Коллеж ўқувчиси: Бизда зачеткага баҳо қўйдириш 50 минг сўм туради

Ўзбекистон коллежларида ўқув йили тугашига оз қолган бир пайтда порахўрлик авж олгани ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда. Самарқанд Тиббиёт коллежи ўқувчиларидан бири касаллик туфайли қолдирилган ҳар бир дарс учун ўқитувчилар очиқчасига 5000 сўмдан, зачеткага қўйиладиган бир якуний баҳо учун эса 20 мингдан 50 минггача нарх белгиланганини иддао қилди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган Самарқанд Тиббиёт коллежи ўқувчиси бу йилги сессия унинг учун қимматга тушаётганини айтди:

- Зачеткага қўйиладиган ҳар бир баҳо учун 20 мингдан 50 минг сўмгача нарх белгиланган. Келмаган дарслар, яъни ҳар бир НБни йўқ қилиш учун эса 5 минг сўрайди. Мен бир ҳафта касал бўлдим. Дўхтирдан справка олиб келдим. Лекин отработка учун декан ва ўқитувчиларга 50-100 минг сўмгача пул сўрашди. Ҳуллас ҳисоблаб чиқсам ўқув йилини ёпиш мен учун ярим миллионга тушяпти, - дейди Самарқанд Тиббиёт коллежи ўқувчиси.

Ўзбекистон коллежларида жорий этилган тартиб-интизом қоидаларига кўра, ўқувчи 70 соатдан ортиқ дарс қолдирса коллеждан ҳайдалади.

- Бир кунда саккиз соат ўқиймиз. Демак 9-10 кун ўқишга бормаса ўқувчи ҳайдалади. Шунинг учун ота-оналари чет элдан пул жўнатиб турадиган ўқувчилар дарсга келмайди, қолдирган дарсларини пул билан тўлдиради. Шуни дастидан менга ўхшаб сабабли дарс қолдирганлардан ҳам пул таъма қилишади, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган самарқандлик ўқувчи.

Нафақат Самарқанддаги, балки бошқа вилоятлардаги ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчилари ҳам сабаблими¸ сабабсизми дарс қолдириш учун белгиланган нарх ставкалари борлиги ҳақида Озодликка хабар йўллашган.

Озодлик мазкур иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Самарқанд Тиббиёт коллежига боғланди.

Телефон гўшагини кўтарган коллеж раҳбарларидан бири бу иддаоларни “100 фоиз уйдирма” деб атади.

- Биз порахўрликни таг-томири билан йўқ қилганмиз. Биз ўқувчилардан пул олмаслик ҳақида ҳар бир домладан тилхатлар ҳам олганмиз. Йиғилишлар қилганмиз. Ҳамма ишни қилганмиз. Ўқувчиларни ўзлари бизни олдимизга келсин фалончи пул таъма қиляпти деб, шу ерни ўзида чорани кўрамиз, - деди Самарқанд Тиббиёт коллежи раҳбар ходимларидан бири.

Айрим коллежларда “порахўрликни жиловлаш” мақсадида талабалар орасида сўров ўтказилган.

Шундай сўров ўтган йил Бухородаги Қурилиш коллежида ҳам ўтказилганди.

Озодлик суҳбатлашган шу коллеж ўқувчиларидан бири порахўрликка қарши кўрилаётган чораларга қарамай, вазият ўзгармай қолаётганини айтади.

“Мен ўқийдиган коллежда ҳам домлаларнинг порахўрлиги тўғрисида сўров ўтказилган¸ лекин бу билан ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Ҳозир ҳам пул йиғим-терими авжида. Қайси фандан қандай баҳо олиш нархини староста айтади. Шу пул домлага берилмаса баҳо қўйилмай қолади. Бу эса ўқишдан ҳайдалиш билан баравар”, - дейди Бухоро қурилиш коллежи талабаси.

Коллежларда катта-кичик лавозимларда ишлаётган амалдорларнинг пора билан ҳибсга олиниши кейинги пайтларда Ўзбекистонда тез-тез кузатилмоқда.

Кейинги пайтда Ўзбекистон расмий матбуоти, айниқса, "Ҳуқуқ" газетаси пора билан қўлга олинган коллеж ходимлари ҳақида тез-тез хабар қилмоқда.

Расмий хабарлар мазмунидан, ушланаётган порахўрларнинг аксарияти таълим соҳасидаги кичик даражадаги мулозимлардир.

3 март куни Озодлик Бухоро вилояти Қоракўл тумани тиббиёт коллежи директори лавозимида ишлаган аёл имтиҳон мавсумида жами 32 минг АҚШ доллари миқдорида пора олганликда гумонланиб қўлга олингани ҳақда хабар берган эди.

Бироз муқаддам УЗИНФОРМ агентлиги Наманганда болаларни пора эвазига тиббиёт коллежига киритиб қўйишни ваъда қилган Эркин Жалолов исмли шахс ушланиб, судга тортилганини хабар қилган эди.

Бу мустақил гуруҳ таъкидича¸ Ўзбекистонда коррупция энг кенг тарқалган соҳалардан бири айнан олий таълим тизимидир.

Дунë мамлакатларидаги коррупция кўламини муттасил тадқиқ қилиб келаëтган маркази Берлинда жойлашган Trasparency International Ўзбекистонни йиллардан бери коррупция чуқур илдиз отган давлат сифатида таърифлаб келади.