Ўзбекистонда бу йил ҳам президент қўйган тақиққа қарамасдан ўқитувчилар босма нашрларга мажбурий тарзда обуна қилинаётгани ҳақда жойлардан хабарлар олинмоқда.
Озодликка келган ҳужжат ва маълумотлар мамлакат бўйлаб даврий нашрларга обуна кампанияси маҳаллий ҳокимият тизимларининг қаттиқ босими остида бораëтганини кўрсатмоқда.
Баъзи вилоятларда мактаб директорларидан "обунани ўз хоҳишим билан ташкил этишга кафолат бераман” деган мазмунда тилхатлар ҳам олинмоқда.
Сирдарё вилоят, Сардоба туманидаги 13-сонли мактаб директорининг туман халқ таълими бўлими мудирига ёзган кафолат хатида обуна ташкил этишга вилоят ҳокимлигида 16 ноябрь куни ўтказилган йиғилиш баëнномаси асос қилиб келтирган.
Хатда мактаб раҳбари “ўз хоҳишим билан “Маърифат кўзгуси”¸ “Янги Сирдарё”¸”Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”¸ “Маънавий ҳаёт” каби ўндан зиёд нашрларига обунани ташкил этишга ҳиссамни қўшишга кафолат бераман” деб ёзган.
Самарқанд вилоятида эса “2022 йилги даврий нашрларга обуна режаси” деб номланган ҳужжатда ташкилот ва идораларнинг ҳар бирига газета сонигача обуна бўлиш тақсимлаб берилган.
“Телеграм” каналидаги “Компромат.уз” гуруҳида эълон қилинган режа нусхасида “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд”, “Зарафшон”, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Правда Востока” ва яна ўндан зиёд нашрлар номи келтирилган.
Унинг остидаги изоҳда, газеталарга “мажбурий обуна” вилоят ҳокими Эркин Турдимовнинг ташаббуси экани иддао қилинади.
Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги Озодлик суҳбатлашган мактаб раҳбарлари ҳам “2021 йилги обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш” ҳақида топшириқ олганликларини айтишди.
Қашқадарё вилоят, Китоб туманидаги мактаблардан бирининг директори обуна режасини бажармаëтган мактаб раҳбарларига ишдан ҳайдаш билан таҳдидлар бўлаётганини иддао қилди.
“Ҳокимликдагилар халқ таълимига топшириқ берган, ХТБ эса мактаб раҳбарларига обунани юклаяпти. “Ўз ихтиёрим билан обунани ташкил қиламан” деб кафолат хатлари ёздириб олишяпти, гўёки бу ишлар ихтиёрий эканини кўрсатиш учун. Чунки, президентимиз мажбурий обунага тортмаслик ҳақида қарор чиқарган. Лекин, топшириқ энг тепадан¸ деб қўрқитиб бизни обунага мажбурлашяпти. Мактабларга берилган рўйхатда асосан вилоят нашрлари, халқ таълими вазирлигининг нашрлари ва “Халқ сўзи” газетаси бор. Биз обунага қарши эмасмиз, лекин бу ишлар топшириқ бўйича бўлмаслиги керак”, - дейди ишдан ҳайдалиш хавфи туфайли исмини очиқламаган мактаб директори.
Президент тақиқлаган, маҳаллий ҳокимият эса мажбурламоқда
Ўзбекистонда президент қарорига мувофиқ¸ ўқитувчиларни мажбуран обуна қилдириш тақиқланган.
Шавкат Мирзиëев 2018 йил 14 августдаги 3907-сонли қарорнинг 16-бандида халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқлансин¸ деб ëзилган.
Озодлик билан суҳбатда бўлган расмийлар обуна мажбурий эмаслигига ишонтиришга уринишди.
“Бу ихтиёрий, ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Рўйхатга қараган бўлсангиз, мактабларга асосан халқ таълимига тааллуқли, ўқитувчиларга фойдали бўлган нашрларга обуна тавсия этиляпти. Яна бир бор айтаман, мажбурий эмас бу”, - деди Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармасининг 15 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган мулозими.
Озодлик гаплашган ўқитувчилар эса ўз касбий фаолияти учун зарур маълумот¸ китоб ва қўлланмаларни интернетдан олишлари мумкинлигини айтишади.
