Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида Туркиянинг TAFA ширкатига қарашли "Мерседес-Бенц" юк машинаси темир йўл ўтиш жойида юк поезди билан тўқнашгани оқибатида бир Туркия ватандоши ҳалок бўлди.
Ҳодиса М37 йўлининг 313инчи километрида 8 апрел кечки 11 лар юз берган.
Юк машинаси темир йўл ўтиш жойида юк поезди тепловозининг чап томонидаги ёнилғи бакига бориб урилган ва ёниб кетган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик ҳалок бўлган шахс юк машинанинг ҳайдовчиси Туркиянинг Иғдир шаҳридан бўлган 51 ёшли Кираж Зеки эканини аниқлади.
Туркиянинг TAFA ширкатига қарашли "Мерседес-Бенц" юк машинаси Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрига кафел олиб келаётган бўлган.
Ҳалокат оқибатида юк поездига жиддий шикаст етмаган. Юк машинадаги ёнғин бартараф этилиб, темир йўлдан олингач, поезд ҳаракатини давом эттирган.
TAFA ширкати вакили Бухородаги ҳалокатда юк машинаси ҳайдовчиси ҳаётдан кўз юмганини тасдиқлади, бу ҳақда қўшимча изоҳ бера олмаслигини айтди.
Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати вакили Озодликка Бухородаги автоҳалокатда турк ватандоши ўлгани ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмаслигини айтди.
-Ҳодисани ўрганиб, кейин баенот берамиз, - деди элчихона вакили.
Ҳалокат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси суриштирув олиб бормоқда.