Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий базалар ракеталардан ўққа тутилгани тўғрисида хабар пайдо бўлган бир пайтда ва Украина уруши билан боғлиқ долзарб воқеалар манзарасида ўзбек дипломатияси раҳбарининг қаердалиги қарийб бир ойдан бери номаълум қолмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украина бўйича Ўзбекистон позициясига оид баёнотидан сўнг унинг даволанишда эканлиги тўғрисида норасмий маълумотлар тарқади.
Ташқи ишлар вазирлигининг исми очиқланмаслигини истаган ходимларидан бири 20 апрель куни Озодликка: “Абдулазиз Хафизович ишга чиқмаяпти, бир ой бўляпти у ҳақда ҳеч нарса эшитмадик”, - деди.
Вазирликнинг ахборот хизмати мулозими Озодликка расмий каналларни кузатиб боришни тавсия қилди, маълумот чиқиши билан бу ҳақда расман билдирилишини айтди:
“Бирон маълумот бўлса ўзимизни расмий каналларда эълон қиламиз, Телеграм каналимизни кузатиб борасингиз маълумот чиқса эълон қиламиз”, - деди ТИВ ахборот хизматининг мулозими.
"Янги Ўзбекистон" газетаси 29 март куни вазирлик матбуот хизматига таяниб, "Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов сўнгги ўн кун давомида сурункали касалликлари туфайли Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида тиббий муолажалар олди. Шифокорларнинг консилиум хулосасига кўра, А.Комиловнинг саломатлигини янада чуқурроқ текширувдан ўтказиш зарурати юзага келгани сабабли айни кунларда вазир ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли муолажаларни олиш мақсадида хорижда даволанишни давом эттирмоқда", деб хабар қилган эди.
30 март куни Озодлик Ўзбекистон ҳукуматидаги яқин манбаларга таяниб 74 ёшли вазирнинг “хорижда даволанаётган”и, унинг ҳукуматдаги вазифасига қайтмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Мавзуга алоқадор Манбалар: Абдулазиз Комилов ТИВга қайтмаслиги мумкинАйни пайтда Тошкентдаги манбалар ўзбек дипломатиясига қарийб йигирма йил раҳбарлик қилган Абдулазиз Комловнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақида ҳам гапирган. Улар истеъфони Комиловнинг соғлиги билан эмас, балки шу йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Сенатида Украинадаги вазият юзасидан қилган баёноти билан боғлашган.
Комилов 17 март куни Сенатдаги баёнотида Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаганди.
“У киши тепа билан бемаслаҳат ҳеч нарса қилмайди"
Абдулазиз Комиловнинг исми очиқланмаслигини истаган яқинларидан бири 20 апрель куни Озодликка вазир Тошкентда экани, унинг ишга чиқмаётганининг асл сабаби "соғлиги" эканини айтди.
"У юқорининг рухсатисиз ўз-ўзидан бирор иш қиладиган тоифадаги одам эмас. Унинг Украина ҳақидаги баёноти ҳам тепа билан келишилган. Кўпдан бери нафақага чиқмоқчи бўлиб юрувди, лекин "биринчи" рухсат бермаган. Комиловнинг рафиқаси эса у узоқ вақт бундай темпда ишлай олмаслиги, соғлиги кўтаролмаслигини айтиб келади. У инфарктолди ҳолатида. Йилига 36 марта саёҳат қилиш унинг ёшидаги одам учун жуда кўп. Бир мамлакатдан келади, жамадонларини алмаштиради, бошқасига учади, - деди Комиловнинг қариндоши.
Айни пайтда айрим маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши, янги вазирликка раҳбар сифатида Сардор Умрзоқов номзоди кўрилаётгани ҳақида хабар берди.
Жумладан Gazeta.uz нашри ўз манбаларига таяниб бу ҳақдаги тегишли ҳужжат президент администрацияси томонидан ишлаб чиқилаётгани, яқин кунларда эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати ходими Озодликка "ҳозирча ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз" дейиш билан чекланди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эса Абдулазиз Комилов ҳамон вазир сифатида турибди.
"Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди"
Ҳозирча Озодликда Комиловнинг кутилаётган истеъфоси, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши, янги вазирликка раҳбар сифатида Сардор Умрзоқов номзоди кўрилаётганига доир расмий маълумот мавжуд эмас.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг исмини очиқламасликни сўраган ходими буларни миш-миш даражасидаги гаплар эканига ишонишини айтди.
