Физика-математика фанлари доктори, профессор Собир Тўлаганов Озодликка тақдим этган мақоласида Озодликнинг "Қурултой" эшиттириши иштирокчиси билан баҳсга киришган. "Ушбу мақолада мен, давлатимизнинг собиқ мулозими бўлган таниқли тадбиркор Анвармирзо Ҳусаиновнинг, 17-августда «Озодлик»нинг қурилтой эшиттиришида илгари сурган фикрини асослаш учун келтирган далилларини таҳлил қилиб юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилмоқчиман", деб ёзади муаллиф.
Қуйида профессор Тўлагановнинг мақоласини таҳрирсиз, муаллифнинг имло ва пунктациясини сақлган ҳолда ҳавола қилаяпмиз.
***
СОБИҚ ДАВЛАТ МУЛОЗИМИНИНГ ТАҲЛИЛГА ДОШ БЕРМАС ДАЛИЛЛАРИ
Ҳозирда аксарият юртдошларимиз, матбуотда кўтарилган, «лотинча афзалми-кирилчами?» мавзусидаги бахс-мунозарани безовталик билан кузатиб боришмоқда. Жамиятда турли мавзуларда фикр алмашинишлар, бахслашувлар табиий, албатта. Бироқ, бу мавзу юртдошларимизни безовталантираётганига, Россиянинг юқори мартабали мулозими, «биз, собиқ иттифоқдош республикаларни кирил алифбосига қайтаришимиз керак», деган чиқишига ҳамоҳанг равишда, таниқли ёзувчимиз Шуҳрат Ризаевнинг, «кирилча алифбога қайтайлик» деб, Президентимизга ёзган аризаси сабаб бўлди. Бу, халқимизнинг миллий манфаатига даҳлдор муҳим масала бўлгани боис, интернетда мунозара анча қатъий тус олмоқда. Мунозарада, ёзувчи-шоирларимиз, олимлар, журналистлар, компьютерчилар ва бошқа кўп фаол юртдошларимиз ишончли далиллар келтириб холисона фикр билдиришаяпти. Бироқ, бу мунозарада, миллатчилик нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёки «ювинди» манфаат илинжида, билиб-билмай юртимизни мустамлакага айлантириш мақсадига қаратилган ташвиқотлар олиб бораётганлар ҳам бор. Бундай ташвиқотчилар ичида, етарли иқтидор ва салоҳиятга эга бўлганларига, таҳлил имкониятига эга бўлган юрдошлар ҳушёр бўлишимиз, улар ташвиқотларининг ҳақиқий моҳиятини халққа очиб беришимиз зарур. Зеро у ташвиқотчилар, нохолис фикрларини халқчиллик ниқобига ўраб айтишади.
Ушбу мақолада мен, Давлатимизнинг собиқ мулозими бўлган таниқли тадбиркор Анвармирзо Ҳусаиновнинг, 17-августда «Озодлик»нинг қурилтой эшиттиришида илгари сурган фикрини асослаш учун келтирган далилларини таҳлил қилиб юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилмоқчиман.
Мазкур қурултойда, қуйидаги саволлар бўйича фикр алмашинди, десак бўлади:
А). Лотин алифбоси асосида яратилган янги алифбога ўтиш ҳақидаги қонун (ўтиш даврида) нега етарлича амалга оширилмади?
В). Амалдаги алифбога (балки уни такомиллаштириб) тўлиқ ўтиш мақсадга мувофиқми ёки кирилчага қайтиш, яъни лотинчага ўтиш ҳақидаги қонунни бекор қилиш, мақсадга мувофиқми?
C). Кирилчага қайтгудек бўлинса, кейинги қадамда, рус тилига «Давлатимизнинг иккинчи тили» ёки «миллатлараро мулоқат тили» мақоми бериш масаласи кўриладими?
«Озодлик»даги кўп давра суҳбатларида Анвармирзо жанобларини иштирок этиши бежиз эмас. Бу собиқ Мулозим, ҳақиқатда ишонган фикрини бошқаларга ишонарли тушинтираолиш салоҳиятига эга бўлган инсон. Бироқ, лотин имлосига ўтиш тўғрисидаги қонунни бекор қилишни ёқлаб чиққан бу жаноб, фикрини асослаш учун келтираётган далиллари, пуф этилса йўқ бўлиб кетадиган, совун пуффакчалари даражасида эди. Келинг ўша далилларни бирма-бир таҳлил қилиб кўрайлик.
Биринчи савол бўйича, унинг айтишича:
А1). У даврда депутатларнинг қонун қабул қилинишига таъсири бўлмаган, бу қонун, яхши ўйланмай, халқ хоҳиш-иродасини эътиборга олинмай қабул қилинган, хом қонун бўлган.
Бу мутлақо ҳақиқатга мос келмайдиган гап. Лотинчага ўтиш масаласи, қонун қабул қилиниши санасидан анча аввал фаоллар томонидан кўтарилган ва етарли муҳокамада бўлиб пишиган бўлган. У вақтларда депутатлар фаоллиги ҳам, халқ фаоллиги ҳам юқори бўлган. Халқнинг фаоллигини бўғиш кейинроқ бошланган. Бироқ, айрим товушларни ифодаси учун Давлат комиссияси танлаган белгилари энг қулай ечим бўлиб чиқмаган.
А2). Мазкур қонун муддатида етарлича тўлиқ амалга ошмагани сабаби, 20 миллион аҳоли иродаси бу қонунни, я`ни Давлат иродасини қабул қилмаган. Қардош қўшни халқлар асарларини кирилда ўқиганмиз, улар билан кирилда хат ёзишганмиз ва мулоқат қилганмиз, шу сабабдан халқ қонунни қабул қилмаган.
Қаранг-а, халқ иродаси лотинча ўзбек алифбосини чорак асрдан бери рад этиб келибди-ку, бироқ фарзандлари шу алифбода ўқиб билим олишига, улар ҳеч қанча этироз билдирмабди. Чорак аср давомида Ўзбекистондаги аҳволдан озгина ҳабари бўлган ҳеч бир инсон бу гапга ишонмайди. У даврда, аҳолининг конституцион ҳақ-ҳуқуқини топтайдиган қонун-фармон-қарорларнинг қайси бирига халқимиз бирор эътироз билдираолди ва қайси бирини рад этаолди? Ўзининг оддий ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишига мутлақо имкон берилмаган халқ, ўз фарзандларининг манфаатига қаратилган қонунни саботаж қилган эмиш. Балки лотинчага ўтмаган ўзбек тилидаги газета-журналларлар бош муҳаррирлари, Прокуратура, Олий мажлис, Адлия вазирлиги мутассадилари, Президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов каби жаноблардан сўраб кўриш керакдир? Президентнинг мойиллигини олиб, қонун етарлича тўлиқ ижро этилмаганини балки улар уюштиришгандир. Қандай бўганда ҳам, қонун етарлича тўлиқ ижро этилмаганини халқ иродасига тўнкаш, бу мутлақо бўҳтон. Анвармирзо жаноблари, биз қардош ҳалқлар билан кирилчада гаплашмаганимизни, балки рус тилини биладиганлар рус тилида мулоқат қилганини, умуман олганда, алифбоси бир хил бўлган турли миллатлар бир-бирини тушинавермаслигини билмаслиги мумкин эмас!
А3). Жаноб Анвармирзо, ҳеч бир далил келтирмасдан, лотинча она тилимизга мос келмаслиги, аксинча, кирилча она тилимизга ва менталитетимизга мослигини айтди.
Ваҳоланки, тилшуносларимиз, ёзувчи-шоирларимиз бунинг тескарисини асослаб беришаяпти.
