Ўзбекистонда ҳали эълон қилинмаган тест натижалари пулланмоқда

Ўзбекистонда юз минглаб абитуриентлар имтиҳон натижаларини интиқиб кутаётган бир пайтда ижтимоий тармоқларда ҳали эълон этилмаган тест жавобларини муайян тўлов эвазига билиб беришни таклиф этувчилар кўпайди. Ўзбекистон Давлат тест марказидагилар эса ҳали тест натижалари эълон қилинмагани, натижалар фақат ва фақат ДТМ расмий сайти — dtm.uzда эълон қилинишини айтиб, абитуриентларга фирибгарларнинг ёлғон ваъдаларига ишонмасликни тавсия этишмоқда.

Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг натижалари ҳар йили август ойи ўрталарида эълон қилинади.

Лекин, бу йил, ҳозирча, тест натижаларидан дарак йўқ.

Бу эса ижтимоий тармоқларда тест натижаларини билиб беришни ваъда қилаётган фирибгарларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

16 август куни Telegram тармоғида тест натижалари чиққани, буни билиш учун кўрсатилган рақамларга ДТМ қоғозидаги кодни териб SMS юбориш кераклиги ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалди.

Бироқ, фойдаланувчилар бу фирибгарларнинг иши бўлиб, рақамни терсангиз, ҳисобингиздан пул кетиб қолаётганини айтишмоқда.

Ўзбекистон Давлат тест марказидагилар эса ҳали тест натижалари эълон қилинмагани, натижалар фақат ва фақат ДТМ расмий сайти — dtm.uzда эълон қилинишини айтишмоқда.

- Жавоб ҳали йўқ, сайтимизни кузатиб боринг, яқин фурсатда эълон қилинади. Фақат, ДТМ сайтида эълон қилинади бу, бошқа сайтда эмас, - дея гапни қисқа қилди ўзбекистон Давлат тест марказининг Озодлик боғланган мулозими.

Лекин, сўнгги кунларда Ўзбекистон Давлат тест маркази сайтига кириб бўлмаяпти.

Сўнгги бир кун ичида ҳаддан зиёд одам тест натижаларини билиш учун Ўзбекистон Давлат тест маркази сайтига киришга уринган.

- Мана шу мавсумда сайтга жуда катта нагрузка бўлади. Тасаввур қилинг, ярим миллиондан ортиқ одам тест топширган, шулар жавобларни билиш учун бир вақтнинг ўзида сайтга киришга уринади. Шунинг учун, сайтга кириб бўлмаса, тест натижаларини уяли телефон орқали ёки Click тизими орқали билса бўлади, - деди ДТМ ходими.

Ўзбекистонда онлайн пластик карточкаларига уланган Click хизмати орқали тест натижаларини билиш эса 1500 сўм туради.

- 1500 сўм. Пластик карточкангиздан шу пул олдиндан ечиб олинади. Пул ҳозир тўлаб қўйилса ҳам бўлади. Имтиҳон натижалари Давлат Тест марказидан олингандан сўнг автоматик равишда SMS орқали юборилади. Абитуриент “DTM 2016” бўлимига кириб ўзини рақамини киритиши керак бўлади, - деди Click хизмати мулозими.

Ўзбекистондаги UCell уяли телефон ширкати эса ўз абонентларига 5100 рақамига жавоблар варақаси рақамини SMS-хабар шаклида жўнатиш орқали тест натижаларини юборишни ваъда қилмоқда.

- 75 цент бу, 75 цент олинади. 5100 га жавоб варақангизни киритасиз. Тўплаган баллингиз келади, - деди Ucell ходими.

Тест натижаларини Telegram илова-дастури ёрдамида контактлар иловасига “@DTMbot” ёки “@DTMrobot”ни қўшиш орқали билиб олиш мумкин.

Бу бепул туради. Лекин, уяли телефонингизда Telegram илова-дастури бўлиши керак.

Давлат тест маркази маълумотига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 663 мингдан ортди.

Олий ўқув юртларига бир ўринга 11 нафар абитуриент даъвогарлик қилаётир.