Россиянинг “Лукойл” ширкатининг ёнилғи қуйиш шохобчалари 30 январдан бошлаб тошкентлик ҳайдовчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.
Бу ҳақда Озодликка "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" ширкати вакили маълум қилди.
Озодлик суҳбатлашган “Ўзнефтмаҳсулот” мутаҳасислари яқин келажакда Ўзбекистонда “Лукойл” бренди остидаги автозаправкалар тармоғи вужудга келиши мамлакат ëнилғи бозори мувозанатига сабаб бўлишини тахмин қилишмоқда.
“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг исми сир қолишини истаган мухандиси Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳрининг Қорасув массивида жойлашган собиқ авиация заводи яқинида Россиянинг “Лукойл” нефть компаниясининг автомобилларга ëнилғи қуриш шохобчаси (АЁҚШ) қурилиши тугалланганлигини айтди.
Муҳандисга кўра¸ АËҚШ давлат стандартларига мос келади ва 30 январ куни мижозларга хизмат кўрсатишга ҳозир:
- Тошкент шаҳрининг Қорасув массивида жойлашган собиқ авиация заводи яқинида Россиянинг “Лукойл” нефть компаниясининг автомобилларга ëнилғи қуриш шохобчаси (АЁҚШ) қурилиши тугалланди.
Шаҳарнинг бошқа жойларида ҳам айни АËҚШлар қурилиши режага киртилган¸ деди муҳандис.
Бензин Россиядан келтирилади
Суҳбатдошга кўра¸ 30 январда очиладиган шохобчада Россиядан келтириладиган бензин сотилади.
“Лукойл-Ўзбекистон” ширкатига яқинлигини айтган тошкентлик нафақадаги мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистонда жами 50 та "заправка" қурилиши мўлжал қилинаётган экан.
- Бензин Россиядан олиб келинади. Чегарадан берида ўзимизнинг бензинимиз билан "бойитиш"га улгурмасак сифати ҳам ёмон бўлмаса керак¸ дея таъкидлаган суҳбатдош ëқилиғининг сифати ва нарҳи Россиядагидек бўлишидан умид қилади:
- Москвада Лукойлнинг А 92 бензини 37 рубл, А 95 бензини 40 рубл, дизель ёнилғиси 42-43 рубл атрофида.
Биздаги нарх ҳали номаълум. Ҳар ҳолда, рубл ёки долларнинг расмий курси билан сотилмаслиги аниқ¸ дейди собиқ мулозим.
"Лукойл" АËҚШлари барча шаҳарларда очилади
“Ўзнефтмаҳсулот”даги Озодлик манбаси яқин келажакда Ўзбекистонда “Лукойл” бренди остидаги автозаправкалар тармоғи вужудга келишиини айтди.
Озодликнинг бу манбаси “Лукойл” автозаправкаларининг пайдо бўлиши Ўзбекистон, хусусан¸ пойтахт Тошкент ëнилғи бозорида рақобатни вужудга келтириши ва бензин тақчиллиги вазиятини яхши томонга ўзгартириши мумкинлигини қўшимча қилди.
Геосиëсат тангасининг бошқа тарафи
Ўзбекистонда "Лукойл" брендининг пайдо бўлиши ширкат Литва, Латвия, Эстония, Польша, Чехиядаги шохобчаларини сотиб¸ бу мамлакатлардан чиқиб кетиши ортидан юз бермоқда. Шарқий Европа мамлакатларидаги ўз фаолияти қисқартирилишини компания раҳбари Вагит Алекперов бу мамлакатларда 2014 йилдан кейин Россияга қарши кайфиятларнинг кучайиши билан изоҳлаган эди.
2012 йилда “Лукойл” дунё бўйлаб 6,5 минг АËҚШга эга бўлган. Ҳозирда Европа, АҚШ ва постсовет ҳудудида ширкатнинг 5,5 мингга яқин АËҚШ ишламоқда. Улардан 2000 дан кўпроғи Россиянинг ўз ҳудудида жойлашган.
“Лукойл” бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқдами?
Жорий йил сентябрида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Бухорода “Лукойл” президенти Вагит Алекперов билан учрашиб¸ нефть ва газ соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.
15 ноябрь куни ширкатнинг Ўзбекистонда янги газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларига 500 миллион доллар сармоя ётқизиши хабар қилинди.
Айтилишича, "Лукойл" Люксембург, Франция, Япония, Италия, Германия, Ҳолландия, Россия ва Австриядаги бир қатор банклардан қарз олиб ëтқизиладиган бу сармоя Ҳисор комплексини ўзлаштириш учун сарфланади.
“Лукойл” Ўзбекистоннинг Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот участкалари ҳамда Қандим конлар гуруҳида геология-қидирув ишлари ўтказиб келмоқда. Ҳисор ҳудуди конларида олиб борилган ишлар натижасида шу пайтгача "Лукойл" 368,5 минг тонна нефть ва 2 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган.
2016 йил бошларида“Лукойл” ширкатининг Қандим конидаги лойиҳаси доирасида ERIELL компанияси билан ҳамкорликда Бухорода МДҲдаги энг улкан қуёш электр станцияси ишга туширилган эди. Қурилган станция кундузи 5000 кВтгача, тунги пайтда 1000 кВт энергия ишлаб чиқариш имконига эга. Бу қувватдаги энергия билан 1,5 минг аҳолиси бўлган кичик шаҳарчани доимий таъминлаш мумкин.
Расмий маълумотларга кўра, 2007 да Ўзбекистонда фаолият бошлаган “Лукойл” мамлакат иқтисодиётига 3,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизган.