Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани марказидаги икки қаватли “Маржона” савдо мажмуасида 14 февралга ўтар кечаси ёнғин чиқди. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, кўп қаватли савдо биносида ёнғин алангаси бир неча метр баландликка кўтарилган. Савдо мажмуаси биринчи қаватидаги озиқ-овқатлар билан савдо қилинадиган дўконлар ва иккинчи қаватдаги кийим-кечаклар бўлимлари ёнгани айтилмоқда.
Мажмуада савдо қиладиган тужжорларлардан бири Озодликка дўкондаги миллионлаб сўмлик товари ёниб кул бўлганини айтди.
- Иккинчи қаватда кийим-кечак дўконимиз бор. Кеч хабар топдик. келсак ёниб ётибди. Ичидаги ҳамма товар ёнган. Ёнғин нимадан келиб чиқди, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, - дейди савдогар.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жарқўрғон тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, ёнғин савдо мажмуаси ҳудудида 300 кв метрдан ошиқ майдондаги дўконларга шикаст етказган.
Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ.
Ўт ўчирувчилар дўкондаги моддий бойликларнинг айрим қисмини эвакуация қилишга улгурган.
Бўлим мулозими ўт кетишининг бир қанча версияси ўрганиб чиқилаётганини айтди.
- Электр тизимидаги қисқа туташув ёки иситгич ўчирилмай қолган бўлиши мумкин. Текширув бўлаяпти, ҳали аниқ айтолмаймиз. Ўт ўчирувчиларимиз вақтида етиб боришди. Қўшни туманлардан ҳам ўт ўчирувчилар жалб этилди, - деди мулозим.
Айрим тужжорлар савдо мажмуасига атайлаб ўт қўйилган бўлиши мумкин, деган фаразларни ҳам айтишаяпти.
Ёнғин Хавфсизлиги бошқармаси мулозими бу тахмин ҳам ўрганилаётганини айтди.
- Ҳозир текширув кетаяпти, атайин ўт қўйиш версияси ҳам кўриб чиқилаяпти, - деди бошқарма мулозими.
Ўзбекистондаги буюм бозорлари ва савдо мажмуаларида ёнғинлар тез-тез рўй бериб туради.
2017 йилда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри савдо мажмуида рўй берган ёнғинда 400 кв метрдан зиёд майдондаги дўконлар ёниб кул бўлган эди.