Ўзбекистон Европа банкидан "рекорд даражада" қарз олди. Маблағлар қандай сарфланмоқда?

Фаолларга кўра, ЕТТБнинг “Яшил шаҳар” дастурига қўшилган Самарқандда дарахтларни кесиш давом этмоқда.

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Банкуотч“ (Bankwatch Network) ташкилоти Ўзбекистонга юзлаб миллион доллар кредитлар ажратаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) лойиҳаларида “шаффофлик ва мулоқот етишмаслиги”дан хавотир билдирмоқда.

Нодавлат ташкилотининг айтишича, очиқликнинг йўқлиги маблағларнинг мақсадли сарфланишини савол остига қўяди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йилда Ўзбекистонга рекорд даражада кўп - 690 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратгани хабар қилинган.

Айни пайтда ЕТТБнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бош сўзчиси Антон Усов Озодлик билан суҳбатда “Банкуотч“ хавотирларини рад этди.

Британияда чиқадиган Financial Times нашри 30 январь куни эълон қилган мақоласида “демократия бўйича қатъий мандати”га қарамай, ЕТТБ йиллик 10 миллиард евро миқдоридаги кредитнинг салмоқли қисмини авторитар бошқарув амалда бўлган мамлакатларга йўналтирганини танқид қилиб чиқди.

ЕТТБ Ўзбекистонга катта миқдорда сармоя киритаётганини таъкидлаган “Банкуотч“нинг Жамиятни қўллаб-қувватлаш бўйича координатори Нина Лесихина Озодлик билан суҳбатда “бу маблағларнинг банк мақсад қилган аҳоли равнақи ва экологик фаровонлик яратишга ҳиссасини кўрмаётганликларин”ни айтди.

Лесихина фикрича, ЕТТБ Ўзбекистонда молиялаган ширкатларда, жумладан Indorama Agro ширкатида ходимлар қулдек ишлатилгани, фермерлар ери тортиб олингани билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар “банкнинг вазиятни баҳолаш тизими заифлигини кўрсатади”.

“Банк, аслида пухта маълумот асосида қарор қабул қилиши керак. Олдин ислоҳот, кейин маблағ. Ислоҳотлар қанча кўп бўлса, сармоя шунчалик кўп бўлиши керак. Жумладан, қонун устуворлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат каби соҳаларда. Лекин амалда бу ёндашув Ўзбекистонда ишламаяпти. Мамлакатга катта сармоя оқяпти, ислоҳотлар эса фақат оғизда", - дейди Лесихина.

“Банкуотч“нинг бу хавотири Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2021 йилда Ўзбекистонга рекорд даражада кўп - 690 миллион АҚШ долларлик кредит ажратгани ҳақидаги хабарлар ортидан янгради.

Ўзбекистон ЕТТБдан қарз олишда минтақада пешқадам

ЕТТБ ўтган йили Ўзбекистонда муқобил энергия ишлаб чиқаришдан тортиб кичик бизнесни рағбатлантиришгача бўлган 22 та лойиҳани молиялаган.

Жумладан, Самарқанд шаҳри яқинида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш учун 21, 8 миллион евро маблағ ажратилган.

Наманган вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув хизматларини яхшилаш лойиҳаси ҳам банкнинг 70 миллион АҚШ долларлик молиявий кўмагида амалга оширилган.

Шунингдек, банк яшил иқтисодиётни молиялаштириш дастури доирасида “Ҳамкорбанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк”ка яшил технологияларга сармоя киритаётган кичик хусусий сектор компанияларини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллион ва 25 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар берган.

Шунингдек, банк ўтган йили Озодлик суриштируви марказида бўлган Indorama Agro МЧЖ кластерига қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, пахта ва бошқа экинларни алмашлаб экишни рағбатлантириш учун 60 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Indorama Agro можароси

ЕТТБ миллионлаб доллар кредит берган Indorama Agro ширкати ўтган йили фермерлар ерини тортиб олиш ва ходимларни қулдек ишлатиш билан боғлиқ можаро марказида қолганди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Суриштирув: Ери тортиб олинган фермер ва "қулдек ишлатилаётган" ўзбеклар. Indorama Agro "намунавий инвестор"ми?

