Тилаволдиев телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Подполковник Шоҳоб Тилаволдиев билан суҳбат

Чақириққача ҳарбий таълим факультети талабасининг Озодликка айтишича, яқинда Тилаволдиевдан калтак еган талабалардан бирининг ота-онаси университетга келиб, ректор Равшан Мақсудовга шикоят ҳам қилган.

Ректор Равшан Мақсудов Озодлик билан суҳбатда подполковник Шоҳоб Тилаволдиев устидан шикоят тушганини тасдиқлаб, Тилаволдиев билан бу борада тушунтириш ишлари ўтказилганини айтди.

Шунингдек, Мақсудов ушбу университетга ректор бўлиб келганига 5 ой бўлгани ва олийгоҳдаги муаммоларни бирин-кетин ҳал қилаётганини қўшимча қилди:

- У ЧҲТ (Чақириққача ҳарбий таълим факультети.- таҳр.) бутунлай бошқатдан янги кўриб чиқилаяпти. Аттестациялар кетаяпти. Бу ердаги ўқитувчилар ҳали ишда қоладими, қолмайдими, буниси даргумон. Бир 80-90 фоизи янгиланади. Мен ректор бўлиб, келганимдан кейин менга жуда кўп жалабалар тушди шу факультет бўйича. Биз шу ЧҲТни ўрнига соламиз. Ўрнига солсак, бу нарсалар бўлмайди. Бу нарсаларнинг бўлиши умуман мумкин эмас. Мана янги факультет раҳбари келди. Ҳозир биргаликда ҳаммасини жой-жойига қўяпмиз.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Фарғона Университети ректори Равшан Мақсудов билан суҳбат

Ўзбекистонда олий таълим соҳаси раҳбарларининг сўконғичлиги ёки уронғичлиги кенг тарқалмаган. Ҳар ҳолда Озодликка бу борада шикоятлар кам келади.

Лекин мамлакатда раҳбар шахсларнинг ўз қўл остидаги ходимларини бўралаб сўкиши ҳатто уриши кўп учрайди. Озодлик бу ҳақда мунтазам хабар бериб келади.

Жумладан, жорий йил 5 сентябрь куни Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти филиали бошлиғинининг ўринбосари Акпар Баҳриев ўз қўли остида бўлган мутахассис ходимларни бўралаб ҳақорат қилаётгани ёзилган аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушди.

“Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятига қарашли ҳудудий филиал бошлиғининг ўринбосари ўз ходимлари, жумладан, корхона муҳандиси Ботир Тўраевни бир ярим соат давомида юзлаб марта ҳақорат қилади.

Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳокимнинг овози деб иддао қилинаётган телефон суҳбатларидан бирида ҳоким фермернинг ўзини, унинг онасини, энасини уят сўзлар билан қаттиқ ҳақорат қилган.

Фермер бу аудиоёзувни Озодлик радиосига тақдим қилди. Ҳоким фермерни ҳақорат қилганини тан олиб, кечирим сўради.

Аммо, ҳозирга қадар бирон бир корхона раҳбарининг жиноий жавобгарликка тортилгани Ўзбекистонда кузатилмаган.