Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан шартнома тузиб Жанубий Кореяга кетган меҳнат муҳожири, агар иш жойидан қочиб кетса, шартномани бузган даврининг ҳар бир ойи учун 1500 доллардан жарима тўлайди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Равшан Ибрагимов kun.uz сайтига берган суҳбатида билдирди.
Ибрагимовнинг айтишича, жорий йилгача шартномани бузган ишчига бир марта 1000 доллар жарима солинар эди, холос.
Озодлик Агентлик жорий этган жазо чорасининг мамлакат қонунларига қанчалик мос келишига қизиқди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Равшан Ибрагимов мухбир билан қарийб 1 соат давом этган суҳбатида меҳнат миграцияси билан боғлиқ кўп масалалар юзасидан маълумот берган.
Кореяга борган ўзбеклар билан боғлиқ уч муаммо
Жанубий Кореяга шартнома имзолаб кетаётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ муаммоларни санар экан, суҳбатнинг 50-дақиқасида Ибрагимов бундай деган:
“Биринчи муаммо тил билмаслик (ўзбекистонликларнинг корейс тилини билмаслиги – таҳр.), иккинчиси – маълум муддатдан кейин шартнома шартини бажармай қочиб кетиб қолишдир. Бир кундан кейин қочиб кетиб қолаётганлар ҳам бор. Бир ой ишлаб қочиб кетиб қолаётганлар бор. “Ақллиларнинг” “маслаҳатгўйларнинг” гапига кириб қочиб кетишаяпти. Учинчи муаммо меҳнат шартномаси муддати тугаганидан (Кореяда) кейин қолиб кетаётганлар”, деган Агентлик раҳбари.
Кореяга шартнома билан бораётганлар нега ишни ташлаб кетиб қолишаяпти?
Хўш, нима учун Кореяга борган ишчи, Агентлик раҳбари сўзлари билан айтганда, 1 кун ёки 1 ойдан кейин қочиб кетади?
Бу саволнинг билвосита жавобини ҳам Ибрагимовнинг ўзидан эшитиш мумкин – асосий сабаб шартнома билан борганларнинг ойлиги шартномасиз ишлаётганлар оладиган иш ҳақидан камлигидир. Равшан Ибрагимов суҳбатнинг 42- дақиқасида бундай деган:
“Фуқаромиз борди (Кореяга), ишлаяпти. Шартнома бўйича маълум миқдорда ойлиги белгиланган. Иш шароити, яшаш шароити белгиланган. Ўзи шунга рози бўлиб, имзолаб кетди. Ишлаяпти. (Шу пайт) у ерда норасмий ишлаб юрган фуқароларимиздан бири келадида, “юрасанми шу ойликка, юр, ана у ерда каттароқ ойлик бор, дейди, 500 ёки ундан каттароқ миқдорда тўлайди, кетдик”, деса, қонуний ишлаб турган жойини ташлаб кетиб қолаяпти”, дейди Равшан Ибрагимов.
Жарима ёки Вьетнамдан ўрганилган тажриба
Бундайлар, Ибрагимовнинг айтишича, жаримага тортилади:
“Илгари (жарима) 1000 доллар эди. 1 марталик эди. Фуқароларимиз қочиб кетиб қолиб, 1000 доллар тўлаб қўйиб, юрган эди. Энди мана бу йилдан <…> шартномани бузиб, ишлаб турган жойидан норасмийга чиқиб кетиб қолганларни ва шартнома муддатини тугатиб (Кореяда) қолиб кетганларни шартнома муддатини бузган даври учун ҳар ойга 1500 доллар миқдорида жаримага тортиш тўғрисида механизм киритдик”, деган Агентлик раҳбари. У кўрилаётган чоранинг тўғрилигини бундай тажриба Вьетнамда ҳам борлиги, бу мамлакатда жарима миқдори 3000 доллар эканлигини билан изоҳлаган.
Оддий арифметика
Равшан Ибрагимовнинг айтишича, шартнома 4 йилу 1 ойга тузилади. У киши айтгандай, ишчи Корея боргач, “1 ой ишлабоқ қочиб кетса” Агентлик ундан 72 000 доллар (4йил = 48 ой; 48 X 1500 = 72 000) талаб қиладими?
Шу ва бошқа саволларимизни бериш учун Агентлик билан боғландик. Телефонни кўтарган мулозим 10 дақиқага чўзилган сўзлашувлардан сўнг саволларимизни ёзиб юборишни сўради. Ёздик. Жавоб келса, эълон қиламиз.
Меҳнат кодекси нима дейди?
Тошкентлик ҳуқуқшунос Бахтиёр (фамилиясини айтишимизни истамади) Озодлик илтимосига жавобан Равшан Ибрагимовнинг интервьюсини эшитиб чиққач, эътиборимизни Меҳнат кодексининг 75- (Меҳнат шартномасининг муддати) ва 104- (Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш) моддаларига қаратди.
Ҳуқуқшуноснинг айтишича, бир қарашда, Агентлик Кореяга кетаётган ишчи билан шартнома тузар экан, шу моддаларга таянган ва расман қонунни бузмаган.
Бироқ, ҳуқуқшуноснинг фикрича, Агентлик ёлланувчи билан тузаётган шартноманинг 104- модданинг (Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш) қуйидаги меъёрларига мослигини ўрганиш лозим:
“Неустойканинг миқдори иш берувчи томонидан ходимнинг манфаатларини кўзлаб қилинган харажатларга, ходим ишлаган давр ва бошқа ҳолатларга боғлиқ тарзда тафовут қилиши мумкин.
Ходим тўлайдиган неустойка миқдори иш берувчи тўлайдиган неустойка миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмас”, дейилган 104- моддада.
Сўнгги модда мантиғидан келиб чиқилса, шартномада иш берувчи ҳам ўз зиммасига ойига 1500 доллар миқдорида неустойка тўлаш мажбуриятини олиши лозим. Мана шу ҳолатдагина иш берувчи билан ишчининг ҳуқуқларида тенглик пайдо бўлади.
Кореяга кетаётган ишчилар билан Агентлик тузган шартномада шу нарса назарда тутилганми?
Яъни, масалан, шартномада “Ишчи ишга қабул қилинган кундан бир ой ўтгач, иш берувчи (ёки Миграция агентлиги) шартномани бузгудай бўлса, ишчига шартнома тузилган муддатнинг қолган қисмининг ҳар бир ойи учун 1500 доллардан неустойка тўлайди”, деганга ўхшаш гап ёзилганми?
Бу саволга жавоб топиш учун шартнома матнини топа олмадик.
Жанубий Кореяда ишлаётган тингловчиларимизни мавзуни давом эттиришга чақирамиз.