Мутахассислар: ЎФФ сайловни шаффоф ўтказмагани учун ФИФА санкцияларига учраши мумкин

Сешанба, 12 сентябр куни Ўзбекистон Футбол федерациясининг (ЎФФ) навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида Умид Аҳмаджонов Федерация президенти этиб сайлангани кузатувчилар ва футбол мутахассислари норозиликларини келтириб чиқарди. Озодлик билан суҳбатда ўзбек футбол жамоатчилиги вакиллари сайлов ФИФА ва ЎФФ қоидаларининг қўпол тарзда бузилиши билан амалга оширилганини таъкидлади. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бу даъволарни асоссиз, деб атади.

“ЎФФнинг янги раҳбари 1,5 соатда сайланди ...”

Жорий йилнинг 12 сентябрида Тошкентнинг “Radisson” меҳмонхонасида Ўзбекистон Футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унга йиғилган жамоа Умид Аҳмаджоновнинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлади. У ЎФФ раҳбари лавозимига Мираброр Усмонов ўрнига сайланди. Бевосита футболга алоқаси бўлмаган бирваракайига уч амалдор ўзбек футболи раҳбариятига сайлангани эълон қилинди.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбари Очилбой Раматов ЎФФнинг биринчи вице-президенти этиб сайланди. Яқинда ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожонов ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори Шоакрам Исроилов федерация вице-президентлари бўлди.

Ўзбекистон Футбол федерациясини бошқарган собиқ президент Мираброр Усмонов сайлов Конференциясида нутқ сўзлаб, “Мен келганимда айтган эдим: “Мендан ҳеч нарса кутманглар! Мен Жаҳон Чемпионатига олиб чиқиш ёки бошқасига ваъда бера олмайман”, деганига қарамасдан, елкасига миндирилган зар чопон билан саҳнани тарк этди.

Йиғилиш ортидан оммавий ахборот воситаларида ЎФФ президенти сайлови норавшан тарзда қатор бузилишлар билан амалга оширилгани тўғрисида фикр-мулоҳазалар тарқала бошлади.

Кузатувчилар футбол федерацияси президентлигига номзодлар олдиндан кўрсатилмагани, номзодлар дастурлари ҳатто сайлов бўлаётган куни расмий сайтда эълон қилинмагани, “Radisson” меҳмонхонасидаги анжуманга футбол жамоатчилигининг кўплаб намояндалари таклиф этилмагани ва 1,5 соат ичида жамоатчилик билан келишилмаган номзод тайинланганини иддао қилмоқда.

Таъкидлаш жойизки, сайлов арафасида Тошкентда ўзбек футболи ва спорти тақдири муҳокамасига бағишланган “Ўзбекистонда спорт ташкилотларини бошқариш ва дунё тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтганди. Конференциядa иштирок этиш учун Ўзбекистон вa Россиядaги турли спорт тaшкилотлaри вакиллари ва мутахассислари тaклиф этилган эди.

Конференциядa Ўзбекистон Республикaси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 10 aвгустидa қaбул қилгaн "Нуфузли хaлқaро спорт мусобaқaлaридa юксaк нaтижaлaргa эришгaн Ўзбекистон спортчилaрини жaмоaт вa спорт ишлaригa кенг жaлб этиш ҳaмдa спортчилaрни вa улaрнинг тренерлaрини рaғбaтлaнтириш тўғрисидa"ги қaрори ҳам муҳокaмa қилинди.

Конференция иштирокчилари Мираброр Усмоновни футбол бошқарувига амалдорларни эмас, спорт мутахассисларини жалб қилиш тўғрисидаги президент Шавкат Мирзиёев қарор-талабларини инкор этаётганликда айблади.

Жумладан, конференцияси иштирокчилари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, давлат маслаҳатчиси Аҳмадхўжа Юнусхўжаев, Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Алишер Султонов ва Ўзбекистон Футбол федерацияси аъзолари номига хат ҳозирлашди.

Озодлик Ўзбекистон раҳбариятига ўзбек футболи вакиллари томонидан жўнатилган Резолюцияни чоп этади:

Футбол фаолларининг Ўзбекистон раҳбариятига мурожаати.

