Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72- сессиясида қатнашиш учун Нью-Йорк шаҳрига россиялик бизнесмен Алишер Усмоновнинг учоғида учиб кетгани эҳтимолини аввалига Би-Би-Си Ўзбек хизмати илгари сурган эди. Ўзбекистон ҳукумати транспорт тизимидаги Озодлик манбаси мамлакат президенти Усмоновнинг самолётида учиб кетганини тасдиқлади. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда мунозарага сабаб бўлди.
Озодлик билан суҳбатда бўлган экспертлар бу ерда “манфаатлар тўқнашуви” бўлиши эҳтимолига эътибор қаратди.
Ўзбекистон президенти маъмурияти ҳам, ташқи ишлар вазирлиги ҳам Мирзиёев нега ўзининг давлат учоғи қолиб россиялик миллиардер учоғидан фойдалангани юзасидан изоҳ бермади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нега Нью-Йоркдаги нуфузли анжуманда қатнашиш учун ўзининг давлат рамзи туширилган ва мамлакат хавфсизлик тизими паноҳида бўлган учоғи қолиб, Ўзбекистон ҳукумати аъзоси бўлмаган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳусусий учоғида АҚШга учиб борди?
Озодлик шу савол билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилганида “бу юзадан изоҳ беролмаймиз”, деган жавобни олди.
Ўзбекистон президенти маъмурияти матбуот хизматида эса, Озодликнинг бир неча бор қилган қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ўзбекистонликлар телесюжетларда Президент Нью-Йоркка кетадиган самолёт йирик планда кўрсатилмаганига эътибор қаратмоқдаки, уларнинг фикрича, "Мирзиёев Усмоновга қарашли учоқда мамлакат жамоатчилигидан яширин тарзда АҚШга учган" ва бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Ўзбекистонлик журналист Улуғбек Бакиров Facebookдаги саҳифасида
"Алишер Усмонов Шавкат Мирзиёевга ўзининг шахсий самолётини совға қилдими ёки вақтинчалик фойдаланишга ижарага бердими? Бунга сабаб нима?.Президентнинг давлат учоғига нима бўлди?" каби саволларни ўртага ташлади.
www.eltuz.com сайти эса Мирзиёевнинг Усмонов учоғидан фойдалангани хажв қилинган карикатурани эълон қилди.
Озодлик билан суҳбатда бўлган экспертлар эса, бу ерда “манфаатлар тўқнашуви” бўлиши эхтимолига эътибор қаратишди.
Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Мирзиёев жамоатчиликка нега бировнинг ҳусусий учоғидан фойдалангани ҳақда тушунтириш бериши керак, дейди.
- Мирзиёевнинг бир неча миллиард доллари бор ва сиёсий қарорларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга бўлган бизнесменнинг учоғидан фойдалангани кўплаб саволларни ўртага чиқаряпти. Шундай саволлардан бири “бу ерда манфаатлар тўқнашуви йўқми”, деган савол. Менимча, бу ерда манфаатлар тўқнашуви яққол кўриниб турибди. Алишер Усмонов давлат раҳбарига ўз учоғини фойдаланишга берар экан, у бунинг эвазига нуфузли мамлакат раҳбаридан нима истамоқда, қандайдир имтиёз ёки узоқни кўзланган манфаат? Усмоновнинг нима манфаат хоҳлаётгани менга қоронғу. Усмонов Кремлга жуда яқин одамлардан. У Кремлнинг Ўзбекистондаги манфаатлари тамсилчиси сифатида ҳам кўрилиши мумкин. Нима бўлганидан қатъиназар, менимча, Мирзиёев нега бизнесменнинг хусусий учоғидан фойдалангани ҳақида дарҳол изоҳ бериши керак,- дейди Алишер Илҳомов.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда "Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хавфсизлик хавотирлари сабаб ўз мамлакати миллий хавфсизлиги назоратида бўлган учоқда эмас, балки Усмонов учоғида АҚШга йўл олди" деган фаразлар айтилмоқда.
