2019 йилда ИИВ Академиясига ўқишга киришда номзодларнинг натижаларини сохталаштириш, ўз билимига ишонган номзодларнинг натижаларини атайлаб паст баҳолаш ҳолатлари кузатилди.
Бу Ўзбекистон Ички ишлар Академияси ўқитувчиси билдирган хулосадир.
Қуйида Академия ўқитувчисининг мактуби таҳрирсиз нашр қилинмоқда:
Жорий йил имтиҳон назоратига Ички Ишлар Вазирлиги инспекция ходимлари жалб қилинганига қарамасдан таниш-билишчилик, порахўрлик асосида ўқишга киритиш ҳолатлари ўтган йилгидан кам бўлмади.
Бунинг асосий сабабларидан бири ўтган йилги порахўрликдан хабардор бўлган ақлли ёшларнинг кўпи бу йил ИИВ Академиясига ўқишга ҳужжат тоширмагани бўлди.
Бундан ташқари 2020-йилдан Академияга асосан ИИВ лицейларининг битирувчилари ва ходимлар ўқишга қабул қилиниши белгилангани учун ҳам “бу йил охирги имконият” деб, барча ўқишга кириш учун ҳаракат қилди.
Албатта, бу йил ўқишга кириш 100 фоиз пора билан бўлди дейиш нотўғри, чунки кимлардир “ўқишга ўз кучим билан кирдим” дейиши ёки ота-оналардан кимлардир “ҳақиқат бўлди, фарзандим ўз кучи билан кирди,” дейиши учун ҳам, айрим номзодларни билимига қараб, ўқишга қабул қилишди.
Аммо бу кўрсаткич 30 фоиздан ортмади десам, хато бўлмайди.
Комиссиялар қўйган баҳолар нега фарқли?
Энг ачинарлиси ўша ўз билими билан кирган 30 фоиз абитуриентдан кўра билимлироқ бўлган кўплаб номзоднинг ўқишга кира олмагани бўлди.
Бунга сабаб - суҳбат вақтида унга масъул бўлган учта комиссиядан 1 - ва 2-комиссиядаги ўқитувчилар асосан номзодларга паст баҳо қўйдилар.
Фақат 3– комиссиядагилар абитурентлар билимини баландроқ баҳолади.
Бунга сабаб оддий: 1 ва 2- комиссиядаги ўқитувчилар катта балл қўйгани қўрқишди.
Бу комиссиялардаги ўқиутвчилар уларни “пора олиб ёки моддий манфаат учун баланд баҳо қўяяпсизлар” деб айблашларидан қўрқдилар.
3-комиссиядагилар эса ўз қилмишларини биров билиб қолмаслиги учун айни комиссияга имтиҳон топширган номзодларга ҳам баланд баҳо қўйишди.
Чунки бу комиссияга асосан пора бериб ўқишга кираётган номзодлар киритилган эди.
Қарабсизки, пора асосида ўқишга кирганларнинг аксари айнан 3-комиссияда суҳбат топширганлар бўлди.
Баён қандай сохталаштирилди?
Дастлабки танловда баён ва жисмоний тайёргарлик натижалари сохталаштирилди.
Айниқса, баён қандай сохталаштирилганига тўхталиб ўтмоқчиман.
Пора берган номзодларнинг баёнлари уларнинг ўзлари томонидан ёзилмаган.
Бу йил имтиҳонларни назорат қилишга ИИВ махсус инспекцияси жалб қилингани учун баёнларни сохталаштиришнинг бошқа усули ўйлаб топилди.
Баён тугагач, ИИВ Академияси ўқув бўлими ходимлари номерлаш баҳонаси билан баён дафтарларини қўшни бинода жойлашган ўқув бўлимига олиб кетишди.
У ерда эса пора берган номзодларнинг дафтарлари олдиндан ёзиб куйилган дафтарга алмаштирилди, уларга номер куйилди ва баённи текширишга масъул бўлган ходимларга топширилди.
Дафтарларнинг алмаштириб қўйилганидан бехабар текширувчилар эса пора берган номзодларга катта балл қўйишди.
