Ургутда Йўл инспектори кекса ҳайдовчи билан муштлашди (ВИДЕО)

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ва “Нива” машинаси ҳайдовчиси дўппослашаётгани видеоси ижтимоий тармоқда тарқалди.

Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори “Нива” машинаси ҳайдовчиси билан муштлашаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Видеотасвирда шахси номаълум милиция ходими бир неча ҳамкасби ва бошқалар қуршовида ёши кексароқ кўринган ҳайдовчига куч қўллаб, уни ерга ётқизишга уринаётгани, ҳайдовчи ҳам бўш келмай милиция ходимини оёғидан кўтариб, унга қўл кўтараётганини кўриш мумкин.

Озодлик мухбирининг аниқлашича, ҳодиса 5 май куни Ургут шаҳри марказида бўлган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари “Нива” машинаси ҳайдовчисини тўхтатишганида икки ўртада жанжал келиб чиққан.

- Соат тушдан кейинги 2 лар эди. ГАИ ходимлари отаси тенги одамни тўхтатишган. Ўртада жанжал чиқади. Шу орада милиция ходимларидан бири отахонни елкасидан қисиб, ерга йиқитмоқчи бўлади. Отахон ҳам анча бақувват экан, бўш келмади. Энг қизиғи ГАИ ходимлари ва одамлар ҳаммаси томошабин бўлиб қараб тураверди. ГАИ ходимларига қоида бузарларни аниқлаш ваколати берилган, лекин ҳайдовчига куч қўллашга уларни ҳаққи йўқку, айниқса отаси тенгги одамга, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ургутликлардан бири.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари “Нива” машинаси ҳайдовчисини тўхтатишганида, инспектор ва ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиққан.

Ким кимга қўл кўтарган?

Озодлик ҳодиса юзасидан Ургут тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига боғланди.

Ургут ЙҲХБси мулозими ҳайдовчи милиция ходимига қаршилик қилгани ва милиция ходимига қўл кўтарганини айтди.

- Бу масалани муҳокама қилдик. Ҳайдовчини инспектор тўхтатганида ҳайдовчилик гувоҳномасини беришдан бош тортган, милиция ходимига қўл кўтарган. Ҳайдовчи хато қилганини тан олди ва ГАИ инспекторларидан кечирим сўради, - деди Ургут ЙҲХБси мулозими.

"ГАИ инспекторларидан кечирим сўрагани" айтилган ҳайдовчи билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда йўл ҳаракат хавфсизлиги инспекторлари ва ҳайдовчилар тортишаётгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқда аввал ҳам тарқалган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

ВИДЕО: Жиззахда милиция зобити аëлнинг сочини юлди

Ўтган йили Жиззахда милиция формасидаги кишининг аёлни сочидан тортаётгани акс этган видео Озодликда эълон қилингач, милиция ходими устидан маъмурий иш очилиб, ишдан бўшатилган эди.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолар орасида милиция ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари камситилаëтганига оидлари ҳам бор.

Ўтган ҳафта Facebook саҳифасининг "Водители Ташкента" гуруҳида тарқалган видеода пойтахтнинг Сергели мавзесида ҳайдовчи йўл ҳаракати инспекторини ҳақоратлаётганини кўриш мумкин.

“Жунгли қонуни”

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида юзага келувчи муносабатлар 1999 йил август ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуни билан тартибга солинади.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов Ўзбекистонда бу қонун қоғозда қолиб, йўл ҳаракати хавфсизлигида “Жунгли қонуни” ҳукмрон эканини айтади.

- Бу ҳаммаси ГАИ тизимининг қанчалар коррупциялашгани билан боғлиқ. Милиция қонунга амал қилмайди, ҳайдовчилар ҳам амал қилмайди. Ким зўр бўлса, йўл шуники. Таниш-билишчилик. Ҳайдовчи бўш келса милиция талашини билади ва ўзини зўр қилиб кўрсатишга уринади. Оқибатда мана шундай холатлар келиб чиқади. ГАИни вазифаси бор ҳайдовчини масъулияти бор, ҳар икки тараф шунга амал қилса, ҳаммаси қонун доирасида бўлса бунақа жанжаллар бўлмасди. Афсуски қонунларга амал қилинмайди, "Жунгли қонуни" ҳукмрон йўл ҳаракатида, - дейди Сурат Икромов.

Ўтган йил июл ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат мажлисида мамлакат Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини қаттиқ танқид қилган ва хизмати фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни тайинлаган эди.