Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг номи Интерпол қидирув рўйхатидан олиб ташланганини маълум қилди.
Бу ҳақда хабар қилган Би-би-си радиосига кўра, Солиҳ бу борада халқаро полиция ташкилотидан расмий билдирув кутмоқда.
Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига оид биноларда осилган қидирув рўйхатларидан ҳам унинг ва укаси Мақсуд Бекжоннинг сурати олиб ташланган.
"Интерпол сайтидан номимизни олиб ташлашган. Ҳозир бу борада ташкилотдан расмий хабар кутяпмиз. Адвокатим бу иш билан шуғулланаяпти", - деган Туркияда истиқомат қилаётган Муҳаммад Солиҳ.
Шу йилнинг феврал ойида Муҳаммад Солиҳнинг яна бир укаси 18 йилдан бери Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланган журналист Муҳаммад Бекжон озодликка чиққан эди.
Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат - "Бирлик"нинг асосчиларидан бири бўлган.
У мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясини 1990 йилда ташкил этган.
Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган.
Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилади.
Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 феврал портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини айтган.