Ўзбекистонда 1 та қозонда 6 тонна ош дамланди

17 август куни Тошкент вилоятидаги Олмалиқ шаҳрида битта қозонда 6 тонна ош дамланди. Экспертлар фикрича, бу Ўзбекистон тарихида битта қозонда пиширилган энг катта ошдир. Бу ҳақда хабар қилган uznews.uz сайтига кўра, рекорд қўйган палов, диаметри 4,2 метрли, қарийб 8 минг литр сув сиғадиган, атайлаб шу ошни пишириш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ясалган қозонда дамланди.

Қозоннинг вазни 7070 кг, чуқурлиги 1 метр, қозон ўрнатилган ўчоқ вазни қарийб 3 тоннадир.

6 тоннали ошни пишириш учун 1650 кг гурунч, 826 кг мол гўшти, 825,5 кг қўй гўшти, 195 кг думба ёғи, 2,4 тонна сабзи, 185 кг пиёз, 350 литр ўсимлик ёғи, 48 кг туз ишлатилди.

Ошга 4,5 кг зира, 165 кг зирк, 90 кг нўхат, 3 кг мурч солинди.

Паловни Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан келган 50 ошпаз пиширди. Ошпазлар узунлиги 2 метрдан зиёд капгирлардан фойдаланди.

Ош тадбир иштирокчилари ҳамда 22000 дан зиёд олмалиқликка тортилди.

6 тооналик ошни пишириш ва уни меҳмонларга тортиш учун бир кеча-кундуз давомида турли касб эгалари бўлган 150 киши хизмат қилди.

Uznews.uzнинг Milliy телеканалга таяниб ёзишича, Олмалиқда пиширилган ош дунёдаги энг катта ошни пиширишга тайёргарликдир.

Гиннес рекордлар китобига кириш учун жаҳон рекордини ўрнатишга 8 сентябрь куни ўтказиладиган анъанавий “Ўзбегим” фестивалида уриниб кўрмоқчилар.