Навоий вилоят, Кармана туманида истиқомат қилувчи ногирон журналист Дилдора Боймуродова кейинги кунларда қўрқувда яшамоқда.
Журналистнинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафтада таркибида туман миқёсидаги баъзи ишхоналар раҳбарлари – аёллардан иборат қарийб 20 кишилик гуруҳ унинг уйига келиб, Шавкат Мирзиёевни танқид қилгани учун ҳақоратлаган. Эртасига эса, маҳалла фуқаролар йиғини журналистни маҳалладан кўчириб юбориш талаб қилинаётганини айтган.
Боймуродовага кўра, босимлар унинг Озодликда қилган чиқишидан сўнг бошланган.
Дилдора Боймуродова Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан эълон қилинган 3 кунлик мотамнинг 3- куни - 5 сентябрда вилоятда ўтаётган мотам маросимлари тўғрисида Озодликка маълумот берган ва “кўпчилик Мирзиёевни ёмон кўриши”, “одамлар Мирзиёев тайинлаган вилоят ҳокимидан норози” эканлиги тўғрисида айтган эди.
Боймуродовага кўра, айтганлари эфирга кетган куннинг эртасига, яъни 6 сентябрь, тушдан кейин соат 4 ларда 20 га яқин аёл унинг уйига бостириб келган:
- Кўпчилиги нотаниш, лекин 3 - 4 нафарини мен танидим. Нима истайсизлар, десам, “Сиз нега кеча Озодликда гапирдингиз, нега туманимизнинг обрўсини тўкдингиз, туман ҳокими сизни чақиртиравериб чарчабди”, дейишди. Ҳоким чақиртиргани рост. Лекин ноқонуний чақиртиргани учун бормаганман, деган эди Дилдора Боймуродова 6 сентябрь куни.
Айтишича, аёллар ўша куни Дилдора билан 1 соатга яқин тортиша-тортиша қайтиб кетган.
Орадан 1 кун ўтиб – 8 сентябрь куни Дилдоранинг уйига у истиқомат қиладиган “Катта масжид” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Қаюмов келган ва унга туман раҳбариятининг талабини етказган:
- Сизни “маҳаллада яшамасин, чиқиб кетсин”, дейишди. Ҳоким сизни деб мени йиғилишларда турғизиб қўйиб безор қилди, деди, - деди Боймуродова.
Озодлик “Катта масжид” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Қаюмов билан боғланди. Боймуродова билан боғлиқ саволни эшитгач, раис бўлган воқеани на рад этди, на тасдиқлади – бир оғиз сўз айтмай алоқани узиб қўйди.
Кармана туман ҳокимлиги мулозимлари билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Ўзбекистон телевидениеси собиқ ходими, журналист Малоҳат Эшонқулова карманалик ҳамкасби Дилдора Боймуродовани шахсан танишини айтди. Озодлик ундан, “наҳотки икки оғиз танқиди учун кишига бу қадар босим қилиш мумкин, балки Боймуродова бироз бўрттираётгандир?” деб сўради.
- Бу табиий ҳол. Ўзбекистонда эмаслигингиз учун, балки, бу сизга ғалати туюлаётгандир. Мен Ўзбекистонда яшайдиган шахс сифатида бунинг табиий ҳол эканлигини айтишим мумкин, деди Малоҳат Эшонқулова ва ўзига нисабатан қилинган босимлар тўғрисида айтиб берди.
Малоҳат Эшонқулованинг фикрича, Дилдора Боймуродовага қарши босим ортида ҳокимлик турган бўлиши мумкин. Боймуродованинг ўзи ҳам шундай фикрда.
Бироқ Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг мамлакатда шакллантирилаётган кайфият фонида режим танқидчиларига босим ўтказиш учун юқоридан буйруқ бўлиши шарт эмасга ҳам ўхшайди.
Масалан, 13 сентябрь куни Бухоронинг Шофирконидан 81 га кирган бир оқсоқол Озодликка қўнғироқ қилиб, "бировни, айниқса, раҳбарларни танқид қилиш ўзбекчиликка ётмаслигини" уқтираркан, бундай деди:
- Ўз вақтида Сталин бизни қаттиққўллик билан бошқарди. Амир Темур, Каримов... Бундан кейинги раҳбарларимизгаям соғлиқ тилайман, улар ҳам давлатмизни Каримовдай бошқарсин, деди оқсоқол. Бировни танқид қилиш ўзбекчиликка ётмаслигини уқтирган шофирконлик отахон, айни пайтда, ўзининг танқид тиғини юртдоши, Ўзбекистондан қувилиб, АҚШда истиқомат қилаётган журналист Жаҳонгир Муҳаммадга қаратди.
Карманалик журналист Дилдора Боймуродова билан боғлиқ баъзи инцидентлар тўғрисида Озодлик бундан олдин ҳам ёзган эди. Масалан, у 2015 йилнинг ёзида 90 ёшли холасининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб пикетга чиққани учун маҳаллий ҳокимият томонидан босимга учраётгани ва суд ижрочиси томонидан калтакланганини иддао қилган ва Озодлик бу воқеани ўрганган эди.
Дилдора Боймуродова иккинчи гуруҳ ногирони. У 2010 йилда маҳаллий телевидение муҳаррирлиги лавозимидан ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганини иддао қилиб келади.
Дилдора Боймуродова 2014 йилнинг 7 декабрида Навоийдан Тошкентга пикет ўтказиш учун кетаётганида махсус хизмат томонидан йўлда қўлга олинган. Ўшанда у икки кун мобайнида Кармана туман Ички ишлар бўлимида сақланган ва сохта маъмурий айблов билан айбланиб, 397 минг сўм жаримага тортилган.
Боймуродованинг айтишича, у мазкур жаримани ногиронлик нафақасидан тўлаган.