Ўзбекистонда талабалар пахтага "ихтиёрий" сафарбар этилмоқда

Ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан воз кечилиши ҳақидаги ваъдаларига қарамай бу йил ҳам Ўзбекистонда аксар университет талабалари пахта йиғим-теримига сафарбар этилмоқда.

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабаларини оммавий равишда пахтага олиб чиқиш бошланди. Ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан воз кечилиши ҳақидаги ваъдаларига қарамай бу йил ҳам Ўзбекистонда аксар университет талабалари пахта йиғим-теримига сафарбар этилмоқда.

8 сентябрь куни биргина Андижон вилоятида бешта олийгоҳдан 10 мингга яқин талаба 8 сентябрдан пахта далаларига ҳайдалди.

Лекин, олий ўқув юртлари раҳбарлари талабаларнинг пахтага мажбурий олиб чиқилганини рад этишмоқда.

Андижондаги Тиббиёт институти қабулхонаси телефон гўшагини кўтарган ходимга кўра, олийгоҳнинг даволаш иши, педиатрия иши, касб таълими йўналишлари талабаларидан иборат ҳашарчи талабалар ўз ихтиёри билан отрядларга бўлиниб, вилоят пахтакорларига ёрдам бераётганини айтди.

–Лечфак, Дедфак, Касбий таълим ҳаммаси ўз ихтиёри билан пахтага чиққан. Бу йил ихтиёрий бўляпти. Магистратуралар ўқияпти, - деди Андижон Давлат тиббиёт институтининг Озодлик боғланган ходими.

Лекин, пахтага чиқишни истамаган талабалар ўқишни давом эттириши мумкинми?, деган саволга институт ҳодимаси жавоб беролмади:

-Унисини тепадагилардан сўранг, - деб гапни қисқа қилди Андижон тиббиёт институти ходими.

Шунингдек, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги аксар олий билим юртлари талабалари ҳам гуррас-гуррас пахта теримига ҳайдалмоқда.

Жиззахнинг Арнасой тумани далаларига эса Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қошидаги Ҳарбий Академия ва Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти курсантлари ташланган.

- Академия келган. Кеча курсантларни болалар боғчасига жойлаштиришди. Бугундан пахтага чиқишди. Ўқитувчилар ўрнига одам топиб тердиряпти, -дейди арнасойлик фермер.

Мактаб ўқувчиларининг эса, бу йил ҳам пахтага жалб этилмаслиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан кенг фойдаланиши туфайли сўнгги йилларда дунёдаги бир қатор етакчи савдо ширкатлари ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганлар.