2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Канададан бошпана топган 78 яшар Хурсаной Жўраева Озодликка боғланиб, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевдан 11 йил аввалги воқеалар пайти қамалган ҳамюртларини озод қилишни сўради.
“Ўзбекистонда яхши пошшо бўлиб қолибди. Чегараларни очаётган экан, қўшни давлатлар билан яхши алоқаларни қўяётган экан. Шавкатжон энди бегуноҳ қамалган фарзандларимизни ҳам озод қилсин, деяпмиз. Аввалги пошшо қанчадан-қанча айбсиз одамларни қамади, ҳозир ҳам қамоқда ётибди. Шуларни озод қилишини сўрайман, керак бўлса Шавкатжонни олдига Канададан учиб бораман”, - дейди Хурсаной буви.
2005 йил 13 май куни Андижондаги қирғиндан омон қолиб, бугун Канаданинг Атлантика океани соҳилидаги Халефакс шаҳрида фарзандлари, невараларидан узоқда якка ўзи яшаётган Хурсаной момо Озодлик билан суҳбатда 11 йил олдинги воқеалар ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди.
“Ўша пайтда пошшо Андижонга келади, дейишди. Пенсиямни бергани йўқ, мен ҳам шуни пошшойимизга айтайин, деб борсак, вертолётда устимизда айланиб кетиб қолди. Аскарлар бизни ўққа тута бошлади, Қирғизистонга қочдик. Ёнларимдан ўқлар ўтиб кетди. Уйимдан битта рўмолда чиққаним билан урушни ичида келдим.Қизим мени Андижонда ўликларни орасидан қидирибди. Кейин Руминияга келганимизда унга бир амаллаб, телефон қилиб, омон қолганимни айтганман.Ҳозир битта ўзим Халифаксда тўққизинчи қаватда яшайман, деразамдан денгизга қараб ўтираман, ўн, ўн икки қаватли кемаларни ҳам кўриб ўтираман”, - дейди Хурсаной Жўраева.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Андижондаги 11 йил аввалги қонли воқеалардан омон қолган 400дан зиёд ўзбекистонлик қочқин Европа давлатлари, Австралия, АҚШ ва Канада каби давлатларда бошпана топган.
Ҳалқаро ташкилотлар Андижонда 2005 йил 13 май воқеалари қурбонлари сонини 500 нафар атрофида деса, ўзбек ҳукумати бу сон 187 экани ва аксар инсонлар террорчилар ўқидан нобуд бўлганини айтган.
Хюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.
Тошкент ҳукумати эса, Андижондаги зўравонликларни Акром Йўлдошев тузган "Акромийлар" диний-экстремистик оқим аъзолари содир этди, деб келади.
Андижон қирғинидан 11 йил ўтиб ҳам, Ўзбекистон қатор ташкилотлар, жумладан БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг тергов ўтказиш тавсиясини рад қилиб келаяпти.