Иккинчи савол бўйича, жаноб Анвармирзо, кирилчага қайтиш лозимлигини айтди. Унинг айтишича:
В1). Кирилчага қайтиш масаласи бу «геополитика». Россия ва қўшни давлатлар билан дўстона муносабатда бўлишлик сиёсатимизнинг асосий ёъналишларидан бири, кирилчага ўтишлик бизнинг ақлий салоҳиятимизни белгилаб беради, Ўзбекистон четга чиқарадиган махсулотларининг асосий бозори Россия, ҳорижда ўқийдиган талабаларимизнинг 60 фоизи Россияда ўқийди, 3-4 миллион ёшларимиз Россияда ишлаябди.
Собиқ мулозим, бу келтирган важлари билан, ёшларимиз рус тилини ўрганишини ташвиқот қилсалар эди, бу ташвиқот, ўринли ёки ноўрин ҳисобланишидан қатъий назар, қандайдир маънога эга бўлган бўлур эди. Бизнинг алифбоимиз лотинча бўлиши, рус тилини ўрганиш ниятида бўлган ёшларимиз учун ҳеч қанча мураккаблик туғдирмайди. Агарда лотин алифбосига ўтиш тўғрисидаги қонунда, рус тили дарси ҳам лотинчада ўқитилиши назарда тутилган бўлганида ҳам, рус тилини ўрганувчилар учун(кирилни ҳам ўрганиш ҳисобига) увоқча меҳнат ошиқроқ сарфлашган бўлар эди. Ҳозирда, кирил алифбосини билмаслик хақида муаммо йўқ. Ҳамма мактабларда рус тили дарси бор, у лотинчада эмас кирилда ўқитилади. Қолаверса, бутун дунё зиёлилари ақлий салоҳиятни ҳозирда рус тили эмас балки инглиз тили белгилайди деб ҳисоблайди. Шу сабабли Россия ёшлари ҳам инглиз тилини ўрганишга куч беришади. Россия зиёлиларининг қўшни халқлар зиёлилари билан мулоқати ҳам инглиз тилига кўчмоқда. Бу ҳақиқатни жаноб Анвармирзо билмаслиги, фаҳмламаслиги мумкин эмас. Аслида, Россияда ишлаётган юртдошларимиз рус тилини (демак, кирилни ҳам) билишади, бу ҳусусда ташвиш йўқ. Бироқ, келажакларини Россия билан боғламоқчи бўлган ёшларимиз рус тилини ўрганишлари лозим. Бунинг учун лотинчамиз тўсиқ бўлмаслиги аниқ. Кўрамизки, Анвармирзо жаноблари, ушбу «геополитика»ни ижобий кўрсатишга уриниб, мутлақо ноўрин далиллар келтиришди, атайлаб “тил” билан “алифбо”ни фарқ қилмай мушоҳада юритишди.
Б2). Кирилчага қайтилса, кирилчада ўқиган катта ёшдаги юртдошларимиз ҳуқуқлари ҳимояланганидан қониқиш ҳосил қилади.
Аслида, Давлат қарорлари умум манфаатдан келиб чиқиб қабул қилиниши, ҳамманинг ҳоҳишига бир хилда мос келиши шарт эмаслигини, собиқ Мулозим яхши билади. Қолаверса, қонун тўлиқ ижрога кирган бўлганида, кирилчада ўқиган юртдошларимиз ҳам аллақачон лотинчага кўникма ҳосил қилишган бўлишар эди. Улар шу вақтгача лотинчага интилмаётганларининг асосий сабаби, ҳокимият органларида иш юритиш рус тилида ва кирилчада давом этаётганида. Менинг ёдимда, 50-йилларда саводсизликни тугатиш мақсадида, ёзиш-ўқишни билмайдиганлар учун мактабларда дарс ташкил қилинар эди. Ҳозирда бунга зарурат йўқ. Бир сўз билан айтганда, Анвармирзо жанобларининг бу аргументлари ҳам ўринсиз.
В3). Энди яна бир бор хатоликка йўл қўймаслигимиз лозим. «Биз катта бир қадам ташлашимиз керак, …шунда Россия ҳам иккита катта қадам қабул қилади. Шу билан Россияда ишлаётган ёшларимизнинг ҳуқуқий мақоми, ишлаб чиқаришлари, пул топиш имкониятлари баланд бўлади, буни нимаси ёмон?»
