Москвада яна бир ўзбек муҳожири ўғирланиши олди олинди. Бу ҳақда хабар бераётган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинага кўра, Россия пойтахтида ҳайдовчилик қилиб кун кечираётган Собир Рустамов бир аёл кўмагида олти нафар номаълум шахс томонидан ушланган. Ҳуқуқ фаоллари охирги пайтларда полиция ва бошқа назорат идоралари ҳатто қўлида прокуратура ва суд қарори бўлган, мамлакатда қочқинлик мақоми бўлганларни яна ва яна полиция бўлимига олиб кетаётганидан хавотир билдирди.
Россияда кенг нишонланган 9 май – Ғалаба кунида 2012 йилдан буён мамлакатда қочқинлик мақомида бўлган ўзбекистонлик Собир Рустамов ўғирланиши олди олинди.
"Шу куни унинг қўл телефонига қўнғироқ қилган номаълум аёл Москва вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасидан эканини билдириб, байрам куни эканига қарамасдан “автоҳалокат тафтиши муносабати билан” тезда Москванинг Ильич майдонига етиб келишни сўраган", дея маълум қилди ўзининг саҳифасида “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина.
Кетишдан олдин у ўзининг адвокати Роза Магомедовага унга бўлган қўнғироқ ҳақида сўзлаб берган. Роза Магомедова Собир кўрсатган телефон рақамига қўнғироқ қилиб, бу шахс ўзини Регина Рикина деб таништирган.
9 май соат 3-ларда Регина билан учрашувга борган Собир Рустамовни аёлнинг ўзи кутиб олади ва ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилади.
“У Собир эканини тасдиқлаши биланоқ, улар олдига келган автомашинадан олтита барзанги йигит тушади ва қўлини қайриб, машинага тиқади. Машинада унинг қўли кишанланади. Ўтган 2,5 соат давомида уни террорчиликка ва экстремистик ташкилотларга алоқадорлиги борасида саволлар берилади, у тинимсиз ҳақорат қилинади. Улар машинада кимнидир кутиб ўтиргани сезилган. Собир бу ўғирлашга ўзбек хавфсизлик хизматлари алоқаси борлигидан жиддий хавсираётган эди”, деб ёзди Светлана Ганнушкина.
Ниҳоят, улар ўтирган машина ёнига полиция ходими келади ва у Таганский ИИБсига олиб кетилди.
Полиция бўлимида барча зарурий ҳужжатлари жойида бўлган Собир 10 майнинг тунгги соат бирларигача ушлаб турилади, яна сўроққа тутилади. Полицияда ҳам унга адвокатига қўнғироқ қилишга ёки яқинларига қаерда эканини аниқлаштиришга имкон берилмайди.
Полиция ходимлари ҳам у қидирувда экани, террорчилик ва экстремизмда айбланаётгани ва Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани ҳақида гапиради.Шундан кейин, Марказий Осиё ҳукуматларининг айни моддалар асосида сўровида бўлган яна бир нечтақочқин билан Собир Петровка, 38 манзили бўйича жойлашган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб келинади.
- Буни нега бу ерга олиб келишди? Унинг ҳужжатлари жойидаку, уни қўйиб юбориш керак, деди уларни “қабул қилиб олган полиция офицери.
Соат тонгги 6 ларда Собир яна Таганка полиция хонасига олиб келинди. Шундан кейингина у рафиқасига телефон қилиб, ҳимоячисига қаерда эканини айтишни тайинлади. Адвокат Роза Магомедова "Регина Рикина" исмли аёл Москва Йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасида ишламаслигини аниқлаб, одам ўғирланиши тўғрисида ариза топширди.
Соат 11 ларда Собир ниҳоят маҳаллий прокуратурага келтирилди. У ерда нима сабабдан ушлаб турилгани тушунтирилишини талаб қилган ва жанжал кўтарган ўзбек қочқини озодликка чиқарилди.
“Мен жуда ғалати бўлган Регина ва унинг олти сафдоши Ўзбекистон фуқаросини шу мамлакат махфий хизматлари буюртмаси асосида ўғирлашга ҳозирланганига шубҳам қолмади”, дея таъкидлади Светлана Ганнушкина.
Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон ҳукумати қидирувда бўлганларни ўшлашда кўмаклашаётганларни яхши молиялаштирилаётгани тўғрисида инкор этиб бўлмайдиган исбот-далилларга эга эканини билдирди.
Адвокат Роза Магомедова Озодликка ўзбекистонлик қочқин Рустамов барча ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан маҳаллий полиция томонидан саноқсиз маротаба ўшланаётганиган хавотир билдирди.
- Охирги бир йилда у деярли ҳар куни қўлга олинаяпти. Унга адвокат куну тун керак! Полиция ходимлари шу даражада билимсиз ва лаёқатсизки, Рустамов кўрсатган ҳужжатларга қараб улар “Бу нима бу?” деб ўтиради. Мен уларга “Бу Россия Бош прокуратураси қарори, мана буниси эса унга вақтинчалик қочқинлик мақоми берилгани тўғрисида ҳужжат!” дея тушунтиришга мажбурман. Ўша куни у билан бирга маҳаллий ҳукуматни “шубҳалантирган” яна бир неча киши ҳам ушланган экан, деди Роза Магомедова.
2009 йилда Собир Рустамов Ўзбекистон талаби билан мамлакат Жиноят Кодексининг 159 моддаси 3 қисми асосида “диний, экстремистик, айирмачи ташкилотда раҳбарлик лавозимини эгаллагани” ва “турли жиноятларни содир этишда гумонланиб” халқаро қидирувга берилгани маълум. Рустамов, шунингдек, “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотига алоқадорликда, “Ўзбекистон Республикаси раҳбариятини ағдаришга” даъват этувчи варақа ва китобларни тарқатганликда айбланди.
2012 йилда Ўзбекистон сўрови билан ҳибсга олинган Собир Рустамов Страсбург Инсон ҳақлари бўйича халқаро суднинг регламентининг 39 қоидаси билан уни Ўзбекистонга бериб юбориш процедурасини тўхтатишни талаб қилган.
Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларидан охирги йилларда ўнлаб диний ва сиёсий таъқиб остида бўлган ўзбек қочқинлари ўғирлаб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келмоқда.