Китобда уруғликка ажратилган картошка фермерларга мажбурлаб сотилмоқда

Қашқадарёнинг Китоб туманида фермерларнинг шикоят қилишлича, улар ҳокимлик босими остида уруғлик картошкасини бозор нархидан бир неча баробар қимматга сотиб олишга мажбурланмоқда.Китоб тумани ҳокимлиги вакилига кўра, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги картошкачиликни ривожлантириш мақсадида туманга жами 1250 тоннадан зиёд яқин уруғлик картошкаси ажратган. Ҳар бир фермер хўжалигига камида 40 сўтик ерга картошка экиш учун 1,5 тонна картошка уруғининг ҳар килосини 7 ярим минг сўмдан олиш тайинланган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган китоблик фермерга кўра, ички ишлар ходимлари картошка уруғи олишдан бош тортган фермерларни ИИБга олиб бориб, босим ўтказмоқда.

- 16 апрель соат 17:00 дан 23:00 гача Агро банк Китоб туман филиалида Китоб туманидаги фермерларни Туман ҳокими, Прокурор, ИИБ бошлиғи битта хонага йиғиб 7500 сўмдан мажбур картошка оласан, Президентни қарори дея йиғилиш ўтказади. Бош кўтарган фермерларнинг 2 тасини ИИБ бўлимига олиб борди, - деди китоблик фермер.

Китоб тумани ҳокимлиги мулозимининг маълум қилишича, вилоят ҳокимлиги картошкачиликни ривожлантириш мақсадида туманга жаъми 1250 тоннадан зиёд яқин уруғлик картошкасини ажратган.

Ҳар бир фермер хўжалигига камида 40 сўтих ерга картошка экиш учун 1 ярим тонна картошка уруғининг килосини 7 ярим минг сўмдан олиш тайинланган.

Лекин, мулозим фермерларга мажбуран сотилаётган уруғлик картошкани айнан қайси агрофирмалар, қандай нархда ва қайси давлатдан сотиб олгани борасида изоҳ бермади.

Туманнинг қишлоқ хўжалиги масалаларига масъул Ҳусан Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда уруғлик қартошка туманда картошка етиштириш ҳажмларини кўпайтириш мақсадида махсус Голландиядан келтирилганини билдирди.

У фермерларга уруғни сотиб олиш учун деҳқонларга босим ўтказилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

- Бу уруғлик картошка. Фермер хўжаликлари билан 1250 тоннага шартнома қилсак, бир гектарига 3 ярим тоннадан режа қўйилган. Биз фермер хўжаликлар ерини ҳисобга олган холда ҳаммасига бир хил қилиб, 40 сўтихдан шартглма қилидиряпмиз. Бу 11 миллион сўм атрофида бўляпти. Тўғри бу ўзимиздагидан икки баравар қиммат. Лекин ундан келадиган даромад ҳам оддий картошканикидан икки баравар кўп бўлади. Фермерларни эътирози пул масаласида бўляпти. Лекин, Агробанк фермерларга уруғлик картошка олиш учун кредит беряпти, Агросуғурта кафил бўляпти. агар фермер хўжаликлари касодга учраб тўлолмай қолса Агросуғурта тўлаб бераман деяпти. Шунча имконият бериляпти, булар қўрқаяпти, - деди Ҳусан Ҳамроев.

Лекин, китоблик фермер картошка етиштириш фойда келтирмаслигини айтди:

- Биринчидан қиммат. Иккинчидан,бизни тупроқда картошкадан юқори ҳосил олишига кўзимиз етмайди. Шунга қарамай, ҳокимиятдагилар кимнингдир оғзаки буйруғи билан уруғлик картошкани икки баравар қиммат нархда бизга мажбурлаб ўтказишга уриняпти. Ерга нима экишни бизни ўзимизга қўйиб берсин, нима экишни, қандай етиштиришни ўзимиз биламиз, - дейди китболик фермер.

Ўтган йили Ўзбекистон бозорларида картошка қиммат бўлди.

Бир кило картошканинг нархи 6 минг сўмдан ошиб кетгани ҳам кузатилди.

Ўзбекистон расмий матбуотига кўра, ҳукумат мамлакатда картошка етиштириш ҳажмларини кўпайтириш учун бу йил 11 650 тонна уруғлик картошка импорт қилган.

Лекин, уруғлик картошка қанча маблағ эвазига четдан сотиб олингани ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистонда фермерлар таҳдид ва тазйиқлар остида ҳокимлик нимани эс деса шуни экишга мажбур.

17 апрел куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳоким фермер эккан нўхатини ҳайдаттириб ўрнига пахта эктиргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.