Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида очиладиган янги “Ўзбекистон 24” телеканалида ҳаммаси бўлиб 251 киши ишлайди ва МТРКнинг барча информацион дастурлари шу каналда жамланади.
Бу маълумотни Озодлик МТРКдаги ислоҳотлардан яхши хабардор таниқли тележурналист Турсун Қоратоевдан олди.
Баъзи томошабинлар кейинги ойларда Ўзбекистон давлат телеканаллари кўрсатувларига “жон кира бошлаганини” эътироф этмоқда.
Баъзи тележурналистлар йиллардан буён айтиб келаётган ўзбек тележурналистикаси чалинган касал - "ура-урачилик"ни Президент Мирзиёев бундан икки ой муқаддам тилга олган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ёпилаётган дастурлар
“Ўзбекистон» телеканалининг “Ахборот” ва “Таҳлилнома”,”Тошкент” телеканалининг “Пойтахт”, ҳамда “Ёшлар” телеканалининг “Давр” информацион дастурлари ёпилиши тўғрисида Озодлик маҳаллий нашрларга таяниб олдинроқ хабар қилган эди.
Бу хабар ортидан МТРК раиси биринчи ўринбосари Бобир Алихоновнинг қабулхонаси билан боғландик. Телефонни кўтарган ва ўзини “Алихоновнинг ёрдамчиси”, деб таништирган йигит, информацион дастурларнинг ёпилаётгани тўғрисидаги хабарни, кутилмаганда, инкор этди.
“Бу ҳақда сайтлар хабар қилди”, деган писандамиздан сўнг, кутиб туришимизни сўради ва 10 дақиқача куттириб, сўнгра “узр, бу масаладан хабарсиз эканман, бир нарса деёлмайман”, деб алоқани узди.
Бироқ, таниқли тележурналист Турсун Қоратоев “Бу янгилик эмас. Анчадан бери юраётган гап”, деб Президент Мирзиёевнинг жорий ой бошидаги қарорини ёдимизга солди.
Ой бошидаги хабар
Давлат раҳбари 2 май куни МТРК таркибида “Ўзбекистон 24”, деб аталувчи янги миллий ахборот-таҳлил телерадиоканали ташкил этишга оид қарорни имзолагани тўғрисида Озодлик маҳаллий нашрларга таяниб хабар қилган эди.
Матни очиқ манбаларда йўқ бу қарор тўғрисидаги хабарларга кўра, 24 соат давомида эшиттириш узатувчи бу канал¸ “аҳолига объектив ва ишончли хабар етказиш¸ Ўзбекистон медиа ҳудудини сифатли ахборот-таҳлил материаллари билан бойитиш¸ сиëсат¸ хавфсизлик¸ иқтисод¸ маданият¸ илм-фан ва спорт¸ шунингдек¸ бошқа давлатлардаги муҳим воқеаларни тезлик билан ëритиш” мақсадида ташкил этилади.
Қоратоевнинг оптимизми
Турсун Қоратоевнинг фикрича, Президент қароридан кўзланган мақсад амалга оширса бўладиган мақсаддир.
- Янги телеканалда масалаларга янгича ёндошиш бўлади. Ҳозирги куннинг талаби даражасида, камида 80 фоиз ўзгариш бўлади, деди Турсун Қоратоев.
"Жон кириб қолди"
Қашқадарёнинг Касби туманида яшайдиган кекса журналист Эргаш Мусаевнинг фикрича, Ўзбекистон телевидениеси ва радиосининг информацион дастурларида кейинги ойларда ўзгаришлар кўзга ташланиб қолди.
- Ошкоралик бўлаяпти. Ҳақиқатлар айтилаяпти. Мавзуларни кўтаришда қандайдир янгиланиш кўзга ташланаяпти. Олдин танқиддан қўрқишган, биласиз. Энди эса, ҳамма нуқсонларни айтишаяпти, деди қашқадарёлик кекса журналист.
Собиқ "Давр"чи: Ура-урачилик жонга тегди
Бошқа бир журналист – 2009 йили бир муддат “Давр” информацион дастурида ишлаган Малоҳат Эшонқулова ҳамкасблари – Турсун Қоратоев ва Эргаш Мусаевларнинг оптимизмига Озодлик билан суҳбат чоғида шерик бўлмади.
“Ахборот”, “Давр” ва бошқа информацион дастурларнинг ёпилаётганини Озодликдан эшитгач, Эшонқулова “аллақачон ёпилиши керак эди, чунки ёлғон ахборотнинг ҳеч кимга кераги йўқ”, деган муросасиз гапни айтди.
Фикрини далиллаб беришини сўраганимизда у информацион дастурлар учун мавзулар ва янгилик объекти танлаш механизми ҳақида айтиб берди.
- Ҳар куни ТВ раиси номига ўтказилаётган тадбирларни ёритиш сўрови билан турли ташкилотлардан таклифномалар келади. Бир кунда камида 10 та таклифнома келади. “Давр”чилар фақат ўша “показуха” тадбирларни, ура-ураларни ёритиш билан банд эдик, деди Малоҳат Эшонқулова.
Шавкат Мирзиёев: Ура-урачилик жонга тегди
Собиқ "Давр"чи Малоҳат Эшонқулова телевидениедан қувилганидан буён, йиллардан бери айтиб келаётган Ўзбекистон давлат телевиlениесидаги ура-урачиликни 30 март куни Президент Мирзиёев ҳам тилга олди.
Ўша куни видеоселектор орқали ўтказилган мажлисда давлат раҳбари “Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. «Ахборот» кўрсатувини ўзгартиришимиз керак”, деган эди
Мажлисда президент телевидение фаолиятига тўхталиб,бу соҳадаги аҳвол "эски ҳаммом, эски тос" бўлиб қолаётганини айтган,«Ўзбекистон» ва "Ёшлар" телеканалари номларини тилга олиб ўтган эди.
“Ўзбекистон 24” қачон очилади
Хабарларга қараганда, “Ўзбекистон 24” телеканали каналининг очилиш санаси ҳозирча маълум эмас.
"Ахборот", "Пойтахт" ва "Давр" "Ўзбекистон 24" телеканали ишга тушгунича эфирга чиқишда давом этади.