Ўтган йил майида “Indorama Agro” МЧЖнинг Сирдарёдаги ўнлаб ишчиси ойликлари қисқариб кетгани ва меҳнат қонунчилиги бузилаётганига норозилик билдириб, велосипедда юриш ҳам қилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Норози ғилдираклар. Сирдарёлик ишчилар “бетонка”да велонамойиш уюштирди

ЕТТБнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бош сўзчиси Антон Усов Озодлик билан суҳбатда Indorama Agro можароси ҳамда Ўзбекистонда маблағлар мақсадсиз сарфланаётгани билан боғлиқ даъволарни рад этди.

“ЕТТБ "Банкуотч“ ва Indorama Agro ўртасида турли муаммолар бўйича фикр алмашиш учун йилнинг ҳар чорагида мунтазам мулоқотни йўлга қўйди. Аҳвол яхши. Лойиҳа ўтган йил бошида жамоатчилик эътиборга тушди. Меҳнат қонунчилиги бузилаётгани ҳолатлари бўлаётгани айтилди. Биз бу айбловларга жавоб қайтардик ва февралда пахтани қайта ишлаб чиқаришга мўлжалланган бу лойиҳа қабул қилинди”, - дейди Усов.

Ўзбекистон пахта саноати оғир ўтмишга эга эканини айтган ЕТТБ сўзчиси Indorama Ўзбекистонга “янги технолгиялар билан келганини таъкидлайди.

Cotton Campaign, Human Rights Watch каби ташкилотлар ҳам Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилди, деган хулосага келди. Indorama Ўзбекистондаги пахта секторининг келажаги ва биз буни қўллаб қувватладик”, - дейди Усов.

ЕТТБ сўзчиси Антон Усов.

Унинг Озодликка айтишича, ЕТТБ маҳаллий фуқароларнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги иддаолар юзасидан фаоллар билан “доимий мулоқот”ни йўлга қўйган.

“Банкуотч” даги ҳамкасбларимизнинг хулосасини ҳурмат қиламиз, уларни масалага ўз қараши бор. Уларни ҳуқуқи бу”, - дейди Антон Усов.

ЕТТБнинг “Яшил шаҳар” дастурига қўшилган Самарқандда дарахтлар кесилган

Айни пайтда ЕТТБ Самарқанд шаҳарда “Яшил шаҳар” лойиҳаси бўйича шаҳар ҳокимлиги билан келишувга эришгани ҳам “Банкуотч” эътиборига тушган.

Лойиҳаннинг мақсади шаҳардаги экологик муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, углерод чиқиндиларини камайтириш ва шаҳарни иқлим ўзгариши талабларига мослашишига ёрдам беришдир.

Аммо “Банкуотч” фаоллари ЕТТБ Ўзбекистонда дарахтларнинг кесилиши, уйларнинг оммавий бузилиши, қурилишлар боис оилаларнинг мажбуран кўчирилиши каби кўплаб муаммоларга эътибор қаратиши керак, демоқда.

“ ЕТТБнинг “Яшил шаҳар” дастурига қўшилган Самарқандда дарахтларнинг кесилаётгани, яшил ҳудудлар қисқариб, одамларнинг мажбуран уйларидан кўчирилаётгани ачинарли ҳолат. Банк маҳаллий аҳоли ва фаолларнинг бу борадаги хавотирини эътиборга олиши керак”, - дейди Нина Лесихина.

Ташкилотга 2019 йилда Самарқанд шаҳридаги Университет ҳиёбони ҳудудида велосипед йўлаклари ва фавворалар қуриш мақсадида, 2020 йилда эса бассейн қуриш учун дарахтлар қирғин қилинганини ҳужжатлаштирган.

