“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти эса, автомобилларга қуйиладиган пропан-газ нархига алоқаси йўқлигини билдирди.
Автомобилларга қуйилувчи пропан гази нархига оид Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан 5 июнь куни олинган қўшимча маълумотлар шу пайтгача Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларидан келган хабарларни яна бир бор тасдиқлади: сўнгги бир ой ичида ёнилғининг бу тури 100% ва ундан ортиқроққа қимматлаб кетди.
Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитасининг ҳисоб-китобича эса, пропан гази нархи май ойида 5,3 фоизга ошган холос.
Статқўм мулозимининг 5 июнь куни Озодликка тушунтиришича, газ нархи динамикасига оид статистик кўрсаткич билан реал нархлар орасидаги тафовут инфляцияни ҳисоблаш методикаси билан боғлиқ.
Нархга оид кўрсаткичлардаги ер билан осмонча фарқ қаердан пайдо бўлди?
Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитасининг исми айтилмаслигини сўраган мулозими Озодликнинг “Статистика қўмитаси: газ нархи 5,3% га ошди. Истеъмолчилар: газ нархи 2 мартага ошди” сарлавҳаси остидаги хабаридан пайдо бўлган “Нега шундай?” деган саволига жавобни хабарни ўқиганини писанда қилиш билан бошлади.
Масаланинг моҳияти юзасидан мулозим айнан мана бундай деди:
“Бизнинг кузатувларга қараганда, пропан гази нархи 4 та вилоятда ошди. Апрелда нарх тушган ҳам эди. Май ойида Бухорода ҳатто 78 фоизга ошгани кузатилди. Лекин биз мамлакат бўйича ўртача кўрсаткични оламиз. Ўртача кўрсаткич эса, 5,3 фоизни ташкил қилди”, - деди Статқўм мулозими.
Унинг бу гапига Озодлик, “ахир деярли барча вилоятларда Бухородагидай ўсиш кузатиляптику?” деб эътироз билдирди.
“Биз май ойи учун ҳисоботимизда нарх ошган вилоятлардаги кўрсаткичларни кўрсатдик. Қолганлари июннинг ҳисоботида акс этади”, - деди Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитаси етакчи мутахассиси.
Автомобилларга қуйилувчи пропан-газ нархи нима учун бу қадар ошиб кетди?
Сўнгги 1 ойда пайдо бўлган бу долзарб саволни “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг суюлтирилган газ (пропан) таъминотига мутасадди мутахассисларидан бирига бердик.
“Биз (“Ўзтрансгаз” – таҳр.) газни аҳолига етказиб бериш билан шуғулланамиз. Автомобилларга қуйиладиган пропан газига бизнинг алоқамиз йўқ. У биржаларда шаклланадиган нархларда сотилади. Газ сотувчи ҳар бир субъект газни биржадан сотиб олади. Биржадаги нархлар эса, ўйнаб туради”,- деди “Ўзтрансгаз” вакили.
Автоёнилғи-газнинг биржалардан сотиб олиниши тўғрисида, пропан-газ нарх кўтарилиб кетгани учун шаҳобчасини сўнгги бир ойдан буён ишлатмаётгани тўғрисида Каттақўрғон шаҳридаги тадбиркор Озодликка 5 июнь куни айтди.
Мустақил мутахассис нима деди?
Газ таъминоти бўйича қирғизистонлик мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистон суюлтирилган газ нархини жаҳон нархлари даражасига кўтармоқчи.
“Масалан, биз Қирғизистонда суюқ газнинг Хитойдан 1 тоннасини 400 доллардан сотиб оламиз. Ўзбекистон ҳам суюқ газини жаҳон нархларига кўтараяпти. Мендаги маълумотларга қараганда, 375 доллардан Тожикистон ва Афғонистонга сотаяпти”,- деди қирғизистонлик мутахассис. Лекин очиқ манбалардан унинг бу маълумотини, яъни Ўзбекистон суюлтирилган газни қўшниларига сотаётганини тасдиқловчи информация топмадик.
"Аҳолига ажратилган газ машиналарга қуйилаяпти"
Қирғизистонлик мутахассиснинг айтишича, “Ўзбекистон суюлтирилган газни аҳолига деярли таннархида сотиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Бундан эса, автомобилларга газ қуювчилар фойдаланаяпти. Улар шаҳар ва туман газ таъминоти идоралари билан тил бириктириб аҳоли хонадонлари учун мўлжалланган газни автомобиль ёнилғиси сифатида сотиб юбораяпти”.
Ҳукумат тан олган иллат
Қирғизистонлик мутахассис тилга олган коррупция ҳолатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил, 29 декабрдаги қарорида тан олинган. Муқаддимасида айтилишича, мазкур қарор газ таъминоти соҳасидаги ўғирликлар ва суиистеъмол қилиш ҳолатлари олдини олиш учун қабул қилинган.
Ҳукматнинг ўша қарори билан аҳолига сотиладиган суюлтирилган газ нархлари белгилаб қўйилган. Ҳужжатга биноан 2018 йил 1 апрелдан аҳолига сотиладиган 1,0 килограмм суюлтирилган газнинг нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда 500 сўм этиб белгиланган.
2018 йил 1 августдан бошлаб эса барча ҳудудларида суюлтирилган газ аҳолига 1 кг учун 800 сўмдан етказиб берилади.
Лекин бу қарор суюлтирилган газ таъминоти соҳасидаги ҳукуматнинг ўзи тан олаётган коррупцияни йўқ қила олмаслиги ойдай равшан кўриниб турибди: cуюқ газнинг 1 килоси шу кунда ўртача 600 сўм, 1 августдан 800 сўм, АЁҚШларда эса, шу кунда 2500 сўм атрофида.
Ечими кўринмаётган бу масалани ҳукуматнинг 2017 йил, 11 октябрдаги қарори ижроси ҳал қилиши мумкин. Қарорга биноан мавжуд пропан-газ станциялари 2019 йилгача метан-газ станцияларига айлантирилиши лозим.
Метан-газ (сиқилган табиий газ) нархида ўтган ойдаги ўсиш 0,9 фоизни ташкил қилган холос. Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитасининг бу маълумотини оддий истеъмолчилар Озодлик билан 5 июнь кунги мулоқотлар давомида тасдиқлади.