Юздан ортиқ киноларда рол ўйнаб танилган 49 яшар ўзбек кино артисти ва қўшиқчиси Дилфуза Исмоилова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевни улуғлаб қўшиқ куйлаган илк санъаткор бўлди.
Шоир Тоҳир Муҳаммад тарафидан ëзилган матнга бастакор Рустам Тўлашов куй басталаган “Шу гўзал юрт султони омон бўлсин” қўшиғини куйлаган Дилфуза Исмоилова Озодлик билан суҳбатда “ушбу қўшиқ қалб амри¸ виждон буйруғи билан” Мирзиëев Президентликка сайланган 2016 йилнинг декабрида яратилганлиги айтди.
- Президентимиз Шавкат ака жуда яхши олиб бораëтганлигини кўриб завқланиб кетиб, шоиримиз Тоҳир Муҳаммад билан гаплашиб ўтириб, бу қўшиқ устида иш бошладик. Тоҳиржон чиройли шеър ëздилар. Музикани Рустам Тўлашевга бердик. Ижрони ман айтиб, декабрда ëзиб бўлинди. Январда охирги сайқал бериб, қўшиқ тайëр бўлди. Кейин клип қилиб каналларга бердик¸ деди суҳбатдош.
Унга кўра¸ бу қўшиқни бирор давлат идораси ëки мулозим буюрмаган.
- Олдинги юртбошимизнинг муносиб давомчиси бўлган Шавкат акамизнини қилган чиройли ишларини кўриб¸ кундан кунга юртимиз гуллаб-яшнаб¸ яхши тарафга ўзгаришлар бўлаëтганидан меҳрим товланиб кетганидан айтдимда. Кейин шу асосда клип олдик, деди Озодлик билан суҳбатда қўшиқчи.
22 майдан бошлаб клип ижтимоий тармоқлар ва Ўзбекистондаги кўнгилочар телеканналарида намойиш қилинмоқда.
"Оллоҳнинг ердаги сояси - Султоним омон бўлсин"
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “Шавкат Мирзиёев хақида супер тарона ва клип”, дея юз минглаб юзерлар тарафидан томоша қилинаëтган клипда Ўзбекистоннинг янги раҳбари “Султон” дея мадҳ қилинади:
Омон бўлсинай, бор бўлсинай,
Шу гўзал Султони бор бўлсинай,
Бу сўзлар янграган пайт клипда Шавкат Мирзиëевнинг тасвири кўринади.
Авлиëлар аҳлига авлод бўлсанг арзийди,
Мирзиëлар халқига қанот бўлсанг арзийди,
Юрт Султони Худонинг ердаги бир сояси,
Шундай азиз инсонга дойим десанг арзийди.
Қўшиқ фонида Мирзиëвнинг одамлар билан учрашгани ва Амир Темур ҳайкали кўринади. Қўшиқ мисраларида Мирзиëев иқтидорга келган пайт “Ўзбекистоннинг толеси балқиган куни”, дея алқанади:
Неча асрлар ўтиб, бир азиз замон келди,
Бугун халқни уйғотиб соҳиби даврон келди.
Ғурурли ўзлигини Худо берди бу неъмат,
Ўзбекнинг шон-шавкатин дунë билар он келди.
Даврон сураëтган янги раҳбар
Клипда Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон президентлигига янги сайланган пайтдаги кадрлар намойиш қилинар экан, мана бу мисралар янграйди:
Даври келса ҳар инсон,
Давронини суради.
Келажак осмонига
Нарвонини қуради.
Клипнинг шу ерига келганида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Бош вазир ўринбосари Рамат Очилов ҳамроҳлигида кўринади. Эркак суҳандон овози янграйди:
Довруғингни қилай элга достон
Ўзимники бўлган Ўзбекистон!
Клип Ўзбекистон президентининг халқни бой қилиш ҳақидаги нутқидан парча билан якунланади.
Тармоқлардаги танқид
Жанжалли видеолари билан танилган ва Ўзбекистонда молиявий пирамида ташкил қилгани ортидан фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган чинозлик Аҳмадбойни мақтаб видеолар чиқарган Дилфуза Исмоилованинг янги қўшиғи ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда.
Тармоқ юзери Фазлиддин Жабборов қўшиқ илк марта эълон қилинган Youtube порталида 22 май куни изоҳ қолдириб Дилфуза Исмоилова айтган қўшиқни салбий баҳолади:
“Шоир қўшиқчилар халқ дардини куйлаши лозим султонларни бардор-бардор қилиш эмас, лаганбордорлар. Пахта,буғдой,олтин,газ,пилла,уран қаёққа кетаётганини ҳеч ким билмайди. Ишсизлик эса, халқнинг тинкасини қуритган. Ўзбеклар чет элларда сарсон-саргардон. Мана халқ дарди .Мард бўлсангиз шуларни куйланг ¸ деб ëзади Жабборов.
Айни мунозарада иштирок этган Комронжон Абдуллаев бу қўшиқни Туркманистондаги каби лаганбардорлик унсури деб атайди:
“Манимча яхши иш бўмади, ҳали энди сайланди, ҳали сезиларли иш қиган йўк. Туркманларга ўхшап бошладилар” дея ëзади юзер.
Юзерлардан баъзилари Дилфуза Исмоиловани ëқлаб ëзади. Шоҳруҳ исмли юзер назарида раҳбарни мақташ эски анъана:
“Артист ўз ишини қилаяпти. Илгарги замонларда хам шоирлару қўшиқчилар подшони мақтаб улуғлаб кўкларга кўтаришган Президентимизга келсак бу инсонни ғайратию шижоати ҳар қандай намуна қилиб кўрсатсак бўлади. Кўз тегмасин яратган паноҳида асрасин¸ дея ëзади виртуал мунозара иштирокчиси.
Каримов давридаги чегараланган маддоҳлик
Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси аъзоси¸ мусиқашунос Равшанбек Матжоновнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ “Каримов даврида мадҳия қўшиқлар яратиш рағбатлантирилмаган”
- Асосий телерадиоканалларда ва катта саҳналар репетуарида очиқдан-очиқ мадҳия қўшиқлари бўлмаган. Ўз вақтида президент матбуот котиби бўлган Мурод Муҳаммад Дўст ва кейинчалик давлат маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов бу ишни деярли тақиқлаб қўйган эди. Албатта, баъзи ҳаваскорлик чиқишлари бўлган лекин улар остона ҳатламаган. Масалан, Юлдуз Усмонованинг Каримовга аталган “Самарқанд” деган қўшиғи бир марта ресторанда айтилган ҳолос. Кейин админстратор бунинг учун ҳайфсан олган¸ дейди суҳбатдош.
Унга кўра¸ Каримов даврида нафақат президент балки бошқа мулозимларни мақтаб қўшиқ айтишга норасмий тақиқ бўлган
- Зеромакс раҳбари Миродилбойга бағишлаб қўшиқ айтган ашулачи кўзи ожиз бўлгани боис қаттиқ жазоланмади. Лекин Салимга бағишлаб қўшиқ айтган Абдулазиз Каримовнинг лицензияси олиб қўйилган эди, дея эслайди мусиқашунос.
Ўзбекистоннинг ўтган йили оламдан ўтган президентига бағишлаб илк бора 1994 йилда Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров “Қўнғироғи жарангдор”, деган қўшиқни айтган. Айни қўшиқчи кейинроқ “Минг қуллуқ” деган қўшиқ айтган эди. 2015 йилда Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова “Самарқанд” деган қўшиғида Ислом Каримовни Султонга тенглаштирган эди.