“Булар миш-миш деб умид қиламиз. Бизни қулоғимизга ҳам чалинди бу гаплар, лекин Умурзоқовнинг бизга вазир бўлишига кўзимиз етмайди, у дипломатияни тушунмайди. Ташқи ишлар вазирлигини Иқтисодий тузилмалар билан бирлаштириш аҳмоқгарчилик. Лекин шамол бўлмаса дарахтни учи қимирламайди", - деди Озодлик суҳбатлашган ТИВ ходими.
“Америка овози” радиосининг ўзбек хизмати мухбири Навбаҳор Имамова Twitter саҳифасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштириш ғояси анчадан бери борлиги ҳақида ёзди:
“Эшитишимизча, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги тез орада бирлаштирилиши мумкин. Бу таклифлар бир мунча вақтдан бери мавжуд. Кўрамиз, Тошкентдаги бу “миш-миш” ҳақиқат бўладими? Дипломатия - бу улкан иш, шунингдек, сармоя ва ташқи савдо масалалари ҳам”.
Озодлик манбалари Ўзбекистоннинг янги ташқи ишлар вазири лавозимига вазир ўринбосари Владимир Норов номзоди кўриб чиқилаётганини тахмин қилмоқда.
23 март куни Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдиримни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида вазир ўринбосари Владимир Норов қабул қилган эди. Норов 2006-2010 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлган.
Бошқа бир манбага кўра, номзодлар орасида Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳам бор. Умурзоқов 30 март куни Хитойнинг Тунси шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашди. Айни учрашув доирасида у Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ҳам музокаралар олиб борган.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Сенатдаги баёноти Россиянинг Украинага тажовузи бошланганидан 22 кун ўтиб янгради.
Мавзуга алоқадор “Москва заифлашди, Тошкент жасурлашди”. Ўзбекистон ТИВ Украинага оид позициясини очиқладиБунга қадар расмий Тошкент Украинадаги вазият борасида “нейтрал ва вазмин” позицияни эгаллаганини айтиб келаётганди.
Энг узоқ ишлаган вазир
74 яшар Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ҳукуматининг энг кекса мулозимларидан бири. У икки марта мамлакат Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган ва ушбу лавозимда умумий ҳисобда 19 йилдан кўпроқ ишлаган.
Комилов сўнгги бор Ташқи ишлар вазири лавозимига марҳум Ислом Каримов томонидан 2012 йилда тайинланган эди. У собиқ ҳукуматнинг 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг вазир лавозимини сақлаб қолган ягона аъзосидир.
Абдулазиз Комилов илк бор 1994 йилда Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган ва 2003 йилгача ушбу лавозимда ишлаган.
Совет даврида СССРнинг Ливандаги элчихонаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқ бўлимида ишлаган Абдулазиз Комиловнинг “собиқ СССР КГБсидан чиққан кадр” экани айтилади. Унинг расмий таржимаи ҳолида КГБда хизмат қилгани ҳақида маълумот йўқ. Аммо Абдулазиз Комилов 1992 йилда Москвадан Ўзбекистонга қайтгач эгаллаган илк лавозими Ўзбекистон МХХ раисининг ўринбосарлиги бўлган.
Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимидаги фаолияти Ўзбекистоннинг АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари билан яқин муносабатлар ўрнатган даврига тўғри келади.
2004 йилда Комилов Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланиши ортидан Ўзбекистон Эроннинг ядровий дастурига қарши АҚШ мавқеини дастаклаган ва орадан кўп ўтмай, ҳар икки томондан юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилганди.
Комилов 2003-2010 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган. Айни лавозимда у 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан ёмонлашган ўзбек-америка муносабатларининг қайта тикланишида муҳим рол ўйнагани айтилади.
Мавзуга алоқадор Ўзбек дипломатлари ташқи сиёсий фаолият янги концепцияси лойиҳасини муҳокама қилишдиКомилов Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланган ва Андижон воқеалари сабаб Тошкентга нисбатан жорий этилган санкциялар бекор қилинган 2012 йилда Ташқи ишлар вазири лавозимига қайтган эди.
Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг совет давридаги раҳбари Шароф Рашидовнинг куёвидир.
Унинг Россия фуқароси бўлган ўғли Дониёр Комилов ўтган йил ёзида Тошкент марказидаги собиқ МХХ биносини сотиб олиши ортидан тилга тушган эди. Маҳаллий матбуот бино Дониёр Комиловга тегишли METROPOL GROUP МЧЖ га сотилишидан аввал Маданий меросга оид кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилганига эътибор қаратган.