Собиқ Давлат мулозимининг, «катта бир қадам-иккита катта қадам» тўғрисидаги иборалари («Икки катта қадам» нимани англатишини очиқламаган бўлсаларда), у кишим тўғрисида, Россиянинг шу масала бўйича мухтор вакили ёки бу масала бўйича музокара кетаётган бўлса, ундан ҳабари бўлган ваколатли шахс эканларидек таъсурот уйғотди. Ажабланарлиси шундаки, Анвармирзо жаноблари бу «геополитика»нинг бизга манфаатли томонлари тўғрисида кўп гапирдиларку, аммо у Россия учун қандай наф келтириши қоронғулигича қолди.
В4).Ўтган давр ичида иқтисодиётда, ҳуқуқшуносликда, маданиятда ва бошқа сохаларда қўйилган кўп хатоликлар янги Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ва халқимизнинг қўллаб-қуватлаши билан тузатиб қўйилаяпти, шу маънода кирилчага қайтиш керак.
Қаранг-а, собиқ Мулозим жаноблари, алифбо ўзгартириш масаласини қанчалик осон масала сифатида тушинтираяпти. Ваҳоланки, кирилчадан лотинчага ўтишда барча адабиётлар йўқ қилиниб, уларни лотинчада қайта тиклаш учун кўп йиллар Республиканинг барча зиёлилари сафарбар қилинди.
В5).Таниқли шоир Жамол Камол 2001 йили,»Ҳали ҳам кеч эмас» деган мақола э`лон қилиб, кирилчани ўзгартирмасликни тавсия қилиб, катта қийинчиликларга олиб келишидан огоҳ қилган эканлар. Ўша мақолани ҳозир интернетдаги саҳифаларига қайта қўйибдилар.
Тушинилишича, шоир Жамол Камол, ўша (халқ қашшоқликка маҳкум этилган, давлатчилик ва жамият таназзул ёқасида турган) даврда алифбони ўзгартириш мавруди эмаслиги ҳақида, унинг қийинчиликлари тўғрисида бонг урган. Анвармирзо жаноблари, кирилчага қайтиш таклифини асослаш учун, Жамол Камолнинг мазкур мақоласидан “кўмак” олмоқчи бўлди. У мақола, кирилчага қайтиш таклифига бугун қарши аргумент бўлишини собиқ Мулозим яхши тушинса керакку-я, балки у кишим, бошқалар буни тушинмайди, деб умид қилган бўлишлари мумкин. Зеро, таълим бутунлай лотинчага ўтди. Кирилчадаги барча жиҳозлар ёъқ қилинди, катта қийинчиликлар билан таълимнинг ҳамма босқичлари учун лотинчада жиҳозлар яратилди(аввалги адабиётлар лотинчага ўтказилиб қўйилгани йўқ). Бу жараён осон кечмагани, ҳақида тўхталишга зарурат йўқ. Хўш, Жамол Камолнинг 2001 йил ёзилган ўша мақоласи бугун бизни нимадан огоҳ қилади? Алифбони яна қайта ўзгартирмасликни(яни, кирилчага қайтмасликни) тавсия қилаётган бўмайдими? Кирилчага қайтмоқчи бўлиб, халқи ичимлик сув билан тўлиқ таъминланмаган юрт бошида ўша қийинчиликларни беҳуда такрорламасликни тавсия қилаётган бўлмайдими? Зеро, шоир Жамол Камол «бассейнлар қуришни орзу қилишдан аввал юртда ҳаммомлар қуриш зарур», деган мантиқдан келиб чиқадиган инсон.
C1). Учинчи савол бўйича, Анвармирзо Ҳусаинов шундай деди: Рус тилида сўзлашув масаласини халқнинг ўз иҳтиёрига қўйиб бериш керак, рус тилига алоҳида қонун билан мақом бериш керак эмас, рус тили шундай ҳам иккинчи со`злашув тили, Россия ва Қозоқистондаги тадбиркорларимиз, ишлаётган юртдошларимиз рус тилида гаплашади, яни камида 10 миллион аҳолимиз рус тилида гаплашди.
