Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов музейига айлантирилган Оқсарой қароргоҳи мажмуасини таъмирлаган қурилиш ширкатига буюртмачи ҳақ тўламаган. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ширкат муҳандисига кўра¸ 100 дан зиëд ишчи 10 ой мобайнида ҳақ олмаган, мажмуа олдига ўрнатилган Каримов ҳайкалини ясаш ва монтаж қилиш ишлари учун ҳам ҳануз ҳақ тўланмаган.
Музей раҳбариятига яқин мулозим Озодлик билан суҳбатда “ноябрь охирига қадар барча усталар билан ҳисоб-китоб қилинади”, деб ишонтиришга уринди.
Ислом Каримов музейини таъмирлаган усталарга ҳақ берилмагани ҳақида ëзган тошкентлик журналист Сергей Ежковнинг Озодликка айтишича¸ президент администрацияси қурилиш ширкатидан 156 600 000 сўм қарздор.
Хавфсизлигини ўйлаб исми айтилишини истамаган муҳандиснинг айтишича, “таъмирлаш ишида қатнашган юздан зиëд қурувчига ва таъмир учун ҳаржланган материалларга ҳақ тўлаш муаммога” айланган:
- Бу муаммони ҳал қилиш учун ўн ой давомида президент порталига арз қилдик. "Каримовнинг 80 йиллик таваллуд кунига тез битириб беринглар пулини ҳал қиламиз", деган президент девони ходими шу кунда телефонини ўчириб, биз билан гаплашмай қўйди.
Ҳайкалтарошга ҳам ҳақ тўланмади
Мажмуа олдига ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкалини яратган Ўзбекистон халқ рассоми Илҳом Жабборовга ҳам ҳақ тўланмагани маълум бўлди. Шунингдек, ушбу ҳайкални ўрнатиш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишлари учун ҳам ҳақ тўланмаган. Ҳайкалтарошнинг қурилиш масалалари бўйича ëрдамчиси Озодлик билан суҳбатда "тўланмаган ҳақ миқдори астрономик сумма", дейиш билан кифояланди.
Мулозим: Пул ой охиригача тўланади
Озодлик Ислом Каримов музейи раҳбариятига яқин мулозим билан суҳбатлашди. Мулозимнинг айтишича¸ “марҳум президент қароргоҳини музейга айлантириш учун 4 миллиард сўмлик иш бажарилган. Ва бу сумманинг асосий қисми тўланган Қолган қисми ҳам ноябрь охири узоғи билан декабрда тўлаб бўлинади. Бунинг сабаби кўп ҳолларда қурилиш ширкати ишни смета ҳужжатлари ва шартномаларни расмийлаштирмасдан қилган. Шу кунда бу масала ечилди”.
Музей раҳбариятига яқин мулозим Оқсарой олдига ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали муаллифи Илхом Жабборовга ҳақ тўланмагани масаласида аниқ фикр билдирмади.
Мулозимга кўра¸ музейнинг олдидаги майдон шаҳар ҳокимлигига тегишли ва ҳайкал ҳаражатларини ҳокимлик тўлаши керак. Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокимлиги мулозимига кўра¸ ҳайкал Ўзбекистон президенти администрацияси тарафидан буюртма қилинган:
-Тўғри ҳайкал бизнинг балансда. Туман коммунал хўжалик бошқармаси ҳайкал атрофидаги ободончиликни таъминлаб турибди. Аммо ҳайкал қурилишини президент девони буюртма қилган.
Қароргоҳнинг музейга айланиши
Ислом Каримовнинг ўлимидан икки йил ўтиб жорий йилнинг 28 августида Оқсарой музей сифатида қайта очилган эди. Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиëев иштирок этган музейдан мустақил Ўзбекистонни чорак аср бошқарган марҳум Каримовнинг ҳайкали¸ суратлари, бошқа экспонатлар жой олган.
Ўзбекистон Президенти Мирзиёевнинг қарорига биноан, собиқ Ўзбекистон, ҳозирги Ислом Каримов кўчасида жойлашган Оқсарой биносида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди фаолият олиб бормоқда.
Музей экспонатлари марҳум президентнинг кенжа қизи Лола Каримова- Тиллаева раҳбарлигидаги “Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди” ҳисобидан ҳарид қилингани айтилади.
Музей Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 25 январь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарор асосида ташкил қилинган эди.
Айни қарор асосида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳам Каримов ҳайкаллари ўрнатилди.
Бу ҳайкалларни тиклаш ва доимий ободонлаштириш ишлари давлатга қанчага тушгани ҳақида маълумотлар эълон қилинмаган.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати биринчи президентнинг беваси Татьяна Каримованинг турмуш ҳаражатларини мунтазам тўлаб боришни ҳам зиммасига олган. Тошкент вилоятидаги Қайнарсой қароргоҳи Каримова ихтиëрига берилган.
Тахлилчи ва собиқ дипломат Алишер Таксановнинг ўз манбаларига таяниб айтишича¸ давлат “Каримовнинг беваси яшаëтган Тошкентдаги квартира¸ Қайнарсойдаги қароргоҳ ҳаражатларини ошиғи билан тўламоқда”
Таксановга кўра¸ тиббий ҳизмат¸ автомобиллар¸ ва икки ҳайдовчи ҳамда уй хизматчилари ойлигини ҳам давлат тўламоқда.
Собиқ дипломат Алишер Таксанов бу ҳаражатларни ўзбек солиқ тўловчилари зиммасига юкланган ортиқча юк деб билгани учун Шавкат Мирзиëев виртуал қабулонасига шикоят хати юборганлигини айтади. Бу шикоят хатида Таксанов “Ислом Каримов оиласига давлат тарафидан қанча пул ҳаржланаëтгани очиқланишини” талаб қилган.