Биз нега "фуқаро"нинг ўрнига "ватандош"ни танладик?

Кейинги йилларда ўзбек оммавий ахборот воситалари тили қаровсиз қолгандай. Бу тил қандайдир Ботаника лицейи томорқасининг тажриба участкасига ўхшаб қолган. Болалар томорқада нима қилса, шуни қилаяпти: ўрикка шафтолини улайдими-ей, кўчатларни суғуриб олиб, тескари экиб кўрадими-ей...

Участкада “ҳей” дейдиган Устоз йўқ. Тилнинг эгаси йўқ. Инжиқ муҳаррирлар синф сифатида қирилиб битгандай. Улар ўрнини аксилмуҳаррирлар эгаллаган: “бу ҳақда” деб ёзсанг, “бу ҳақИда” деб, “5 та парта” деб ёзсанг, “5 та парталар” деб “ўнглайди”. Неча йилки, ўзбекда “одам” йўқ, “киши” йўқ, “кимса” йўқ, “инсон” бор!

“Фаррошлик билан кун кўрадиган бир инсонни биламан, кеча у бизникига ташриф буюрди”га ўхшаган гапда ҳеч ким ғализлик кўрмай қўйганига анча бўлди.

Бу масалада танқиддан ҳоли нашр йўқ. Озодлик ҳам ўша томорқада баъзи бир тажрибаларини ўтказиб ётибди. Масалан, кейинги бир-икки йилдан бери “фуқаро” ўрнига “ватандош”ни ишлатаяптики, яқинда бунинг учун ижтимоий тармоқларда “урилдик” ҳам.

Урувчилар, афтидан, дунёни олдин рус тилида идрок қилиб, кейин ўзбекчага ўгирадиганлар шекилли, улар “ватандош” сўзини ва бу сўзнинг бошқа барча шаклларини рус тилига таржима қилиб, “рус тилида бундай дейилмайди”, деб хулоса қилишибди.

Рус тилида бундай дейилмаса, бизга нима қайғу?!

Нима учун она тилимиздаги у ёки бу сўз, сўз бирикмаси ёки сўз шаклининг тўғри-нотўғрилигини рус тили қозонига солиб аниқлашимиз керак?

Қаердан пайдо бўлди бундай ноқислик комплекси? Аниқроғи: қачон қутуламиз бундай ноқислик комплексидан?

“Ватандош”дан кулган ватандошларнинг мантиғидан келиб чиқадиган бўлсак, русча эквиваленти йўқ сўзларимиздан воз кечишимиз керакми? Масалан, “чимилдиқ”дан...

Гапни шу ерда тўхтатсак ҳам бўлаверарди.

Лекин нега “фуқаро” ўрнига “ватандош”ни ишлата бошлаганимизни изоҳлаш зарурати бордай.

Шуни айтиш керакки, фуқаро сўзи мустақиллик йилларида расмий мақом олгунига қадар ҳам бадиий адабиётда, даврий матбуотда баъзан ҳозирги маъносида ишлатилган.

Лекин бу сўз республика учун эмас, монархия учун хос сўздир. Фуқаро подшоҳнинг қўл остидаги халқдир.

Яъни “фуқаро” – “оддий, қашшоқ, қора халқ вакили” – унда сиёсий ҳуқуқлар у ёқда турсин, умуман ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ. "Фуқаро” – “фақир”нинг – “камбағал, қашшоқ, муҳтож”нинг кўплигидир (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Тошкент, 2008).

“Фуқаро” сўзининг бу таҳқирли маъноларини луғатдан қатрон қилиш мумкиндир, лекин уларни миллат шууридан ўчириб бўлмайди.

Эсланг, Сиз ҳам бу ҳақда ўйлагансиз. Шу мавзудаги баҳс-гурунгларда қатнашгансиз.

Кўпчилик, ҳар ҳолда, шу масалани ўйлайдиганлар “камбағал, қашшоқ, муҳтож” эмас, балки қадри баланд, турмуши фаровон, мағрур кишилар бўлишни, подшоҳнинг ҳукмини кутиб яшайдиган қора халқ эмас, давлат сиёсатига таъсир ўтказа оладиган кишилар бўлишни истайди.

Шу истакдан пайдо бўлди Озодликда “фуқаро”ни “ватандош”га алмаштириш фикри. Озодлик бу сўзни ўйлаб топмади. Ўзбекнинг ўзида бор бу сўз. Фақат янги маъносини, туркларда бор маъносини улардан олди-қўйди.

Олди-қўйдию лекин “шу сўз - энг тўғри сўз”, деган иддаоси ҳам йўқ Озодликнинг. Чунки унинг ўзида тўла ишонч йўқ бу сўз энг мақбул сўз эканлигига.

Чунки “ватандош”даги “дош” қўшимчаси давлат билан фуқаро ўртасидаги эмас, балки “синфдош”, “курсдош” каби фуқаро билан фуқаро ўртасидаги боғлиқликни билдиради. Қолаверса, “ватандош” сўзини баъзи шаклларда, баъзи сўз бирикмаларида ишлатиш ҳам табиийликдан йироқ бўлмоқда.

Озодликчиларда “фуқаро”ни “ватандош”га айлантириш фикри Ўзбекистонда Умид фасли бошланаётган паллада ўйлаб кўришга даъват сифатида пайдо бўлди.

Бу Фасл Даврга айланадими ёки Никита Хрушчевнинг Оттепелидай тарихдаги бир ёрқин саҳифагина бўлиб қоладими– башорат қилиш қийин.

Лекин факт шуки, ҳозирча бу Фасл давом этаяпти. Ҳар соҳа ислоҳ бўлаяпти. Шундай экан, Ўзбек Тили Боғиниям ислоҳ қилиш, Томорқасини тозалаш фурсати етгандир?

Ёза-ёза, ёзганларимдан баландпарвоз оҳанглар янграй бошлаганини сезиб турибман, маъзур тутинг мени.

Биламан, чорак аср баландпарвоз шиорлар билан яшадингиз, чарчадингиз.

Лекин бугун мен тилга олган, шу кунда “фуқаро” сўзи билан аталаётган тушунчани айнан баландпарвоз сўз билан алмаштириш зарур.

Фақирлар баланд парвоз қилолмайди!