"Босма газета ва журналларни ҳозир ким ўқийди? Интернетга кирсангиз ҳамма нарса борку", - дейди қашқадарёлик муаллим.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати тақиққа қарамай, ўқитувчиларнинг даврий нашрларга мажбурий обуна қилдирилаётгани ҳақидаги саволларни ҳозирча жавобсиз қолдирди.
Собиқ Халқ таълими вазири, ҳозирда Алоқа ва коммуникация вазирлигини бошқараётган Шерзод Шерматов ўтган йил ноябрь ойидаги чиқишида мажбурий обунага йўл қўйилмаслиги ҳақида айтганди.
“Обунага мажбурлаш жиноят билан баробардир”
Ўзбекитонлик журналист Носир Зокир нашрларга обуна табиий бўлиши керак дейди:
“Аслида обуна жуда яхши нарса, лекин табиий бўлиши керак. Горбачевнинг қайта қуриш йиллари мен ишлайдиган театр ёнидаги газета дўконига бир ҳафта олдин “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини пулини бериб қўяр эдим. Чунки, салкам бир миллион нусхада чоп этиладиган газета жума куни келиши билан қўлма-қўл бўлиб кетар эди. Мустақилликдан кейин Каримов мамлакатни Сталин сиёсатига асослаб олиб борди. Эркин матбуот ўлдирилди. Ҳозир ҳам маориф тизимида ўқитувчилар мажбурий обуна қилдириляпти экан. Ундан кўра газеталар одамларни ўйлантирадиган муаммоларни ёритсин, одамларни рози бўлиб оладиган қилсин. Ҳозирги газеталарнинг аксарияти совет даврини эслатиб туради. Бундай газеталарни олишга мажбурлаш жиноят билан баробардир”, - дейди Носир Зокир.
Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари¸ мактаб ўқитувчилари қолаверса¸ тадбиркорларни расмий нашрларга обуна қилдириш йиллардан бери давом этиб келмоқда.
Мавзуга алоқадор "Нимага болаларим ризқидан қирқиб, "Халқ сўзи"га обуна қилишади?"Ўтган ой Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳокими Ботир Алимбеков “Чиноз ҳаёти” ижтимоий-сиёсий газетаси обунасини уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида” фармойиш чиқариб, “ҳудудда аҳоли, айниқса, раҳбар ва ходимларнинг иқтисодий, сиёсий ва соғлом мафкуравий ахборотга бўлган талабини қондириш мақсадида” масъул мулозимларга “тумандаги барча корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, “Чиноз ҳаёти” газетасига 2022 йил учун обунани ташкил этиш чорасини кўриш” вазифасини юклаганди.
Кўп ўтмай ҳокимнинг “Чиноз ҳаёти” газетасига обуна ташкил этишга оид фармойиши бекор қилинди.
Адлия вазирлиги мазкур фармойишни обунага мажбурлаш ҳаракати, деб топди.
Айни пайтда¸ таъсисчиси давлат амалдорларининг ўзлари бўлган хусусий нашрларга мажбурлаб обуна қилдириш холатлари ҳам бўлган.
Британиялик профессор Кристиан Ласслетт ўтмишда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси матбуот хизматини бошқарган Комил Аллламжонов таъсис қилган “Солиқ инфо” хусусий нашрининг солиқ тизими ходимлари¸ қолаверса¸ тадбиркорларга мажбуран сотилгани батафсил тафтиш қилган.
Мавзуга алоқадор Кристиан Ласслетт: Комил Алламжонов бизнес империяси Ўзбекистондаги олигархиялашувга оид хавотирларни кучайтирадиСуриштирувда Алламжоновнинг¸ айнан ўз газетасининг давлат босими воситасида мажбуран сотилгани ортидан бойигани иддао қилинади.
Мажбурий обуна ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг ҳам бир кўринишидир.
Аммо, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вакили Озодликка шу пайтгача бирон фуқародан мажбурий обуна юзасидан шикоят тушмаганини билдирди.
"Бу қонунга зид, лекин бизга фуқаролардан мажбурий обуна бўйича шикоят тушмаган", - деди федерация ходими.
Ўзбекистонда ишдан ҳайдалиш ёки бизнесидан айрилиш таҳдидлари остида аксар бюджет ташкилотлар ходимлари ва тадбиркорлар мажбурлаш ҳолатлари бўйича судга мурожаат этишга журъат этолмасликларини айтишади.
“Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига кўра, Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.