Унинг гапларини синчковроқ таҳлил қилинса, бизни кирилчага қайтаришмоқчи бўлаётганлари, бу катта режанинг дебочасидек кўринади. Зеро, ҳолислик бўлса, Анвармирзодек инсоннинг тушинтиришлари мантиғи аниқ-тиниқ бўлишини кутиш табиий эди. Бироқ, синчков таҳлилсиз унинг гапларидан маъно англаш мумкин бўлмади. Хўш, «рус тилида сўзлашиш масаласини халқнинг ўзига қўйиб бериш керак», деган, кўринишдан «беозор» бўлган, жумлага қандай маъно жо қилинган? Бу жумлани, «ватандошлар ўзаро истаса рус тилида гаплашаверишига имкон берилиши керак», деган мазмунда айтилган десак, бу гап мантиқсиз бўлиб қолади. Чунки Ўзбекистонда ёки ўзга юртда бизнинг юртдошларимиз ўзлари билган истаган тилида гаплашиб келган, келгусида ҳам шундай гаплаша олишига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Бироқ, Анвармирзо жанобларини, ҳеч қандай мазмун жо қилинмаган жумла айтган инсонга қиёслаб бўлмайди. Демак, бу жумлага бошқа мазмун жо қилинган. Яъни, Ҳокимият тизимларида, ташкилотларда рус тилида иш юритаверилиши, расмий йиғилишлар рус тилида олиб борилишига имкон берилиши керак, деган мазмун жо қилинган, деб таҳмин қилиш мумкин. Демак, Давлат тили мақоми талабларидан воз кечиш назарда тутилаяпти. Бу, бир тамондан, рус тилида сўзлашувчиларга қулайлик туғдирса, иккинчи томондан, рус қардошларимиз «мутаҳассислари» келиб, Давлат тизимларида ҳам бизга бошқарув ёрдами кўрсатаверишларига имкон яратилади. Бироқ, рус тилида сўзлашаолмайдиган ватандошларимиз бирор ташкилотнинг ўзбекча сўзлашмайдигон ходимига иши тушганида, унинг олдига ўзи таржимон олиб бориши лозим бўлади. Анвармирзо жанобларининг ибораси билан айтганда, «бунинг нимаси ёмон?»
Сўнг сўз ўрнида:
Кирилча алифбога қайтиш бизнинг миллий манфаатимизга зид, иқтисодиётимизга катта қийинчиликлар олиб келади ва мантиққа ҳам зид.
Менинг назаримда, бу муҳим масалада халқимиз фаоллигини уйғотишимиз зарур, у ўз иродасини қатъий билдириши лозим. Бу, Президентимиз «геополитика» туфайли «икки ўт орасида қолганида» унга ёрдам бўлади. Катта оғаларни ранжитмаслик учун, халқ иродасини синдириб бўлмаслигини айтиб, уларга ётиғи билан жавоб қилишга имкон туғилади.
2017 йил, август ойининг 30-куни.
Собир Тўлаганов.
Мақола муаллифи тўғрисида:
Ҳозирда 73 ёшда бўлган физика-математика фанлари доктори Собир Тўлаганов 1943 йили Тошкентда туғилган. У, 1967 йили Тошкент Давлат Университетининг Механика-математика факультетини "Сонлар назарияси" мутаҳассислиги бўйича тугаллаб аспирантурага кирган. У, "Мультипликатив функциялар қийматлари йиғиндилари" ва "Сонлар назариясида эҳтимоллар назарияси услублари" йўналишларида илмий изланишлар олиб борган. Собир Тўлаганов 1972 йили номзодлик диссертациясини, 1993 йили докторлик диссертациясини ёқлаган. У, 1983 йилгача ТошДУнинг Математика факультетида, 1983 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Математика институтида фаолият олиб борган. 2001 йилдан 2005 йилгача ЎзМУнинг Иқтисодиёт факультетида кафедра бошқарган. Оралик йилларда бошқа университетларда ҳам профессор лавозимида дарс берган.