Тошкент шаҳрида диний айбловлар билан қамалган маҳкумларнинг қариндошлари "ҳукуматнинг қийноқ амаллари"га қарши норозилик намойишини ўтказмоқда. 20 октябрь куни Тошкентдаги Европа Иттифоқи делегациясининг идораси жойлашган Халқаро бизнес маркази биноси қаршисида Самарқанд ва Навоий вилоятидан келган ўнга яқин аёл тўпланди. Улар қамоқдаги яқинларига қийноқлар тўхтатилишини талаб қилиб келган.
20 октябрь куни Навоий ва Самарқанддан келган маҳкумларнинг яқинлари Тошкентдаги Европа Иттифоқи делегацияси офиси яқинида уч соатча туришди.
Сўнгра фуқаролик кийимидаги хавфсизлик ходимлари келиб, намойишчиларнинг плакатларини олиб қўйган ва тарқалишга кўндирган.
Норозилик тадбирида қатнашаётган навоийлик Инобат Арзиева Озодлик билан суҳбатда диний экстремизмда айбланиб қамалган икки фарзандига тинимсиз қийноқ қўлланилганини айтади.
- Бир ўғлимни 2015 йилда қамашди. Исми Фарруҳ, қийноққа солишди. Яна бир ўғлим Ҳасан, шу йил апрель ойида Россиядан келиши билан қамоққа тиқишди. Диний айбловларни бўйнига қўйиш учун тинимсиз қийнаб, белини синдиришди, юролмайди. Европа раҳбариятига буни етказмоқчимиз, қийноқларни тўхтатишсин, деб. Лекин, бизни ЕИ идорасига ўтказишмаяпти, - дейди Инобат Арзиева.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Норозилик қатнашчиларидан яна бири Дилшода Тонготарова экстремизмда айбланиб, 6 йилга қамалган ўғлини айбини бўйнига қўйиш учун синглисини зўрлаш билан пўписа қилишганини айтади.
- Жинсий аъзосига сув билан тўлдирилган баклажкани осилтириб, қийнашган. Бўнингга олмасанг онангни, синглингни кўз олдингда зўрлаймиз, дейишган. Тинимсиз қийнашган. Ҳақиқат йўқ, ҳеч ким бизга қулоқ солмаяпти. Болаларимизга қийноқ қўлланилганини айтиб, президент идорасига ҳам мурожаат қилдик, прокуратурага ҳам, ҳеч қанақа натижа бўлмади. Шунинг учун бу ерга келдик, халқаро ҳамжамият кўрсин, қамоқда нималар бўлаётганини, - дейди Дилшода Тонготарова.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Самарқандлик Барно Восиева ҳам қамоқдаги ўғлига қийноқ қўлланилишини талаб қилиб, Тошкентга келганини айтади.
- Диний терроризм бўйича айб қўйишган. 2015 йилда Россиядан келган эди, бу йил қамади. Айбни бўйнига қўйиш учун ечинтириб, электрошок билан қийнашган. Додимизни президент эшитсин, деб келсак гараждан формасидагилар келиб, кетинглар бу ердан, деб бизни қувлаяпти. Лекин, биз ҳеч қаерга кетмаймиз, бугун шу ерда ётиб қоламиз, - дейди Барно Воситова.
Норозилик қатнашчилари Ўзбекистон президенти идорасига ҳам бориш ниятида эканликларини айтишмоқда.
- Агар додимизга ҳеч ким қулоқ солмаса эртага президентни уйини олдига бормоқчимиз. Чунки булар бизни айтганларимизни президентимизга етказишмаяпти. Ҳеч ким қулоқ солмаса биттамизни қурбон қиламиз, ўзимизни ёқиб юбормоқчимиз. Ўлсак болаларимизни азоб чекаётганини кўрмаймиз ҳам, эшитмаймиз ҳам, - дейди Дилшода Тонготарова.
1987 йилда БМТ Қийноқларга қарши конвенцияни қабул қилган. Шу ҳужжатга мувофиқ қийноқ қўллаш ҳар қандай шароитда ноқонуний ҳисобланади ва ҳеч бир шароитда қийноқ қўллангани оқланмайди.
Ўзбекистон ҳам 1992 йилда ушбу Конвенцияга имзо чеккан ва ўз фуқароларини қийноқлардан муҳофаза қилиш мажбуриятига эга.
Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар систематик эканини айтиб келишади.
Лекин расмийлар буни рад этишади.
Икки йил аввал БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси муҳокамаси чоғида Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ўзини сўроққа тутган қўмита аъзоларига нисбатан ғазабнок муносабат билдирганди Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар йўқлигини айтганди.
БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачи Аҳмед Шоҳид яқинда Ўзбекистонга қилган 11 кунлик сафари якуни бўйича ҳисоботида Қорақалпоғистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасини ҳам бориб кўрганини ҳам ёзган Шоҳидга кўра, қамоқхона маъмурият у ерда 700 маҳбус сақланаётганини билдирган.
“Мен бир неча маҳбус билан махфий равишда ҳам гаплашишга муваффақ бўлдим. Қамоқхона бошлиғининг тушунтиришича, маҳбуслар ички тартиб, қоида ва жадвални бузмаса, диний ибодатларни бажаришлари мумкин. Ўзим гувоҳ бўлган нарсадан келиб чиқсак, маҳбуслар, айниқса диний экстремизмда айбланиб қамалганларнинг реабилитацияси учун сезиларли саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Уларнинг айримларига колонияда ўзларини яхши тутганлари ва чин дилдан афсус қилганлари туфайли муддатидан аввал қамоқдан чиқиш ёки амнистия бўлиш имкони тақдим этилган. Шунга қарамай, менга айтишларича, уларнинг кўпчилиги 1 йилдан 3 йилгача қўшимча муддатни ўташмоқда. Бунга сабаб ЖКнинг 221-моддаси аломатларини содир этишдир. Айрим ҳолларда қўшиб берилган муддатлар суд тайинлаган муддатдан ҳам ортиб кетган”, - деб ёзган Шоҳид.