2019 йилда ўзбекистонликларни нималар кутаяпти?

Тақиқланган пакетлар, камайтирилган солиқ ставкалари, оширилаётган маошлар, кучини йўқотаётган собиқ СССР ҳужжатлари, бир марталик умумдавлат акцияси – Буларнинг барчаси 2019 йилда ўзбекистонликларни кутаётган янгиликлар эканлиги ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Telegramдаги каналида хабар қилди.

Солиқ

2019 йил 1 январдан кучга кирадиган энг муҳим янгиликлардан бири бу солиқ соҳасидаги ислоҳотлардир.

Илгари амал қилган тартиб бўйича солиқ махсус шкала бўйича ҳисоблаб чиқилар эди. Бунда маош энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлса 7,5%, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида 16,5%, ундан юқори миқдорда ойлик олса, 22,5% солиқ ушланар, бу солиқлар миқдорининг ўзи ҳам ўсиб борувчи шкала бўйича кишини чалкаштириб юборадиган даражада мураккаблашиб кетарди. Қўшимчасига, иш ҳақидан давлатдан ташқари пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундирилар эди.

Эндиликда эса жисмоний шахснинг даромадларидан 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади. Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:

юридик шахслар – 12 фоиз (илгари 14 %);

тижорат банклари – 20 фоиз (илгари 22 %).

Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка (илгари 10 %) бўйича солиқ солинади. Яъни ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкасига эга бўлган давлатлардан бирига айланди. Бундан кўзланган мақсад тадбиркорларни бўш турган маблағларни омонатларга қўйишга рағбатлантириш, мамлакатда фонд бозорини ривожлантиришдир.

Балиқчилик кластерлари йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалардан озод этилади.

Нотариат

2019 йил 1 январдан бошлаб ўзбекистонлик нотариуслар “фаол нотариат” тизимида ишлашга ўтишади.

Масалан, кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлашда электр ва газ таъминоти бўйича қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотларни олиш бевосита нотариус томонидан бажарилади. Яъни қайсидир идораларга бориб соатлаб навбат кутиб “справка” олиш амалиётига чек қўйилади. Бу ҳам фуқароларимиз вақти ва нақдини тежаб, ортиқча асаббузарликларнинг олдини олади.

Бундан ташқари 1 январдан бошлаб:

фуқаролар ўртасида тузилган бино (уй-жой, квартира) ёки унинг бир қисмини ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлаш шартлиги ҳақидаги талаб ўз кучини йўқотади;

нотариал тартибда тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаган шахслар ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги хизматлар учун ҳақ тўлашдан озод этилади;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида нотариуслар томонидан аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин;

битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин;

фуқаро қандайдир сабабларга кўра (жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ва ҳ.к.) битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаган ҳолларда нотариус видеоёзув воситаларидан фойдаланади;

нотариал идораларга электрон мурожаат қилиши мумкин, бунда мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим;

уй-жой, бино, иншоот ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимларни исталган нотариал идорада амалга ошириш мумкин (илгари фақат шу мол-мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланар эди).

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар

Меҳнат ва ижтимоий соҳада ҳам 2019 йил 1 январдан бошлаб ўзбекистонликларни қатор янгиликлар кутиб турибди.

Масалан, педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақлари оширилади. Хусусан, ойлик иш ҳақлари 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилади.

Илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори ҳам 20 фоизга кўпаяди.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси қайта кўриб чиқилади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентларини ўртача 10 фоизга, шу жумладан, 1-разряд бўйича 15 фоизга, 2-разряд бўйича 10 фоизга ва 3-разряд бўйича 5 фоизга ошириш орқали меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш назарда тутилади.

Меҳнат стажларини ҳисобга олишни қоғоз кўринишда юритиш амалиётидан воз кечилади, бу соҳада ҳам электрон тизим жорий этилади.

Ишловчи пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш бўйича норма ҳам 2019 йил 1 январдан кучга киради.

Тадбиркорлик

Тадбиркорлар учун ҳам қатор енгилликлар берилади.

