OzodMikrofon: Президентга арз қилганим учун боламни Жаслиқда қийнашди

Маҳтума Жўраева қамоқдаги ўғлининг ҳаёти хавф остида эканини айтар экан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан ноҳақ қамалганлар қаторида ўғли Фурқат Жўраевнинг ҳам озод этилишини илтимос қилади.

Жиззахлик Маҳтума Жўраева уч йил аввал “Арамаис Авакян иши” номи билан жамоатчилик эътиборига тушган иш бўйича айбланиб қамалган, ҳозирда “Жаслиқ” қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ўғли Фурқат Жўраевни қамоқда қийноққа солишганини иддао қилди.

Жўраева айтишича, ўғлининг қийноққа солинишига “Жаслиқ”даги ҳақсизликлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ва халқаро ташкилотларга тинимсиз арз қилиши сабаб бўлган.

Уч йил аввал Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Конституцион тузумга тажовуз”, “Қўпорувчилик”, “Тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларга аъзолик” каби оғир моддалари билан 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Фурқат Жўраев 2016 йилнинг 9 апрелидан буён Ўзбекистондаги энг оғир шароитли “Жаслиқ” қамоқхонасида жазо муддатини ўтаяпти.

Ўғлининг ноҳақ айбланганлигини исботлаш учун уч йил давомида ҳаракат қилиб келаётган Маҳтума Жўраева унинг «Жаслиқ» қамоқхонасида ҳам муттасил қийноққа солинганини иддао қилади.

Маҳкам Жўраеванинг сўзларига кўра, қийноқлар туфайли ўғли жиддий жисмоний жароҳатлар олган. 21 август куни Жўраева Озодликка бундай деди:

- Мен президентга, халқаро ташкилотлар, элчихоналарга шикоят қилаверганимдан кейин, боламни лохмачлар ёрдамида қийнашган. Мени овозимни ўчириш учун Жиззах Миллий хавфсизлик бўлими, Ички ишлар ва Жиззах ҳокимиятининг диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими ходимларидан иборат гуруҳ “Жаслиқ”қа бориб "онанг тинч юрсин, президентга ёзавермасин, тинч юрса ўзингга яхши бўлади", деб босим ўтказишган.

Жўраеванинг иддао қилишича, ўтган йил кузида аввал ўғли ва қийноққа солинган йигирмага яқин махбусни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Аҳмад Шоҳиддан яшириш учун делегация ташрифи арафасида Тошкентга этап қилиб туришган:

- Оёғида қийноқ белгилари бор, шунинг учун Аҳмад Шоҳиддан яшириш учун Тошкентга этап қилишган. Мен борганимда ўғлимни тополомаганман ўшанда. Тошкентда дейишган. Делегация кетганидан сўнг қайта “Жаслиқ”қа тиқишган. Ҳозир булар ўғлимни умуман қамоқдан чиқмайдиган қилиб ҳар хил айбларни бўйнига қўйишяпти. Президентимиз МХХни яқинда ДХХ қилди, раҳбарини ўзгартирди, номи ўзгарган билан иш услуби аввалгича бўлиб қолмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Маҳтума Жўраева билан суҳбат.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити муносабати билан дам ўлиш куни бўлгани сабаб Жўраевнинг ўғли қийноққа солингани ҳақидаги иддаолар юзасидан Жазони идро этиш бош бошқармасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Жиззахлик 35 ёшли Фурқат Жўраев 2015 йилнинг 3 сентябрь куни вилоятнинг Пахтакор шаҳридаги бозор олдидан ниқобли кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган эди.

Орадан бир кун ўтгач эса, унинг дўстлари Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов, Акмал Матмуродов ва Дилшод Алимов ҳам куппа-кундуз куни ниқоблилар томонидан ўғирланган ва орадан 40 кун ўтгач, бу бешовлоннинг Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳибсхонасида сақланаётгани маълум бўлганди.

Ҳибсга олинганлар қисқа вақт ичида Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Конституцион тузумга тажовуз”, “Қўпорувчилик”, “Тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларга аъзолик” каби оғир моддалари билан судга тортилганди.

Суд мажлисларида бу беш йигит айбловларни тан олмаган. Тергов даврида ўта ноинсоний қийноқларга тутилганликларини билдиришган. Суд уларни турли муддатларга озодликдан маҳрум қилганди.

Мазкур ишнинг ноинсоний қийноқлар билан ўтган тергов жараёни ва адолатсиз маҳкамаси “Арамаис Авакян иши” номи билан Америка ва Европадаги етакчи инсон ҳақлари ташкилотлари ва бир қатор сиёсатчиларнинг, шунингдек, дунё арманлари халқаро ташкилотларининг эътиборига тушди.

Мавзуга алоқадор Жиззах телеканали ҳам “Авакян+4”ни қоралади

Маҳтума Жўраева қамоқдаги ўғлининг ҳаёти хавф остида эканини айтар экан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан ноҳақ қамалганлар қаторида ўғли Фурқат Жўраевнинг ҳам озод этилишини илтимос қилади.

- Ҳозир болам билан қамалганларни, Арамаис Авакянни ҳам манзил колониясига ўтказишган. Биргина менинг болам "Жаслиқ"да қоляпти.Чунки ўғлим экстремистик гуруҳ аъзолигини бўйнига олмаяпти, кечирим сўрашдан бош тортяпти,- деди Маҳтума Жўраева Озодлик билан суҳбатди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи ва қатор ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон Президенти ҳамда халқаро идораларга мурожаат қилиб, Авакян+4 иши қонун меъёрлари асосида қайта кўриб чиқилишини талаб қилганлар.