“Самарқандда дарахтлар кесилиши, уйлар бузилиши ва аҳолининг кўчирилишига қарши курашаётган “Самарқандни қутқаринг” ташаббус гуруҳи аъзоларига қарши тазйиқлар давом этмоқда. Танқидий мавзуларни кўтармоқчи бўлган журналист ва блогерлар тақдири бир четда ҳал қилинмоқда”, - дейилади “Банкуотч” баёнотида.

“Банкуотч” Ўзбекистон бўйлаб амал қилаётган расмий мораторийга қарамасдан, дарахтларни кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг кўпчилиги мансабдор шахслар томонидан содир этилаётганини урғулайди.

Мавзуга алоқадор Мирзиëев ислоҳотлари: Дарахтни ҳоким кесиб, лочинни шаҳзода овлаб, жазони Экоқўмита олди

ЕТТБ вакили Антон Усов бу хавотирлар Самарқанд бўйича лойиҳани ишлаб чиқишда албатта эътиборга олинишини айтди.

“Мен уларнинг фикрини ҳурмат қиламан. Лекин биз Самарқанд билан “Яшил шаҳар” бўйича ангашув меморандумини имзолаганмиз, холос. Режа бор. Гап Самарқандда эски транспортни замонавий электр транспортига алмаштириш ҳақида кетмоқда. Бу ҳозирча режа. Банкуотч фикрини ҳам эътиборга оламиз”, - дейди Усов.

ЕТТБ вакили Ўзбекистонга ажратилаётган кредитлар шаффоф эмаслиги ва мақсадсиз сарфланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида “Банкуотч” хавотирларини рад этди.

“Мақсадсиз сарфланиши деярли имконсиз. Дейлик, йўл қурилиши учун 100 миллион доллар ажратилди. Банк бу пулни мана пул, қуравер, деб давлатга бермайди. Давлат буюртмачи. Биз пудратчини топиш учун тендер ўтказамиз, хақаро тендер. Танилган ширкат, тажрибага эга ширкат ютади. Биз аванс тўловларини қиламиз. Қилинган ишга қараймиз. Агар ҳаммаси яхши бўлса, кейингисини олади. Шикоятлар бўлса ўрганамиз. Шикоятлар ҳамма вақт бор. Бу бир жараён. Биз хусусий банк эмасмиз. Хусусий банк учун фойда қизиқ. Биз учун эса аҳоли равнақи муҳим. Биз ажратган маблағлар одамлар учун, аҳоли учун фойдали бўлиши керак, фойдаси бўлмаса тўхтатамиз”, - дейди Усов.

Британияда чиқадиган нуфузли Financial Times нашрига кўра, “демократия бўйича қатъий мандат”га қарамай, ЕТТБ йиллик 10 миллиард евро миқдоридаги кредитнинг муҳим қисмини авторитар раҳбарлар бошқарувидаги мамлакатларга йўналтирмоқда.

Нашр 30 январда эълон қилган “ЕТТБ озодликни молиялашда давом этадими?” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон тилга олинмаган.

Танқидчиларга кўра, ЕТТБнинг ҳозирги кредитлаш амалиёти “ҳақиқий демократик давлатлар билан ишлаш ҳақидаги дастлабки мандатига мутлақо мос келмайди ва банк ўз фаолиятини кескин қайта кўриб чиқиши керак”.

Мавзуга алоқадор Хоразм ҳокимлиги хорижлик меҳмонлар учун Хон саройида базми жамшид уюштирди (ВИДЕО)

Ўзбекистон марказий банкига кўра, мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 2021 йил бошидан бери 3,7 миллиард долларга ошиб, ўтган йил охирига қадар 37,6 миллиард долларни ташкил этган.

Халқаро молия ташкилотларидан олинган қарзларнинг барчаси бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилиши белгиланган.