Жумладан, 2019 йил 1 январдан кўчма савдо учун рухсатнома олиш шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади. Худди шундай улгуржи савдо фаолиятини ҳеч қандай лицензиясиз амалга оширишга рухсат берилади. Давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар учун ички бозорда маҳсулот ёки хизмат учун 15 фоиз тўловни олдиндан амалга амалга оширишга доир архаик талабдан ҳам воз кечилади. Чўчқа гўшти, уй паррандаси гўшти, ўсимлик ёғи, шакар, нон-булка маҳсулотлари, вольфрам рудалари, ипак чиқиндилари экспортига қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинади.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича хизматларни тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг тўлиқ версияси ишга туширилади. Унда тадбиркорларни текшириш бўйича қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш,тадбиркорларга ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.

2019 йил 1 январдан Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати кенгайтирилди.

Яъни, эндиликда темир ёки пўлат симлар, бурчак ва бошқа шакл берилган, махсус темирдан ёки пўлатдан ишланган профиллар, коррозияга чидамли яримтайёр пўлатли ишланмалар, пўлатдан енгил ўралган симлар ва бошқа маҳсулотлар мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлади.

Низоларни ҳал этиш

2019 йил 1 январдан “Медиация тўғрисида”ги Қонун кучга киради.

Қонунга мувофиқ, келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация ҳисобланади.

Адлия вазирлигига кўра, қонуннинг мақсади Ўзбекистонда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Норма ижодкорлиги

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ иттифоқнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади. Собиқ иттифоқ даврида қабул қилинган ҳозирда амалда бўлиб турган 171 та ҳужжатнинг ўрнига замонавий талабларга мос келувчи 56 та янги Қонун ҳужжати қабул қилинади.

Жазони ижро этиш

Жазони ижро этиш муассасаларида, тўлиқ ижтимоий мослаштириш мақсадида маҳкумларни тизимли ўрганиш ва уларнинг онгини ўзгартиришга қаратилган тарбиявий ишларнинг ягона комплекс тизими жорий этилади.

Бунинг учун, 2019 йил 1 январдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги тизимида Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Маҳкумларга шахсий ҳужжатларни тиклаш ва паспорт олишда ёрдам кўрсатилади, уларнинг пенсия суғуртаси, меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингунга қадар амалга ошириш бўйича талаблар ҳам кучга киради.

Соғлиқни сақлаш

2019 йил 1 январдан бошлаб Аллергик касалликларни эрта аниқлаш учун 18 ёшга тўлмаган ва хавф остида бўлган болаларни текшириш бўйича бир марталик умумдавлат акциясига старт берилади.

Адлия вазирлигига кўра, бундан кўзланган асосий мақсад ихтисослаштирилган аллергологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, унинг сифатини яхшилаш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.

Тақиқлар

Шу билан биргаликда, 2019 йил 1 январдан бир қатор тақиқлар ҳам кучга киради.

Масалан, эндиликда полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз тан нархидан паст нархларда сотиш, қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш, полимер плёнкали пакетларни олиб кириш тақиқланади.

Бундан ташқари якка тартибдаги тадбиркорлар қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғуллана олмайди. Ушбу маҳсулотларни сотиш учун албатта юридик шахс ташкил этиш лозим.

Алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш каби фаолият турлари билан шуғулланиш учун ҳам албатта юридик шахс ташкил этиш лозим бўлади.

Адлия вазирлигига кўра, мазкур ўзгартиришларга сабаб бўлган энг муҳим жиҳат тадбиркорлар томонидан солиқдан қочиш учун турли қонун бузилиши ҳолатларига йўл қуйилганлигидир. Хусусан, автотранспорт воситаларини ювиш фаолиятини ташкил этган тадбиркорлар қўлида амалда ўнлаб шахслар ишлайди. Лекин ушбу тадбиркор ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, улар аслида тўлаши керак бўлган солиқнинг ярмини ҳам тўламайдилар.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Бунда ЯТТ 3 кишигача шахсни ёллаши мумкин.

Яъни, моҳиятан ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган фаолият турлари билан ЯТТ шуғуллана олмайди. Масалан, маълумотларга кўра, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш билан шуғулланувчи цехда ўртача 5 ‒ 15 киши фаолият юритади.

Материал Адлия вазирлигининг мақоласи асосида тайёрланди