Япония ўзбек мактабига берган жиҳозларнинг талон-тарож қилингани иддао қилинмоқда

Япония элчихонаси мактабда аудит ўтказиши ҳақида гап-сўз тарқалганидан сўнг "кимлардир" жиҳозларни мактабга келтириб, ташлаб кетган.

Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2013 йили Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги 11-сон мактабга 140 минг АҚШ долларилик беғараз грант ажратган.

Болалари шу мактабда ўқийдиган ота-оналарнинг Озодликка иддао қилишича¸ ​элчихона туҳфа қилган уй-рўзғор жиҳозлари ва маиший техниканинг айримлари ғойиб бўлган ва Хитойда ишлаб чиқарилган арзонроқларига алмаштириб қўйилган.

Ушбу мактабга уч ой олдин директор этиб тайинланган Озода Салимова Озодлик билан суҳбатда шундай ҳолат бўлганини тасдиқлади.

Салимованинг айтишича, Япония элчихонаси мактаб маъмуриятини 2013 йилги грант бўйича аудит ўтказиш режасидан огоҳлантиргани ортидан "кимлардир" жиҳозларни мактабга келтириб, ташлаб кетган.

Япония элчихонаси мулозими 11-мактабда 10 май куни аудит ўтказилишини тасдиқлади¸ аммо 5 йил олдин туҳфа қилинган жиҳозларнинг мақсадсиз ишлатилгани борасида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Каттақўрғондаги 11-сонли мактабга алмаштириб қўйилган жиҳозлар қайтарилган.

11-сонли мактаб директори Озода Салимованинг3 май куни Озодликка айтишича, март ойида япон элчихонаси ходимлари жиҳозлар аҳволини келиб текшириб кетишган ва шундан сўнг аудит ўтказилишини маълум қилишган:

- Улар жиҳозларни кўриб кетишганидан кейин менга элчихонадан телефон қилаяпти, “10 май куни сизга аудит ташланади”, деб. Мен: “Тинчликми, биронта шубҳали ҳолат бўлдими?” деб сўрасам, улар “Йўқ¸ ҳаммаси жойида, лекин ҳамма жиҳозларни модел рақамлари билан солиштириб, қайта хатловдан ўтказиб беринглар¸” деди. Шу якшанба куни ҳамма жиҳозларни рақамларини солиштириб кўрдим. Қарасам, музлатгич, газ плита, микроволновий печ, шарбат чиқарадиган жиҳоз ва бошқа техникаларни модел рақамлари тўғри келмаяпти. Кейин мен мактабга мендан олдин раҳбар бўлган, ҳозир шаҳар Халқ таълими бўлимига бошлиқ бўлган Муҳайё Бахтиёровна Носировага бу ҳақда айтдим. Катта жанжал бўлди, мен касалхонага ётиб қолдим. Ҳозир билсам¸ жиҳозларни кимлардир мактабга олиб келиб кетибди. Энг ёмони¸ ҳозир япон элчихонасидагилар сохта жиҳозларга ҳам белги қўйиб кетган. Элчихонани олдида уятга қолдик, - деди Озода Салимова.

Мактаб директорига кўра, Япония элчихонаси мактабда 10 май куни аудит ўтказиши маълум бўлгач "кимлардир" жиҳозларни мактабга келтириб, ташлаб кетган.

Каттақўрғон шаҳридаги 11-сонли мактабнинг хўжалик ишлари бўйича мудири Карим Аминов Озодлик билан суҳбатда 2013 йилда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси мактабга туҳфа қилган жиҳозларни ўзи қабул қилиб олгани, лекин уларнинг айримлари қандай қилиб алмаштириб қўйилганидан хабарсиз эканини айтди:

- Ўша пайтда япон элчихонаси мактабимизга парта, стул, стол, доска, оргтехника, тикув машиналари, уй-рўзғор жиҳозларини берган эди. Мен ҳаммасини жой-жойига ўрнатиб қўйгандим. Яқинда текшириб кўрсак, холодильник, газ плита, микроволновка, соковыжымалкани ишлаб чиқариш рақами тўғри келмайди, фирмаси ҳам, русуми ҳам бошқача. Қандай алмаштириб қўйилган, мен тушунмай қолдим, - дейди Карим Аминов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Каттақўрғон шаҳридаги 11-сонли мактабнинг хўжалик ишлари бўйича мудири Карим Аминов.

Япония элчихонаси мактабда 10 май куни аудит ўтказиши маълум бўлгач "кимлардир" жиҳозларни мактабга келтириб, ташлаб кетган.

Озодлик масалага ойдинлик киритиш учун мактабнинг собиқ раҳбари, феврал ойидан Каттақўрғон шаҳар Халқ таълими бўлими бошлиғи вазифасини бажараётган Муҳайё Носировага кун давомида телефон қилиб, унга боғлана олмади.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими эса Озодлик билан қисқа суҳбатда "Жиҳозлар ўғирланмаган, алмаштирилмаган ҳам, жойида турибди, бориб текширишингиз мумкин", дейиш билан чекланди.

Япония элчихонасига кўра, Ўзбекистонда "Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам" дастури 1995 йилдан бери амалга ошириб келинади.

Ушбу дастур доирасида Ўзбекистонда тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 26 044 456 долларлик 363 лойиҳа амалга оширилган.