Текширувчилар бошқа коллеж ва мактаблардан жалб қилинган ўкитувчилар бўлиб, уларда номзодларнинг баёндаги ҳуснихати билан шахсий делолардаги ҳуснихатини солиштириб чиқиш имкони йўқ эди.
Номзодларнинг баёнини олдиндан ёзиб қўйиш билан ўқув бўлимининг икки ходими шуғулланди.
Буни аниқлаш жуда осон: ўқишга кирган номзодларнинг баёнлари билан уларнинг шахсий делосидаги анкеталарини солиштириб чиқишнинг ўзи кифоя.
Президент Девони кўрсатмаси нега бажарилмади?
Бу йил кириш имтиҳонлари Ички Ишлар Вазирлиги томонидан ўтказилиши керак эди.
Президент Девони Ички Ишлар Вазирлигига шундай кўрсатма берган эди.
Аммо имтиҳон бошланишидан ўн кунча олдин ИИВ Академияси имтиҳон ўтказишни яна ўзига қайтариб олди.
Академиядагилар Ички Ишлар Вазирлигига имтиҳон ўтказиш билан боғлик режа ва дастурларни, имтиҳонга жалб қилиниши керак бўлган ходимларнинг рўйхатини бермади.
Суҳбат натижалари нега эълон қилинмади?
Бу йил ҳам ўтган йилда бўлгани каби номзодларнинг суҳбатдаги баллари ўша ернинг ўзида номзодга айтилмади.
Бир неча кундан кейин сайтдан билиб олишди.
Аммо фурсат ўтган эди. Апелляция қиламан деб шикоят қилган номзодларга “мандатдан кейин апелляция ўтказилади, ҳозир мумкин эмас, чунки суҳбат кетмоқда,” деб, уларни алдаб жўнатиб юборишди.
Мандатдан кейин эса барчанинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, қайтариб юборишди.
Апелляцияда кимнидир бали кўтарилиб ўқишга қабул қилган ҳолати кузатилмади. Натижалар ўзгартирилмади, ўзгартирилмайди ҳам.
Нима учун якуний суҳбат натижалари суҳбат вақтининг ўзида номзодга дарҳол эълон қилинмади? Нима учун якуний суҳбатни кўрсатиб турувчи телевизион экраннинг овози йўқ эди?
Бу саволга Академиядаги масъуллар “имтиҳонга кирмаган номзодлар билетдаги саволларни ёзиб олишади” деб жавоб беришади.
Аслида бундай эмас.
Биринчидан, экран ИИВ Академиясининг ичида жойлашган меҳмонхона биносининг ичга қўйилган эди.
Иккинчидан, экранни кўришга фақат ва фақат номзоднинг ота-онасига, уларнинг паспортларини текшириб кўргач, рухсат этилди, холос.
Ота-она учун савол ёзишнинг нима кераги бор?
Бундан ташқари билетдаги саволларни кўпайтириб қўйишса, ким унинг барчасига тайёрлана олади?
Ахир бир йил тайёрлана олмаган номзод қандай қилиб 3-4 куннинг ичида тайёрланиши мумкин?
Мақсад битта – ўзганинг натижасини ва қандай жавоб берганини билиб қолмаслиги лозим.
Нега фақат номзодларнинг шахсий номерлари берилди?
Нима учун 2019 йилдан бошлаб Давлат Тест Маркази жавоблар варақасида шахсий рақамлар билан бирга номзодларнинг исм ва фамилияси ҳам эълон қилмокдаю, бизда тескариси - сайтда фақат номзодларнинг шахсий номерлари берилди холос?
Сабаб битта: биров-бировнинг олган ҳақиқий баҳосини билиб қолмаслиги шарт.
Ўқишга кирган номзодлардан қайта баён ёки жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон олиб кўрилса ёхуд тарих, она-тили, ҳуқуқ фанларидан тест олиб кўрилса, ҳақиқат юзага чиқади.
ИИВ Академияси ўқитувчиси
Эслатма: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.