Андижон вилоят, Олтинкўл туманидаги 4- ўрта мактабнинг 7- синф ўқувчиси 26 сентябрь куни ўз уйининг оғилхонасида осилган ҳолатда топилди.
Туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг Озодликка айтишича¸ юз берган воқеа юзасидан туман прокуратураси ўз суриштирувини бошлаган.
Олтинкўл туманида яшовчиларидан бирининг иддао қилишича¸ ўқувчи мактабда изза қилингани ортидан ўз жонига қасд қилган.
Олтинкўл туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Парпиевнинг Озодликка айтишича¸ ўқувчини ҳеч ким изза қилмаган ва у мактаб аълочиларидан бири бўлган. Ўзини осиб ўлдирган ўқувчи 27 сентябрь куни Олтинкўл туманида дафн қилинди.
Нима бўлган эди?
Озодлик мактаб ўқитувчилари¸ ва марҳумнинг қўшнилари ëрдамида воқеага ойдинлик киритишга уринди.
Олтинкўлдаги 4- мактаб директори Олтиной Ҳалилованинг Озодликка айтишича¸ 7- синф ўқувчиси ўша куни “ҳушчақчақ холда мактабга келган ва дарсларни яхши ўзлаштириб уйига кетган”.
Марҳумнинг қўшнисига кўра¸ “7- синф ўқувчиси мактабдан келиб, ховли четидаги оғилхонага бориб қўй боғлайдиган арқон билан оғилхона шифтидаги ëғоч тўсинга ўзини осиб қўйган”.
- Дод-вой кўтарилди¸ милиция келди. Қўни-қўшни тўпланди. Онаси ҳушидан кетиб қолди¸- деди марҳумнинг қўшниси Озодлик билан суҳбатда.
"Болани ўзини ўлдиришга олиб боришган", деган иддаолар кескин инкор этилди
7- синф ўқувчиси оғилхонада ўзини осган ҳолда топилгани ортидан у яшайдиган маҳаллада турли иддаолар тарқади. Айни маҳаллада яшовчилардан бирининг Озодликка айтишича, “Доим аъло баҳо олиб келган ўқувчи икки олгани боис ўз жонига қасд қилган”.
Озодликка етиб келган яна бир иддаолардан бири эса, “севгиси рад қилингани боис, ўспирин йигит жонига қасд қилгани” ҳақидадир.
Олтинкўл туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Парпиевнинг Озодликка айтишича¸ ўқувчини ҳеч ким изза қилмаган ва у мактаб аълочиларидан бири бўлган:
- Воқеани эшитган заҳотим синф раҳбари билан гаплашдим. "Энг аълочи¸ энг ҳушчақчақ ўқувчи", деб тарифлади. Оиласи ҳам яхши¸ ўзига тўқ. Психолог бориб ўрганди вазиятни. Психологнинг айтишича, ўсмирликда гормонлар ўзгариши боис, шундай руҳий ҳолат бўлар экан. Бу руҳий ҳолатда баъзи ўсмирлар ўз жонига қасд қилиши мумкин экан. Албатта, ўқувчининг ўз жонига қасд қилгани ортидан турли миш-мишлар тарқайди. Воқеани ўрганган киши сифатида бу миш-мишларда асос йўқлигини аниқ айтаман.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Айни пайтда Олтинкўл туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Парпиев барча ўспиринлар ҳаëтида бўлгани каби¸ марҳум ҳам “севги боис изтиробга тушган бўлиши” эҳтимолини ҳам назардан қочирмади.
Мулозимга кўра¸ бу ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ тумандаги биринчи ҳолат эмас:
- Афсус, биринчи ҳолат эмас, ўтган йили ҳам бизнинг туманда мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. У ҳам аълочи эди. Шундай ҳолларнинг олдини олиш учун мактабларда психиатр врачлар иштирокида ўқувчилар билан суҳбат ўтказяпмиз.
Озодлик жорий йилда Яккабоғ¸ Андижон¸ Тошкент ва Самарқанд шахарларида ўқувчиларнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида ҳабар қилган эди.
Жорий йил 16 март куни президент Мирзиёев ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.