Хиванинг "Ичан қалъа"сига кириш пуллик бўлди (ВИДЕО)

Эндиликда “Ичан қалъа”га 10 минг сўм тўлаб кириш лозим бўлади. Музей қўриқхонаси раҳбарияти сайёҳликдан тушумни ошириш мақсадида “Ичан қалъа”га кириш пуллик қилинганини айтишади.

Хива шаҳрининг “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонасига кириладиган қадимий дарвозаларига турникет ўрнатилди. Эндиликда “Ичан қалъа”га 10 минг сўм тўлаб кириш лозим бўлади. Музей қўриқхонаси раҳбарияти сайёҳликдан тушумни ошириш мақсадида “Ичан қалъа”га кириш пуллик қилинганини билдирди. Лекин, шаҳарнинг тарихий қисмида яшаётган аҳолига бу ноқулайлик туғдирган.

Хиванинг “Ичан қалъа” қисмида яшовчи 69 ёшли Жуманазар ота Озодлик билан суҳбатда дарвозаларга турникетлар ўрнатилиши унинг учун қимматга тушаётганини айтади.

– “Ота дарвоза”дан ҳар куни икки марта ўтишимга тўғри келади. Ҳар ўтганимда 10 минг сўмдан тўласам ҳам пенсиям етмайди, - дейди Жуманазар ота.

Хивалик талаба Равшанбек эса 10 минг сўм тўламаслик учун “Ичан қалъа” ичидаги уйига айланма йўллар билан боришга мажбур бўлаётганини айтади.

- Орқа тарафдан бепул кирса бўлади, лекин узоқроқ. “Ота дарвоза”дан ўтса пул тўлаш керак. 25 минг сўмлик билет ҳам бор экан, 25 минг сўм тўлаб кирсангиз музейлар бепул экан. Биз "Ичан қалъада" яшайдиганлар учун қийин бўляпти, уйимизга киришимизни пуллик қилиб қўйишди, - дейди Равшанбек.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Хиванинг "Ичан қалъа"сига кириш пуллик бўлди

Хиванинг “Ичан – Қалъа” давлат музей қўриқхонаси раҳбарияти сайёҳлик соҳасидан тушумни ошириш учун дарвозаларга турникетлар ўрнатилиб, очиқ осмон остидаги музей саналган қалъага киришни пуллик қилган.

- Сайёҳлардан тушумни ошириш учун қилдик буни. Аҳоли бошқа томондан айланиб кириши мумкин. Кейинчалик “Ичан қалъа” да яшовчи аҳоли учун доимий билет бериш масаласи кўриляпти, - деди “Ичан – Қалъа” давлат музей қўриқхонасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Хива яқинида кўп қаватли замонавий уйлар қурилиб, шаҳарнинг тарихий қисмида яшаётган аҳоли босқичма-босқич шу ерга кўчирилиши ҳақида ҳам гап-сўзлар бор.

Лекин, Хива “Ичан қалъа” музей-қўриқхонаси илмий котиби Дилмурод Бобожонов шаҳарнинг тарихий қисми бўлган Ичан қалъада азалдан истиқомат қилиб келаëтган аҳоли кўчирилмаслигини билдирган.

Хива 1968 йили Марказий Осиëда биринчи мартда ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мероси рўйхатига одамлар тарихий изчилликда узлуксиз яшаëтган қадимий шаҳар сифатида киритилган.