Ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов озод этилди

Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси Ғайбулло Жалилов саккиз йиллик тутқунликдан сўнг озод этилган. Яқинларининг Озодликка айтишича, 51 ёшли Жалилов Зангиотадаги қамоқхонадан озод бўлгач 16 март куни Қашқадарёдаги уйига кириб борган.

Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ғайбулло Жалилов 2009 йилда Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктириш сингари айбловлар билан 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Унинг яқинлари қамоқда Жалилов мунтазам қийноққа солинганини айтишган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти Ғайбулло Жалилов ҳукмини қоралаган. Ташкилот "сохта айбловлар билан маҳкамага тортилган Ғайбулло Жалиловнинг айби исботланмагани учун у зудлик билан озод этилиши керак"лигини таъкидлаб келган.

Шу ой бошида узоқ муддат қамоқда ўтирган мухолифатчи Исроилжон Холдоров ва журналист Юсуф Рўзимуродовлар ҳам озод этилган эди.

АҚШ элчихонаси ҳуқуқ фаолларининг қамоқдан чиқарилишини олқишлаганди.

"Биз озодликка чиққан маҳбусларга адолат, соғлиқни қайта тиклаш ва янги кучлар тилаймиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини яна бошқа маҳбусларни озодликка чиқаришга ва озод бўлганларни уларни тўлақонли озод инсон эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлари топширилишига чақирамиз. Биз умид қиламизки, сиёсий маҳбусларни ҳибсга олиш амалиёти Ўзбекистон ўтмишида қолади ва ислоҳотлар изчил давом эттирилади”, - дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Исроил Холдоров 2007 йилнинг 19 февраль куни Андижон вилоят жиноят ишлари бўйича суди томонидан 6 йилга маҳрум этилган.

Юсуф Рўзимуродов эса 1999 йилда Тошкент вилояти жиноий ишлар бўйича суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Сўнгги бир неча ой ичда Ўзбекистонда ўндан зиёд ҳуқуқ фаоли ва журналист қамоқдан озод этилди.