Унда футбол фаоллари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаганини бевосита ЎФФда юзага келган вазият билан боғлади ва 12 сентябрга мўлжалланган Федерация раҳбари сайловини кейинга суриш таклиф этилди.

"2017 йил 12 сентябрь куни янги президентни сайлаш бўйича ЎФФ конференциясини ўтказиш режалаштирилган. Аммо ЎФФ президентлигига сайловлар кенг футбол жамоатчилиги иштирокисиз, номзодларнинг сайловолди дастурлари муҳокама қилинмасдан ёпиқ тарзда ўтказилиши ўзбек футболидаги ислоҳотлар ва унинг истиқболи борасида хавотир уйғотади. Юзага келган вазиятда ЎФФ президентлигига сайловлар ўтказиш муддатини ортга суриш ва сайловларни ФИФА сайлов регламенти талабларига мувофиқ, демократик асосда ўтказиш зарур, деб ҳисоблаймиз", дейилади резолюцияда.

Анжуман иштирокчилари футбол бошқарувидаги тизимли муаммолар, ривожланиш дастурининг мавжуд эмаслиги футбол оғир инқирозга учрашига олиб келаётгани ва “зудлик билан чора кўрилмаса, узоқ йиллар давомида жаҳон майдонларида ҳам миллий терма жамоалар, ҳам клуб футболи даражасида рақобат қилиш қобилиятидан мосуво бўлиши” таъкидланди жумладан резолюцияда.

Футбол фаолларининг Ўзбекистон раҳбариятига мурожаати.

Резолюцияга Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган мураббий Биродар Абдураимов, 2007 йили Осиёнинг энг яхши мураббийси Рауф Инилеев, Ўзбекистон Футбол федерацияси биринчи президенти Элмар Аминов, футбол фахрийлари Андрей Фёдоров, Азамат Абдураимов, Вячеслав Солохо, Николай Любарцев, “Локомотив” бош мураббийси Андрей Микляев ва футболчи Тимур Копадзелар имзо чекишганини кўриш мумкин.

Бироқ, Ўзбекистон раҳбариятининг бу резолюцияга муносабат билдиргани борасида бирор маълумот борлиги аниқланганича йўқ.

Аксинча, Озодликка исми сир қолиш шарти билан маълумот берган манба футбол раҳбарияти имзо чеккан футболчи ва тренерларга босим ўтказаётгани, уларни номадаги ўз имзоларидан воз кечишга мажбурлаётгани борасида сўзлади.

“Сайловлар бузилишларсиз ўтди”

Озодлик қатор нашрларда пайдо бўлаётган бу каби норозиликлар масаласида Ўзбекистондаги футбол ташкилотларига мурожаат қилди.

Ўзбекистон Футбол федерациясининг сайловга оид мулоҳазасини олиш имкони бўлмади. Аммо, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизматида Озодлик сўровига ЎФФ раислигига сайловлар давомида қоидабузарликлар кузатилмаганини билдиришди.

- Албатта, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Футбол федерацияси аъзоси сифатида сайловда қатнашган. Фақат битта номзод қўйилган - шаҳар футбол федерацияси ўз номзодини илгари сурган. Номзодини вилоят федерациялари ҳам кўрсатиши керак эди. Сайлов ўз тартиби бор. Сайлов Ўзбекистон Футбол федерацияси Низоми асосида бўлади - ФИФА қоидалари ҳеч қанақасига амал қилмайди. Конференция бўлиши ҳақида биз 6 ҳафта олдин раҳбарларга хабар бердик.

- Номзод ҳақида маълумот олдиндан берилмайдими, уни жамоатчиликка таништириш керак эмасми?

- Ўша Уставда ҳам ёзилган: номзод бўйича охирги дақиқаларгача кун тартибини ўзгартириш учун таклифлар кутилади ва охирида Бош котибият ўша конференцияда уни маълум қилади. Лекин, нега бошқа номзод кўрсатилмади деган савол берадиган бўлсангиз – мен унга жавоб беришга тайёр эмасман, деди Ўзбекистон футбол лигасининг ўзини Санжар деб таништирган расмий вакили.

Бироқ, матбуот хизмати расмийси тилга олган “Ўзбекистон Футбол федерацияси Низоми”нинг 39- моддаси 4- бандида “Бош котиб Конференция бошланишидан камида икки (2) ҳафта олдин Аъзоларга таклиф этилган номзодлар тўғрисида хабар бериши лозим” дейилган.

