Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг буйруғи билан диний билим юртлар қошида пуллик ўқув курслари очилади. Идора раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурга кўра, 11 та билим юртидаги курсларда 1 декабрдан 700 дан ортиқ одам "Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили"ни ўрганиши мумкин.
Мусулмонлар идораси раисининг 13 ноябрь куни имзолаган 113-сонли буйруғидан нусха Озодликка келиб тушди.
Ҳужжатда шу йилнинг 1 декабридан бошлаб, Ўзбекистонда ишлаб турган 11та диний таълим муассасаси - ўрта-махсус таълим босқичига тенглаштирилган 9 та мадраса ва олий таълим босқичига тенглаштирилган 1 та мадраса, 1 та институт ва 1 та университет қошида пуллик ўқув курсларини очиш белгиланган.
Курсларда "Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили"дан дарс берилади ва ўқув жараёни 6 ой давом этади. Курсларга тўлов миқдори эса 1 ярим миллион сўмдир.
Диний идора раис ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурга кўра, бу курслар идорага йиллар давомида аҳолидан тушган сўровлар асосида ташкил қилинган ва уларда, асосан, ёши катталар ўқиши мумкин.
- Ҳужжатда ўқишни истаганларнинг ёши кўрсатилмаган, аммо бу курслар ёши катта кишилар учун мўлжалланган. Ўзи бизга аҳолидан сўровлар тушган: "Ёшлигимизда шароит бўлмаган, диний илм олмаганмиз. Энди ёшимиз катта бўлиб қолган, мадрасаларда ўқий олмаймиз. Қаерда Қуръон ўқишни ўргансак бўлади?" деган саволлар бўларди. Мана ҳозир шу эҳтиёж қондирилди, курслар очилаяпти, - деди шайх Абдулазиз Мансур.
Қуйида шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбатни тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳозир Ўзбекистон Мусулмонлар идораси қошида Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад, Ислом университети ҳамда 7 июнда расман очилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси бор.
Бундан ташқари, ўрта махсус ислом билим юртлари - мадрасалар сони эса 9 та: Тошкентда "Кўкалдош", Бухорода "Мирараб", Андижонда "Саййид Муҳйиддин Махдум", Наманганда "Мулла Қирғиз", Китобда "Хожа Бухорий", Урганчда "Фахриддин ар-Розий", Нукусда "Муҳаммад ал-Беруний", шунингдек, Тошкентда "Хадичаи Кубро", Бухорода "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларидир.
Мадрасаларни битирган битирувчилар илм даражасига кўра, имом-хатиб, имом, имом ноиби ёки отин ойи бўлиб, ёҳуд турли давлат идоралари, таълим муассасалари, Маҳалла қўмиталаридаги "Маънавият марказ"ларида диний маслаҳатчи бўлиб ишлаши мумкин.
Расмий маълумотларга кўра, республикадаги диний таълим масканларида билим оладиган жами талабалар сони 250 нафарга яқиндир ва йиллар давомида бунинг 32 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мусулмон Ўзбекистонда мавжуд эҳтиёжни қопламаслигидан тингловчилар шикоят қилиб келади.
Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш эса 1998 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркилиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун билан тақиқланган.
Шу боис, хусусий ёки мустақил тартибда "Қуръон"ни ўқишни ёки араб тилини ўргатиш тақиқланган эди.
Расмий маълумотга кўра, эндиликда 1 декабрдан очиладиган курслар ўқувчиларга "фақат ўзларининг эҳтиёжи учун" - Қуръонни ўқишни ёки араб тилини ўргатади.