Алишер Илҳомов бу фаразларда жон бўлиши мумкин, дейди.
- Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати назоратида бўлган учоқ қолиб муқобил трансортни танлаши унинг хавфсизлик хизматларига ишонмаётгани белгиси ҳам бўлиши мумкин. Мен президент ва МХХ ўртасида қандайдир таранглик бор-йўқлигини билмайман. Лекин, бу тахминларни ҳам назардан соқит қилмайман, - дейди Алишер Илҳомов.
Бирон мамлакат раҳбари бирон тадбиркорнинг хусусий учоғида хорижий давлатга сафар қилиши давлат протоколининг бузилишини англатадими?
Москвадаги Халқаро муносабатлар институти профессори Валерий Брен Озодлик билан суҳбатда бу саволга шундай жавоб берди.
- Президент истаса бирон ширкатнинг йўловчи учоғига билет олиб ҳам учиб бориши мумкин. Давлат бюджетини тежаб, кўплаб давлат раҳбарлари шундай қилади. Учоқ бу шунчаки транспорт воситаси холос, буни давлат протоколига ҳеч алоқаси йўқ, - дейди профессор Брен.
Лекин, АҚШда яшаётган ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев фикрича, ҳар қандай президент ўзи учун мўлжалланган учоқда учиши муҳим нарса.
- Чунки, президентнинг самолёти махсус алоқа воcиталари билан жиҳозланган бўлади. Президент мамлакатда бўлаётган вазиятдан хабардор бўлиб туриши керак. Давлат раҳбарининг алоқа воситалари бошқа, ҳусусий тадбиркор учоғидаги алоқа воситаси бошқа. Президертники махсус шифрланган, кодланган алоқа воситаси. Мамлакатда бирон нарса бўлса у ўзининг маслаҳатчилари билан россиялик тадбиркор Усмоновнинг алоқа воситасида гаплашадими? Бу ҳам манфаатлар тўқнашуви бўляпти, Мирзиёев Усмоновнинг учоғига ўтириб, ўз мамлакати манфаатини оёқ ости қилаётганини кўриш мумкин бу ерда. Бундан ташқари президент ўзининг самолётида учиши рамзий аҳамиятга ҳам эга. Чунки самолётга давлат рамзлари туширилган ва президент шу давлат рамзларини ташувчиси ҳам саналади, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаш ва Ўзбекистон-АҚШ Бизнес форумида қатнашиш учун Нью- Йорк шаҳрига россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли Airbus A340-313 учоғида учиб кетгани маҳаллий телевидение ва матбуотда яширилганига қарамай фош бўлди.
Мирзиёев Нью-Йоркга Усмоновнинг учоғида учиб кетгани эҳтимолини аввалига Би-Би-Си Ўзбек хизмати илгари сурган эди.
Ўзбекистон ҳукумати транспорт тизимидаги Озодлик манбаси ҳам мамлакат президенти Усмоновнинг самолётида учиб кетганини тасдиқлади.
Flightradar24 да ҳам Усмоновнинг Airbus A340-313 самолёти шу куни Тошкентдан Ню Йоркга учгани қайд этилган.
Ўзбекистон президенти ҳар сафар хорижга жўнаши пайти учоққа чиқиши саҳнасини кўрсатиб келган “Ахборот” дастури 18 сентябр куни Мирзиёевнинг қўриқчиси билан Тошкент аэропортидан чиқиб кетаётганини намойиш қилди.
Лекин, Ўзбекистон президенти Нью-Йоркка етиб боргани ҳақидаги "Ўзбекистон 24" телеканали эълон қилган лавҳада Мирзиёевнинг ортида турган Усмоновга тегишли экани айтилган самолётнинг бир қисми кўриниб қолди.
Энди президент мамлакатга қандай учоқда қайтади ва Ўзбекистон телевидениеси уни қандай ёритади, буниси - ҳозирча қоронғу.