Шу билан бирга, ҳужжатда номзодларни сайлашга оид батафсилроқ тартиб-қоида мавжуд эмаслигини ҳам кўриш мумкин.

“ФИФА қоидаларига риоя қилмаса ўзбек футболи санкцияларга учраши мумкин!”

7 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган спорт анжуманида россиялик таниқли спорт мутахассиси, FIFPro (Профессионал футболчилар федерациялари халқаро ассоциацияси – таҳр.) аъзоси Владимир Леонченко ҳам қатнашди.

Озодлик билан суҳбатда у бундай шаффоф бўлмаган сайловлар ФИФА санкцияларига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Мен тафсилотларни билмаганим сабабли Ўзбекистонда сайловга бир кун қолганда ҳам номзодлар борасида ҳеч қандай маълумот эълон қилинмаганидан жуда таажжубландим. Сайлов регламенти ҳам йўқ, Низомда қисман нималардир акс этган, холос. Сайлов Комиссияси ҳақида, дастур борасида ҳам ҳеч нарса маълум эмас. Ваҳоланки, ФИФАда йирик ўзгаришлар кетаяпти ва айниқса президентлар сайловларига талаблар қаттиқ бўлаётир, чунки бу одам ФИФА Конгрессида битта овозга эга бўлади. Масалан, бизда Россияда бу сайлов икир-чикиригача ёзиб чиқилган, деди футбол мутахассиси.

Владимир Леонченко ФИФА аъзоси бўлган бирор мамлакатда сайлов регламенти мавжуд бўлмаса, унда ФИФА қоидалари асосида сайлов ўтказилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Суҳбатдош бирор федерация ФИФА қоидаларига амал қилмаса санкциялар қўлланилиши ёки ҳатто аъзоликдан маҳрум этилиши мумкин, дейди:

- Бундай вазиятда ФИФА сайлов регламенти жорий этилиши лозим эди,чунки ФИФА айниқса федерация президентлари сайловига жуда катта аҳамият бермоқда. Конференцияда ФИФА ва Осиё Конфедерацияси вакиллари иштирок этди. Улар бу вазият борасида ФИФАга хабар беришлари лозим, чунки Ўзбекистон Федерацияси бу тартибларни анча илгари бажариб қўйиши лозим эди. Агарда ФИФА бу қоидабузарликларни кўриб қолса, ўзбек футболига нисбатан санкцияларни қўллаши мумкин. Мана хавф қаерда! Агарда Ўзбекистон федерацияси “ФИФА қоидалари бизга ўрнак эмас” дейдиган бўлса, унда ФИФА таркибидан чиқарилиши ҳам мумкин, деди Владимир Леонченко.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Владимир Леонченко билан тўлиқ суҳбат

Тошкентдаги анжумандан қайтган яна бир йирик футбол эксперти - ФИФА ташкилоти ҳуқуқий маслаҳатчиси ва “Ҳуқуқий ташаббусларга кўмак халқаро жамғармаси” вице-президенти Алишер Аминов Озодлик билан суҳбатда 12 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган футбол федерацияси раҳбарлигига сайловлар ҳукуматнинг яна эскича йўлни танлаганидан дарак эканига ишора қилди.

- Бу тартибда ўзбек футболи билан боғлиқ барча масъулият футбол бошқарувини амалдорларга топширган президент ва ҳукумат зиммасига юкланади. Футболни яна мутахассислар эмас, темирйўлчи ва ИИБ вакили бошқаради! Ўзбек футболида икки имконияти бор эди, хусусан бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш. Аммо Ўзбекистон эски йўл билан– совет тузумидан қолган бошқарув тизимини сақлаш йўли билан кетди. Бу ўзгаришларни на ҳукумат, на футбол жамоатчилигининг асосий қисми истамаётгандек туюлди. Мираброр Усмоновни “Шуҳрат” ордени билан тақдирлаш ўрнига уни жавобгарликка тортиш лозим эди. Мана нима учун у ЎФФга яна ўзининг одамини қўйиб олди, дея ўз фикрини билдирди Алишер Аминов.